МЎТАДИЛЛИК — ИСЛОМ ШИОРИ

Аллоҳ таоло мусулмон умматининг сифати ҳақида Қуръони Каримда: “Ана шундай қилиб, одамлар устидан гувоҳ бўлишингиз ва Расул устингиздан гувоҳ бўлиши учун сизларни ўрта уммат қилдик” деб марҳамат қилган. (Бақара сураси 143-оят).

Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада мусулмонларни ўрта уммат қилганини эълон қилмоқда. Биз “ўрта” деб таржима қилган сўз арабчада “васат” деб келган ва у яхши, ўрта, марказ,  мўътадил ва адолатли деган маъноларни англатади. Ўртанинг яхши дейилаётганига сабаб шуки, четлар чет бўлгани учун ҳам ҳар хил таъсирларга кўп учрайди ва бузилиши эҳтимоли кўпроқ. Ислом уммати ҳақиқатда ҳам  тўла маънода ўрта-мўтадил умматдир. Ўрта деганда, яхшилик ва афзаллик маъноси ҳам, мўтадил ва адолатли деган маъно ҳам ваниҳоят, ҳиссиётда ўрталик маъноси ҳам тушунаверилади.

Ислом уммати эътиқод ва тасаввурда ўрта, адолатли ва афзал уммат ҳисобланади. Бошқа баъзи умматларга ўхшаб руҳий тарафга оғиб кетмайди. Ёки яна бошқаларга ўхшаб, фақат моддий нарсаларгагина эътиқод қилмайди. Балки инсон ўз табиатидаги хусусиятга қараб ҳам руҳий, ҳам моддий жиҳатга ўртача, адолатли, мўтадил ва энг афзал муносабатда бўлади. Ислом уммати тартиб- интизомда ҳам ўртача бўлади. Инсоннинг маънавий тарбиясини кучайтириб, одоб-ахлоқ, тақво, ҳалолик масалаларини онги, ақли ва виждонига сингдириш билан бирга,  ҳукмни ҳам ишга солади.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг «Фурқон» сурасида мўмин-мусулмонлар ҳақида: 

Нафақа қилганларида исроф  ҳам ва хасислик ҳам қилмаслар. У иккиси ўртасида мўтадил бўлурлар” деган ( 67- оят).

Ҳеч қачон мол-дунёни исроф қилмаслиги ва ҳаддан ташқари хасис бўлиб, зарур жойга ва керакли миқдорда сарфлашдан бош ҳам тортмаслиги лозим. Ислом бизга ҳар бир ишда мўтадил бўлишга чақиради. 

Илмда, амалда ва муомалатда ҳам мўтадил бўлиш лозим. Афсуски бугунки кунда базиларнинг адашувига, хато йўлга қадам қўйишига айнан  мўтадилликдан айрилгани сабаб бўлмоқда.

Инсон ҳаётида бази бир хатолар борки бутун умрга татигулик бўлиши мумкин. Шундай катта хатолардан бири, дунё бўйлаб кенг тус олаётган қўпорувчилик ҳаракатларидир. Улар интернетдан ўз ғаразли мақсадлари йўлида кенг фойдаланишмоқда. Интернетда кўп қолиб кетадиган  тўғри йўлни ва мўтадилликни унутган ёшлар уларнинг тайёр ўлжасига айланишмоқда.  

Хуллас, бугунги кунда тинчликни асраш, фитналардан ҳушёр ва огоҳ яшаш давлат ва жамият олдидаги долзарб вазифамиз экани, ушбу йўналишда давлат идоралари, жамоат ташкилотлари ва кенг жамоатчиликнинг ҳамкорлигини янада кучайтириш зарур экани ҳақида хулоса қилишимиз зарур. Айни чоғда, фарзандларимизни турли сохта ақидалар таъсиридан сақлашимиз керак, бунинг учун уларни доим назорат қилиб туришлигимиз баробаринда соф ислом ақидасини ҳам  ўргатиш ва ҳаётда ҳар ишда мўтадил бўлиш кераклигини уқтириш ҳар бир ота-онанинг бурчи эканлигини унутмаслигимиз лозим ва лобутдир.

М.Мадирмов

Ҳазорасп тумани “Ҳазрати Шайх Муҳаммад Амин” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *