РАМАЗОНИ ШАРИФ МУБОРАК АЗИЗЛАР!

Аллоҳ, таолога беаъдад шукрлар бўлсинки юртимизни тинч, қалбларимизни хотиржам қилиб қўйди. Мана барчаларимиз интиқиб кутганимиз ойларнинг султони Рамазони шариф ҳам кириб келди. Хақиқатдан ҳам рамазон ойи нафақат рўза тутиш билан балки ейиш ичишдан, хирсу шаҳватдан тийилиш, барча ёмон одатлардан ўзини тийиш, гўзал одоб ахлоқ билан зийнатланиш, бир-бировга ёрдам бериш, покланиш ойидир.
Рўза араб тилида «сиём» деб аталиб, луғатда бир нарсадан ўзини тиймоқликни билдиради. Шариат истилоҳида эса, «тонг отгандан то қуёш ботгунча ният билан рўзани очувчи нарсалардан ўзни тиймоқликдир».Рўзани очувчи нарсалар деганда емоқ, ичмоқ, жинсий яқинлик қилмоқ ва рўзани очиб юборадиган бошқа нарсалар тушунилади.
Рамазон ойи рўзасини тутмоқ иккинчи ҳижрий санада фарз қилинган бўлиб, рўза тутишнинг инсон учун фойдалари жуда ҳам кўп. Аллоҳ таоло бандаларни рўза тутишга буюриб: «Эй иймон келтирганлар, сизларга ҳам, худди сиздан олдин ўтганларга фарз қилинганидек, рўза фарз қилинди, шоядки, тақво қилсангиз», деган (Бақара: 183-184).
Рўза тутган инсон доимо Аллоҳ таолонинг кузатиб турганини ҳис қилиб яшайди. Шунинг учун ўзи ёлғиз қолганида ҳам рўзасини очишга журъат этмайди. Доимий равишда Аллоҳни ҳис этиб туриш эса, киши қалбини мусаффо қилади. Унинг қалбига Аллоҳ муҳаббатидан бошқа нарса сиғмай қолади. Рўзадор киши ўз-ўзидан ёмонлик қила олмай қолиши ҳам шундан.
Охирги йилларда гувох бўлмоқдамизки рамазон ойида халқимизни бахри дили очилиб ўзаро инсоний меҳр-муҳаббатлари зиёда бўлмоқда. Ушбу ойда бир-бирларига моддий ва маънавий кўмак беришмоқда. Айниқса, касалманд, ёлғиз, бева бечора, етим есирлар ва ногиронлар холидан хабар олиниб уларга меҳр мурувват ишларини олиб боришмоқда. Шартнома асосида ўқиётган кам таъминланган оилалар фарзандларининг шартнома маблағларини тўлаб беришмоқда. Бу нарса юртимизда яшаётган хар бир инсонннинг бахтиёр, ўзаро мехр-муҳаббатли яшашига хизмат қилмоқда.
Буларнинг барчаси жамиятимиз тинч бўлишига гаров бўлиб хизмат қилмоқда. Бу эса Яратган парвардигор юртимизга оқил юртбошини бергани ва оқилона олиб борилган сиёсат самараси десак ҳечам муболаға бўлмайди.
Барчамизга маълумки, Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарорини имзолади. Унга кўра, 2020 йил муборак Рамазон ойининг бошланиши 24-апрель кунига тўғри келиши ҳақидаги Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ахбороти маълумот учун қабул қилинди.
Ушбу маълумотни ҳам сиз азизларга етказишлигимиз керакки, хозирда дунё бўйлаб жумладан, Ўзбекистонимизда ҳам Коронавирус пандемияси тарқалганидан барчамиз хабардормиз. Коронавирус, яъни янги вабо бугун бутун инсониятга хавф солмоқда. Мамлакатимизда бу хатарни бартараф этиш учун барча чоралар кўрилмоқда. Коронавирус аниқланиши билан қарантин эълон қилинди. Давлатимиз томонидан кўрилаётган чоралар, одамларимизнинг касалликни юқтириб олиш эҳтимолини имкон қадар камайтириш, инфекциянинг тарқалишини жиловлашга қаратилган.
Бир нарса аниқки, давлатимиз томонидан фуқароларнинг соғлигини сақлаш мақсадида қанчадан қанча маблағ ажратгани, қатъий кураш олиб боргани билан, одамларимиз шифокорларнинг тавсиясига амал қилмаса, карантин қоидаларига риоя этмаса, барча ҳаракатлар беҳуда кетиши тайин.
Ушбу вируснинг кенг тарқалишини олдини олиш мақсадида жорий йилнинг 13-апрел куни Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг Рамазон ойини ўтказиш бўйича эълон қилинган баёнотининг мазмун моҳияти ҳам фуқароларга тўлиқ етказилиб, юртимизда карантин эълон қилингани муносабати билан халқимиз Рамазон ойи рўзаси, ифторликлар, таровеҳ намозларини уйларида адо қилишлари кераклиги тушунтирилди. Ифторлик савобидан умидвор бўлган саҳоватпеша инсонларимиз, ифторлик маросимлари учун мўлжалланган маблағларини ва закотларини Вақф хайрия жамоат фондига ўтказиш ёки вилоятимиздаги Хомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказларига топширишликлари бўйича хам фуқароларимизга мурожаат қилиниб, халқимизга етказилиб келинмоқда.
Ха азизлар! Ушбу синовли кунларда давлатимиз томонидан фуқароаримизнинг соғлиги йўлида чиқарилаётган қарор ва фармонларга итоат қилиб, барчаларимиз Рамазон рўзасини тутиб, сахарлик ва ифторликларни, таровеҳ намозларини ўқишликни ўз уйимиз, оиламиз даврасида кўтаринки руҳда ўтказайлик.
Аллоҳ таоло ушбу синовни тез орада бутун дунё юзидан, жонажон ватанимиздан ҳам тез орада кўтариб, барчаларимизни соғ-саломат холда ўзининг химоясида сақласин. Барчамизнинг ушбу Рамазон ойида қиладиган дуоларимизни ҳам Яратган ўзи мустажоб қилсин. Барчамизга Рамазони шариф муборак бўлсин Азиз юртдошлар.

Абдуллаев Хайрулло
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хоразм вилояти вакили

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *