ЭКСТРЕМИЗМ — АСР ВАБОСИ

ХХI аср-интернет, ажойиб кашфиётлар асри, инсон Коинот сирлари қўйнига кириб бораётган аср, ахборот ва ғоят улкан техникавий имкониятлар асри бўлмоқда. Шу даврга келиб инсонларнинг, айниқса ёшларнинг ҳаётига, келажагига хавф солувчи экстремизм, терроризм ва шунга ўхшаш қатлам пайдо бўлди. Ер юзида бу офатга қарши кескин кураш олиб борилмоқда, жумладан ҳар бир таълим муассасаларида таълим олаётган вояга етмаганларни бу хавфдан огоҳ этиш, ушбу оқимларнинг тузоғига тушиб қолишдан сақлаш мақсадида соҳа мутахассислари билан ҳамкорликда тарғибот-ташвиқот ишлари сифатини оширмоғимиз зарур. Манбаларда келтирилишича диний экстремизм ва терроризм каби ҳодисаларнинг илдизлари узоқ тарихга бориб тақалишидан далолат беради. Шундай бўлса-да, улар ҳеч қачон ижтимоий барқарорлик ва тараққиёт учун бугунгидек таҳдид солмаганини қайд этиш лозим. Зеро, ҳозирда диний экстремизм ва терроризм глобал характерга эга бўлиб, дунёнинг барча мамлакатлари ҳамда минтақаларига бирдек хавф солмоқда. Шундай экан, унинг олдини олиш, унга қарши курашиш инсониятнинг истиқболига дахлдор масалага айланганини эътироф этиш жоиз. Мазкур йўналишда кишилик жамияти олдида комплекс вазифалар долзарб бўлиб турибди.
Ислом шиорларидан танлаб фойдаланадиган, диннинг асл моҳиятини бузиб талқин қиладиган экстремистик тузилмалар худди юқоридаги каби гўёки, кенг халқ оммаси билан узвий бирлик мавжудлигини кўрсатиш, аслида эса жамиятда тартибсизлик ва парокандаликни юзага келтириш учун маблағ йиғиш, асосий таҳдид манбаи сифатида одамлар онгу шурини эгаллаш, жамиятда беқарорлик келтириб чиқариш орқали ҳокимиятга эришишдек эҳтиёжларини қондириш мақсадини кўзлайди.
Хозирги кунда айрим давлатларда ғулувга кетган, қўли қонга ботган бир қанча экстремистик гуруҳлар фаолият олиб бораётгани барчани бирдек ташвишга солмоқда. Ғарб мамлакатларининг баъзи оммавий ахборот воситалари экстремистик гуруҳларнинг қўпорувчилик ҳаракатларини Ислом дини билан боғлашга уринмоқдалар. Ваҳоланки, Ислом дини экстремизмни, терроризмни қаттиқ қоралайди, лаънатлайди. Динимиз экстремизмга қарши курашни ўн беш аср олдин бошлаб юборган. Ислом мўътадил экани унинг ҳар қандай экстремизмга, хунрезликка қарши эканлигининг яққол исботидир.
Турли экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолган кимсаларнинг гумроҳлиги шундаки, кўр кўрни қоронғида топибди деганидай, улар фақат ўзларига ўхшаш кишиларнинг гапларига ишонишади. Самимий насиҳат қилиб, тўғри йўлни кўрсатган олимлар у ёқда турсин, баъзан айримлари ота-онаси, акасини ҳам тан олишмайди. Улар ҳақида Қуръони каримда: “Парвардигорининг оятлари билан насиҳат қилинганидан сўнг, улардан юз ўгирган кимсадан кўра ким ҳам золимроқдир?! Албатта, Биз (ундай) жиноятчилардан (дунё ва охиратда) интиқом олувчидирмиз” (Сажда сураси, 22-оят), деб қатьий огоҳлантирилган.
Имом хатибларимизнинг зиммаларидаги муҳим вазифаларнинг бири халқимизни, хусусан ёшларни турли бузғунчи ғоялардан, жумладан экстремистик тоифаларнинг гирдобига илиниб қолишининг олдини олиш учун бор чораларни қўллаш ва уларга аниқ далиллар билан раддиялар беришдир. Илоҳим юртимизни турли фитналардан Ўзи асрасин!!!

У.Машарипов
Қўшкўпир тумани ‘’Хазрати Эшон бобо’’ жоме масжиди
имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *