ТОМОРҚА РИЗҚ РЎЗ МАНБАИ

Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсинки, баҳор фаслига ҳам етиб келдик. Юртимиз тупроғи серунум, гўзал боғлари серҳосил эканлигидан қанчалар ғурурлансак арзийди. Бу ҳам Аллоҳ таоло бизларга кўплаб яхшиликларни ато этишни ҳоҳлаганининг аломатидир. Бунинг нақадар ҳақиқат эканлигини қуйидаги ояти каримадан ҳам билиб олишимиз мумкин. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

“Яхши шаҳар (ери)нинг гиёҳи Роббининг изни билан (униб) чиқаверади. Ёмон (шаҳарнинг ери эса) фақат унумсиз бўлур” (Аъроф сураси 58-оят).

Деҳқончилик, боғдорчилик билан шуғулланиш шарафли вазифадир. Бу соҳа кишиларига доимо Аллоҳ таоло мадад беради. Чунки, улар ерга ниҳол ёки уруғ қадар еканлар, ҳаёлан Аллоҳ билан боғланиб, Ундан ҳосилнинг унумдор бўлишини сўрайдилар. Қўлларидан келган барча ишни бажариб, яна Аллоҳга таваккул қиладилар. Таваккулларининг самараси ўлароқ ҳосиллари кам бўлса баракали, кўп бўлса даромадли бўлади. Шуларни ҳис қилган инсон деҳқончилик, боғдорчилик ва қишлоқ хўжалиги ишларига жиддий эътибор беради, унга мухаббат ва масъулият билан ёндашади.

Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳам деҳқончиликнинг фазилати борасида алоҳида тўхталиб ўтганлар. Жумладан, Анас ибн Молик (р.а.)дан ривоят қилинган бир ҳадисда  Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай деганлар: Мусулмон инсон кўчат экса, кейин бирор инсон ,қуш ёки ҳайвон ундан еса, бунинг учун эккан одамга садақа қилганнинг савоби ёзилади” (Имом Муслим ривояти).

Қурони каримнинг кўплаб оятларида ерни ардоқлаб, ризқ-рўз етиштираётган инсонларга Аллоҳ таоло доимо мадад бериб туриши баён этилган. Яъни, яхши ният билан деҳқончилик қилаётган одам хаёлан Аллоҳ билан боғланиб, ундан ҳосилнинг мўл-кўл бўлишини сўрайди. Деҳқончиликда талаб этиладиган агротехник тадбирларни ўрнига қўйиб, яна Аллоҳга таваккул қиладилар. Таваккулларнинг самараси ўлароқ ҳосиллари кам бўлса баракали, кўп бўлса даромадли бўлади.

Пайғамбаримиз (С.А.В) “Агар бирортангизда (ортиқча) ер бўлса, ўз биродарингизга ҳадя қилинг ёки у ерга зироат экинг” деб маслаҳат берганлар.

Ишнинг кўзини биладиган, меҳнатдан қочмайдиган одамлар томорқанинг орқасидан қаддини кўтариб олди. “Пахтакор” массивидаги аҳолининг аксарияти томорқачилик тўкин-сочинлик, фаровонлик даромад манбаи эканини яхши билади. Улар томорқасида асосан эрта пишар картошка, помидор, булғор қалампири, сабзи, бодринг етиштирадилар, йилига икки-уч бор ҳосил олишади. Иссиқхона ташкил этиб, лимон етиштираётган, помидор, бодрингдан ҳосил олаётган миришкорлар тобора кўпаймоқда. Бу қишлоқнинг одамлари ток кўчатларини меҳр билан парваришлаб, узумдан баракали ҳосил етиштириш ҳадисини олишган. Буларнинг ҳаммаси оила бюджетини мустаҳкамламоқда. Мана шундай имкониятларга эга бўлганимиз учун Яратганга шукрона айтмоғимиз керак.

Кузатишлар давомида ҳовли-жойи, ери бўла туриб, битта кичик рўзғорга етарли маҳсулотларни етиштира олмаётганлар учрамоқда. Оддий ош кўки ёки кўкпиёз учун бозорга юбораётганларни кўряпмиз. Улар ўринсиз баҳоналарни айтишади, холос. Аслида туманимиз шароитида ерга чўп суқак кўкаради. Изланиш, бел оғритиб ишлаш зарур. Уларга томорқанга қара бўлмаса, помидор, бодринг, карма, қалампир кўчатларини ўтқазиб қўй, умид билан экилган экин ўз ҳосилини беради. Ана ўшанда роҳат қиласан, дейман.

Аллоҳ ерда инсон учун барча қулайликларни мужассам қилган. Ер ҳалолликни, эътиборни талаб қилади. Ким ерни алдамай деса, элни, ўзини алдаган бўлади. Қолаверса, риз-рўз топишда ҳалол меҳнатнинг ўрни катта. Пайғамбаримизнинг (С.А.В) энг яхши ризқ ҳақидаги: “Кишининг ўз қўли билан қилган меҳнати ҳамда ҳар қандай шубҳам ва ҳиёнатдан ҳоли бўлган савдо” ҳадисларига амал қилиб, ризққа ҳалол йўл билан эришишимиз керак.

                                                           Ш.Болтаев

Ҳазорасп тумани “Шайх Қосим бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *