Рамазон –мағфират ойи

 

Рамазон ойига соғ саломат етказган Парвардигори оламга беадад ҳамду санолар, шукроналар бўлсин, бу муборак ойда саловотларнинг барчаси Пайғамбаримиз Муҳуммад соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлсин ва асҳоби киромларга Аллоҳ таолонинг раҳмати ва мағфирати бўлсин.

Бу ой дуолар ижобат бўладиган, мақому дарожотлар кўтариладиган, чексиз савоблар ёзиладиган ва гуноҳлар кечириладиган ойдир. Ушбу буюк мавсум оламларнинг Роббиси томонидан хато ва янглишишларни кечириб, мағфират қилиш, ҳамда гуноҳ ва маъсиятлардан тавба қилиш учун бандаларга тортиқ қилинган раҳматдир. Аллоҳ Субҳанаҳу қандай ҳам раҳмли ва ҳалимки, бандалари учун Ўзига яқинлаштирадиган ва уларни Унга қайтарадиган барча нарсани ҳозирлаб қўйди. Мўмин бандалари учун гуноҳлар каффорот қилиниши, хатоларни кечириш, даражаларни кўтариш, ҳамда жаннат ила бахт қучиш ҳосил бўлсин учун уларни барча вақт, замон ва маконда чинакам тавба қилишга мутлақ буйруқ билан амр қилди. Субҳанаҳу шундай деди:

«Барчангиз Аллоҳга тавба қилинг, эй мўминлар! Шоядки, зафар топсангизлар» (Нур: 31).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Эй инсонлар! Аллоҳга тавба қилинглар. Дарҳақиқат, мен бир кунда У Зотга юз марта тавба қиламан».

Бошқа бир ривоятда: «Албатта, мен Аллоҳга бир кунда юз марта истиғфор айтаман». (Муслим)

Аввалаб бор истиғфор нима ?, Истиғфор сўзи луғатда “беркитиш”, “устини ёпиш”, деган маъноларни билдиради. 

“Мағфират” сўзи луғатда “кечириш”, “афв этиш” маъноларини англатади. Мағфират иқобни соқит қилиб, савоб беришдан иборатдир. Мағфиратга фақат муъмин, тақводор бандагина сазовор бўлади.  “Аллоҳ мағфират қилди”, дегани “Аллоҳ гуноҳини беркитди”, деганидир.

Аллоҳ таоло, рамазон ойининг иккинчи қисми мағфират ўн кунлигида, бутун рамазон давомида амали солиҳлар, хайру эҳсонлар ҳамда эзгу ишлар билан шуғулланган бандаларининг гуноҳларини кечирадиган ўн кунликдир. Бу ҳақида Ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилдилар: 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бу ойнинг аввали раҳматдир, ўртаси мағфират ва охири эса дўзахдан нажотдир ”. дедилар. 

Бундай имтиёзлар, бундай имкониятлар Рамазондан бошқа ойда йўқ. Бизлар бундан фойдаланиб қолилишимиз керак, барча муслмонлар Аллоҳнинг мағфиратига муҳтождир, киши ҳаёти давомида умр саҳифаларини жоҳиллик, нодонлик ёки билиб-билмай қилган ишлари билан тўлдириб, ўз-ўзига зулм қилади. Аммо ана шу хатоларини англаб, тавба қилса ва Аллоҳдан мағфират сўраса, Аллоҳ таоло, албатта, уни кечиради.

Аллоҳ таоло ҳаммамизни бу ойнинг раҳматига эришиб, мағфиратига сазовор бўлиб, жаҳаннамдан қутулишни Ўзи насибадор айласин!

                            Т.Ғофуров

Урганч тумани “Шоликор” масжиди имом-хатиб

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *