ДЕҲҚОНЧИЛИК ҲАЛОЛЛИК МАНБАИ

Динимизда деҳқончилик, ерни обод қилиш масаласига алоҳида эътибор берилган. Деҳқончилик улуғ, фазилатли амалдир. Кўплаб ояти карималарда боғлар ва далаларнинг ҳосили Аллоҳ таолонинг изни ва иродаси билан етилиши баён этилган. Бу эса деҳқон ва боғбонларнинг меҳнати Аллоҳнинг остида эканига ва Аллоҳ таоло уларга кўмакчилигига далолат қилади. Зеро, деҳқончилик улуғ ибодатлардан саналади. Чунки деҳқончиликка назар солинса, бу касб инсоннинг қалбини Аллоҳ таолонинг тоатига яқин қилади. Деҳқон одам уруғни экади. Осмондан ёмғир ёғишини Аллоҳ таолодан сўрайди. Сўнг, ўша эккан уруғидан ўсимлик униб чиқишидаги Аллоҳ таолонинг қудратига гувоҳ бўлиб туради.

Бу билан деҳқонда икки сифат – Аллоҳга иймон ва таваккал жамланган бўлади. Чунки, деҳқончиликда, бошқа касблардан кўра таваккал кўпроқ бўлади. Ерга уруғ экилди, энди қолгани Аллоҳдан, деҳқон одам шунга таваккал қилади. Қалби Аллоҳ таолога доим боғланиб туради.Шунинг учун ҳам баъзи уламоларимиз деҳқончиликни энг афзал касб деганлар.

Ер юзида экин экиш, деҳқончилик қилиш ризқ топишнинг энг яхши воситадир. Инсон ҳалол ризқ талабида касб қилиши, унинг азизлигини зиёда қилади.

Деҳқон олий сифатлар соҳибидир. Жумладан, унинг имони мустаҳкам, қалби доимо Аллоҳга боғланган ва Раббига таваккули кучли бўлади. Уруғни ерга экиб, қолганини Аллоҳга топширади. Мўтадил обҳаво, ёмғир ва ҳосилни баракали бўлишини сўраб, Аллоҳ таолога дуо қилади. Деҳқон Аллоҳ таоло уруғни қандай ундириб, ўстирётганига гувоҳ бўлади. Шунинг учун, Раббининг қудратини қалбидан ҳис қилади. Бу борада Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Сизлар экаётган зироатларингизни (ўйлаб) кўрдингизми?!. Уни сизлар ундирурмисиз ёки Биз ундирувчимизми?!” (Воқеа сураси, 63-64 оятлар). Бошқа оятда бундай дейилади: “У (Аллоҳ) шундай зотки, (сўритокларга) кўтариб қўйиладиган ва кўтариб қўйилмайдиган (узумзор) боғларни, таъми турлича (бўлган) хурмо ва мевали дарахтларни, (ранг ва таъмда) ўхшаш ва ўхшамас зайтун ва анорларни пайдо қилди. Мева ҳосил қилганда, мевасидан тановул қилингиз! Ҳосил йиғиш кунида (муҳтожларга) ҳаққини (ушри ва хирожини) берингиз ва исроф қилмангиз! Албатта, У исроф қилувчиларни севмайди” (Анъом сураси, 141-оят).

Экин экиш савобли иш. Мўмин яхши ният билан кўчат экса улуғ ажр-савобга эга бўлади. Жобир (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қайси мусулмон экин экса, ундан ейилса унга садақа бўлади. Ўғирлангани ҳам унинг учун садақадир. Йиртқичлар егани ҳам унинг учун садақадир. Қушлар егани ҳам унинг учун садақадир. Ўша экиндан бирортаси манфаат олса унинг учун садақа бўлади”, дедилар” (Имом Муслим ривояти). Ҳадисдан кўчат экиш, деҳқончилик қилиш нечоғлик улуғ ва фазилатлик касб экани маълум бўлади. Кўчат экмоқчи бўлган киши нафақат ўзини, балки, ён атрофдагилар, келажак авлодларни ҳам манфаатини ўйлаши керак. Бу амалнинг деҳқонга нафақат тириклигида, балки, вафотидан сўнг ҳам манфаати етиб туради.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) умматларини кўчат ўтказиш ва экин экишга тарғиб қилганлар. Анас ибн Молик (розияллоҳи анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Агар қиёмат бўлиб қолса ва биронтангизнинг қўлида хурмо дарахти бўлса, уни экиб қўйсин”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу бўш турган ерни кўриб, кўчат экишга буюрибгина қолмай балки ўзлари ҳам кўчат экишда иштирок этганлар.

Динимизда экин, кўчат экиш, деҳқончилик билан шуғулланишнинг ҳукми фарзи кифоядир. Баъзилар адо қилсалар, қолган инсонлардан соқит бўлади. Агар ҳеч ким қилмаса, барча одамлар бирдек гуноҳкор бўладилар. Ер юзида экин, кўчат экиш, деҳқончилик қилишнинг фарзи кифоя бўлиши инсонлар ва бошқа мавжудотларнинг ризқи унга боғлиқ бўлганлиги учундир.

Ер юзида илк бор қилинган меҳнат ҳам айнан деҳқончилик бўлган. Хабарларда келадики, Одам алайҳиссалом жаннатдан ер юзига туширилганида, Жаброил алайҳиссалом буғдой олиб келиб, ерга экишга буюради. Одам алайҳиссалом буғдойни ерга эккан, суғорган ва ҳосилни йиғиштириб олганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг касбларингизнинг энг яхшиси ер ҳайдаш (деҳқончилик) ва қўй боқишдир. У пайғамбарларнинг амалидандир. Ер ҳайдовчи деҳқон ўзининг амали туфайли етган ҳар бир нарса учун ажр олади”, дедилар.

Деҳқончилик билан шуғулланиб, ҳалол меҳнат қилган, ҳалол ризқ топган, ўзи ва бошқаларнинг манфаати учун кўчат ўтказган инсон ажру мукофотга эришади. Кўчат ўтказиш нақадар улуғ иш. Буни дунёда қилинган солиҳ амал учун жаннатда мукофат сифатида бир дарахт экилишидан ҳам билиш мумкин. Жобир (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким: “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи (Аллоҳ таолони барча айбу нуқсонлардан поклайман, ҳамд Унгагина хосдир), деса у учун жаннатда бир хурмо кўчати экилади”, дедилар” (Имом Термизий ривояти). Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Исро кечаси Иброҳим (алайҳиссалом) билан кўришдим. У менга: «Эй Муҳаммад (соллаллҳу алайҳи ва саллам), умматингга мендан салом йўлла. Уларга хабар бер: “Жаннатнинг тупроғи хушбўй, суви шириндир. У бир текислик бўлиб, унга кўчат ўтқазиш учун: “Субҳоналлоҳи вал ҳамдулиллаҳи ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар (Аллоҳ таолони барча айбу нуқсондан поклайман, ҳамд Унгагина хосдир. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. Аллоҳ буюк Зотдир)”, дейиш керак”, деди (Имом Термизий ривояти).

 

 

 

Э.Қутлиев

Хонқа тумани “Жирмиз ота” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *