ТОМОРҚАДАН УНУМЛИ ФОЙДАЛАНАЙЛИК

Томорқа-ризқ-насиба, мўмай даромад манбаи. Унинг дастурхонларимиз тўкинлиги, аҳоли турмуш фаровонлиги, юрт ободлигини таъминлашдаги ўрнининг эса қиёси йўқ. Ҳамма гап ундан нечоғли оқилона фойдалана олишда.

Бугунги кунда агар ҳар бир оила ўз томорқа хўжалигидан унумли фойдаланса, экин экиш билан бирга, уй ҳайвонларини ҳам парваришласа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан ўзини-ўзи тўла таъминлайди. Натижада бозордан сотиб олишга кетадиган маблағни бошқа эҳтиёжларига ишлатиш мумкин. Қолаверса, рўзғордан ортган маҳсулотни бозорга чиқарган оиланинг моддий аҳволи янада яхшиланади. Шунинг учун ҳам ҳозирда томорқа ва деҳқон хўжаликларини ривожлантиришга алоҳида эътибор берилмоқда.

Бугунги кунда аҳолининг истеъмол товарларига, жумладан, озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаби ўсиб бораётир. Бу масала ўз навбатида дунёнинг барча мамлакатлари олдига аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда устувор вазифа қилиб қўймоқда. Мазкур муаммони ҳал қилишда аҳолининг томорқа хўжаликларини ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади. Бу эса юртдошларимизнинг турмуш даражасини янада яхшиланишига, қўшимча даромад манбаларига эга бўлишига, озиқ-овқат мўл-кўлчилигига эришилишига, оилаларнинг моддий таъминотини яхшиланишига ва энг муҳими, аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилади.

Қурони каримнинг кўплаб оятларида ерни ардоқлаб, ризқ-рўз етиштираётган инсонларга Аллоҳ таоло доимо мадад бериб туриши баён этилган. Яъни, яхши ният билан деҳқончилик қилаётган одам хаёлан Аллоҳ билан боғланиб, ундан ҳосилнинг мўл-кўл бўлишини сўрайди. Деҳқончиликда талаб этиладиган агротехник тадбирларни ўрнига қўйиб, яна Аллоҳга таваккул қиладилар. Таваккулларнинг самараси ўлароқ ҳосиллари кам бўлса баракали, кўп бўлса даромадли бўлади.

Пайғамбаримиз (С.А.В) “Агар бирортангизда (ортиқча) ер бўлса, ўз биродарингизга ҳадя қилинг ёки у ерга зироат экинг” деб маслаҳат берганлар.

Ишнинг кўзини биладиган, меҳнатдан қочмайдиган одамлар томорқанинг орқасидан қаддини кўтариб олди.

Дарҳақиқат, деҳқонлардан ҳамма манфаат олади. Аллоҳ таоло уларни ҳамма жонзотнинг ризқига сабабчи қилиб қўйган. Шунинг учун ҳам Ислом уламоларининг фикридан келиб чиқиб, касбларнинг ичида деҳқончилик энг афзал касб сифатида баҳоланган.

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан “Қайси касб энг яхши?” деб сўрашди. У зот: “Киши ўз қўли билан меҳнат қилиши ва ҳар қандай яхши савдо”, дедилар” (Ҳоким ривояти).

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Сизлар экаётган зироатларингиз ҳақида ўйлаб кўрдингизми?! Уни сизлар ундирурмисиз ёки Биз ундирувчимизми?! Агар Биз хоҳласак, уни (офат юбориб) қуруқ чўп қилиб қўйган бўлур эдик, сизлар эса ажабланибгина қолаверар (ва айтар) эдингиз: “Бизлар зиён кўрувчилармиз. Балки бизлар (ризқимиздан) маҳрумдирмиз” (деб надоматда қолган бўлур эдингиз) (Воқеа, 63 – 67).

“Деҳқончилик билан шуғулланаётган киши ушбу оятни ўқиб: “Экувчи, ўстирувчи, ундирувчи ўзингсан. Эй Аллоҳ, Пайғамбаримизга биздан салавот йўлла. Бизга баракотли ризқ бергин. Экинимизни ундир, биздан унинг зарарини йироқ қилгин. Бизни неъматларингга шукр қилувчилардан, берганларингни ёдда тутувчилардан қилгин. Эй оламлар Робби, бизга бу экинда барака бер”, дейиши матлубдир.

Она диёримизда истиқлол қуёши порлаган ондаёқ Биринчи Президентимиз томонидан мамлакат фуқаролари турмуш тарзини яхшилаш, аждодларимизнинг сўнмас қадриятларини тиклаш мақсадида бир қатор хайрли ишлар амалга оширилди. Шулардан бири мулкдорликка йўл очилиб, аҳолига ер-томорқа ажратилиб, ватанимизда истиқомат қилаётган ҳар бир киши ана шундай деҳқончиликдек фазилатли касб эгаси бўлишига имконият яратилди.

Анас (р.а.)дан: “Қиёмат қоим бўлиб қолиб, бировингизнинг қўлида кўчат бўлса ва қиёмат бўлгунча экишга имкони бўлса, эксин” (Имом Аҳмад ривояти).

Савоб ишнинг ҳеч кечи йўқ. Модомики, имкон, фурсат бор экан, жорий садақалардан бўлган кўчат ёки экин экишга шошилиб, томорка ерларимиздан унумли фойдаланйлик азизлар!

                                                                       О.Рўзметов

Боғот тумани “Толли бобо” масжиди имом-хатиби

 

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *