РАМАЗОН ОЙИНИНГ ФАЗИЛАТИДАН БАҲРАМАНД БЎЛАЙЛИК

Аллоҳ таъоло рамазон ойини биз мусулмонларга раҳмат,мағфират ва файзу баракот тўхтамасдан ёғиладиган улуғ бир фурсат ва неъмат қилиб берди.

Бу борада ҳадиси шарифда шундай дейилади:

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи вассаллам Рамазон ойини фазилати хусусида шундай марҳамат қиладилар: “Бу ойнинг аввали раҳматдир, ўртаси мағфират ва охири эса дўззахдан нажотдир”
(Имом Бухорий ривояти) Яна бошқа ҳадисда:

Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи вассаллам марҳамат қилдилар: “Ва бу Рамазон ойида мўминнинг ризқи зиёдаси билан берилади. Кимики бу муборак ойда рўзадорга ифторлик қилиб берса, унинг гуноҳлари кечирилади ва дўзахдан озод бўлади”. Саҳобалар сўрадилар: Ё Расулуллоҳ с.а.в. бизларнинг ҳаммамиз ҳам рўзадорга ифторлик қилиб беролмаймиз?! Шунда Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи вассаллам “Кимики рўзадорни бир ҳўплам сут билан ёки бир дона хурмо билан ёки бир қултум сув билан бўлса ҳам оғзини очтирса, Аллоҳ таоло унга Ўзи биладиган даражада савоб ёзади. Ва кимики бир рўзадорни тўйдирса, уни Парвардигори олам гуноҳларини кечиради, ичгандан кейин ҳечам чанқамайдиган оби кавсардан ичиради ва ҳатто жаннатга киритади. Шунингдек, унга ҳам рўзадорнинг савобидан қисқартирилмаган ҳолда шунча савоб берилади” — деб марҳамат қилдилар.

Рамазон ойида қилинадиган энг савобли амал бу ойда рўза тутишдир.

Рамазон рўзаси мусулмонларга фарз қилинган амал бўлиб, Қуръон оятлари билан собитдир. Рамазон рўзаси қибла Маккага ўзгарган йили, яъни ҳижрий 2 йили, шаъбон ойининг 18 куни фарз бўлган. Расулуллоҳ соллаллоху алайхи васаллам 9 йил фарз рўзани тутганлар. 

Аллоҳ таоло бандаларни рўза тутишга буюриб:

 «Эй имон келтирганлар, сизларга ҳам, худди сиздан олдин ўтганларга фарз қилинганидек, рўза фарз қилинди, шоядки, тақво қилсангиз», деган (Бақара: 183-184).

   Ва яна:

     «Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб, Қуръон туширилгандир. Сиздан ким ўша ойда ҳозир бўлса, бас, рўзасини тутсин», деган (Бақара. 185).

Бундан аввалги оятда рўза «саноқли кунлар» фарз қилингани айтилган эди. Бу оят ўша «саноқли кунлар – «Рамазон ойи» эканини баён қиляпти. Айни чоқда, Рамазон ойининг фазли ҳам зикр этиляпти.

 Рамазон ойи йил ичидаги энг афзал ой ҳисобланади. Унинг фазли ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар бор, улуғ уламоларнинг сўзлари, мадҳлар айтилган, китоблар битилган. Лекин бу ҳақдаги таърифларнинг гултожиси Роббил Оламийннинг Ўз каломида айтган мадҳидир. Бу Рамазони шарифнинг энг улкан фазилатлари ҳақидаги таърифдир. Яъни: «Унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб, Қуръон туширилгандир».

Рамазон саҳоват ойи Суюкли Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазонда ҳар доимгидан ҳам кўра кўпроқ саховат қилар эканлар, ҳатто Ибн Аббос р.а.нинг таъбири билан айтганда, эркин шамолдан ҳам саҳоватли бўлиб кетардилар. Шунинг учун ҳам мусулмонлар қадимдан закот ибодатини Рамазон ойида адо этишга одатланишган.

Бизлар ҳам зиммамиздаги вазифамиз бўлмиш закотларимиз, ушурларимиз, фидяларимиз ҳамда фитр садақаларимизни вақтида адо этиб, уларга белгиланган ажру савоблардан баҳраманд бўлайлик.

Шу ўринда ҳурматли ютбошимиз ташаббуслари ила ташкил қилинган “Саховат ва кўмак” Умумхалқ Ҳаракати номли дастурлари айни рамазон ойида бўлгани биз учун жуда катта савобларга эришиш учун, Аллоҳнинг розилигини топишмиз учун катта имконият бўлди десак муболаға бўлмайди.

Юртбошимизнинг сўзларидан иқтибос келтириб ўтамиз. Бу қанчалар ўринли таклиф бўлганини ўзингиз гувоҳ бўлинг.

Бугунги ўткинчи қийинчиликларга қарамасдан, рамазони шариф ҳар доимгидек хонадонларимизга, дилларимизга қувонч, юртимизга файзу барака бахш этади, бир-биримизга бўлган меҳр-оқибатимизни янада зиёда қилади, деб ишонаман.

 албатта, эҳтиёжманд, кам таъминланган инсонлар ва оилаларга меҳр ва ҳурмат билан ёрдам қўлини чўзадиган барча тадбиркорлар ва фермерларга, хўжалик бирлашмалари вакилларига, вазирлик, идора ва ташкилотларнинг ишчи-ходимларига бу қилган яхшиликлари бир неча бор зиёда бўлиб қайтади.

Мен, мана шу ташаббусни чин дилдан қўллаб-қувватлаб, бу савобли ишга муносиб ҳисса қўшаётган барча ватандошларимизга, саховатли тадбиркорларимизга муқаддас китобларимизда айтилган: “яхшиликнинг мукофоти – фақат яхшиликдир”, деган гапни яна бир бор эслатмоқчиман.

 “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати давлатимиз ва халқимиз бирлигини, унинг беқиёс қудратини ёрқин намоён этиб, янги тарихимиз саҳифаларидан мустаҳкам ўрин олади, деб ишонаман”, дейди муҳтарам юртбошимиз Шавкат Мирзиёев.

Юртбошимиз томонларидан алоҳида махсус Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш мақсадида қарорлари чиқарилаётгани юртимизда диний қадриятларимизга жуда катта эътибор берилаётгани қолаверса муқаддас динимизга бўлган ҳурмат эҳтиромни нишона десак, муболаға қилмаган бўламиз албатта.

Халқимиз азал азалдан меҳр-мурувватли, хайру-саховатли ва оғир кунда бир-бирига кўмагини ва ёрдамини аямайдиган маънавияти юксак халқдир. Бу қутлуғ рамазон ойида янада маънавиятимиз юксаклигини, ўз феълимиз, муомиламиз, қаноатимиз ва ўзаро бардошлилигимизни номоён этиб, қадри баланд, маънавият ва маърифатимиз нечоғли эканлигини кўрсатайлик. Қўлимиздан келганча бир-биримизга қўни қўшнимизга ва ёрдамга муҳтож кишиларга ёрдам беришимиз, бу лабатта динимиз кўрсатмаси эканини унутмайлик.

Азизлар бундай қадри баланд ва улуғ кунларда хайру саҳоватимиз билан атрофимиздаги кишиларга ёрдам берсак иншааллоҳ Аллоҳ таъоло бизнинг кўмагимизда бўлади.

Бу ҳақда Пайғамбаримизнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай ҳадислари бор:

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “ Ким бир мўминдан бир дунёвий ташвишини аритса, Аллоҳ таоло ундан қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади. Ким қийналган кишининг ишини енгиллатса, Аллоҳ таоло унга дунёю Охиратда енгиллик беради. Ким бир мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ унинг айбини бу дунёю охиритда беркитади.  Модомики, банда биродарининг ёрдамида экан, Аллоҳ унинг ёрдамида бўлади. 

Рамазон ойи шарофатидан юртимиздан ва бутун дунёдан Аллоҳ таъоло бу пандемия балосини кўтарсин,юртимиз яна обод ва фаровон бўлсин!

Р.Эрназаров.

Боғот тумани бош имом- хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *