АЛЛОҲНИНГ РАҲМАТИДАН НОУМИД БЎЛМАНГ

 Инсон борки хато ва гуноҳ ишлардан ҳоли эмас.  Фақат пайғамбарларгина гуноҳ ишлардан маъсумдирлар. Шундай бўлгач, банда гуноҳга йўл қўйдим, энди Аллоҳ мени кечирмаса керак, деган нотўғри хаёлларга бормаслиги, ҳамиша Аллоҳнинг раҳмати ва мағфиратидан умидвор ҳолда яшаши керак. Аллоҳ таолонинг раҳмати кенг, мағфирати беқиёс, У Зот агар бандаси ширкка бормаган бўлса, унинг денгиз кўпигича кўп гуноҳи бўлса ҳам кечишига умид қилинади.

Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай марҳамат қилади:(Эй, Муҳаммад!) Ўз жонларига (гуноҳ билан) зулм қилган бандаларимга айтинг: «Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. Албатта, Унинг ўзи Мағфиратли ва Раҳмлидир”. (Зумар сураси, 53-оят).

Яна бир оятда эса: Аллоҳнинг раҳматидан фақат кофирлар қавмигина ноумид бўлур». (Юсуф сураси, 87-оят) деб айтган.

Абу Зарр (разияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло:«Ким бир яхшилик қилса, унга ўн баробар яхшилик бераман ёки ундан ҳам зиёда этаман. Ким бир ёмон иш қилса, ўша бир ёмонлик учун бир жазо бераман ёки кечириб юбораман. Ким Менга бир қарич яқинлашса, Мен унга бир газ яқинлашаман. Ким Менга бир газ яқинлашса, Мен унга бир қулоч яқинлашаман. Ким Менга юриб келса, Мен унга югуриб бораман. Ким ҳузуримга ер юзини гуноҳга тўлдириб келса, аммо Менга ширк келтирмаса, Мен ҳам ўша миқдорча мағфират билан унга йўлиқаман», деди», дедилар (Имом Муслим ривояти). Бу ҳадиснинг маъноси «Ким Мен томонга тоат билан яқинлашса, раҳматим билан яқинлашаман. У тоат-ибодатини зиёда қилса, Мен ҳам унга раҳматимни зиёда қиламан», деганидир.

Абу Ҳурайра (разияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло раҳматини юзга бўлиб, тўқсон тўққизтасини Ўз ҳузурида олиб қолди. Бир бўлагини ерга туширди. Ўша бир бўлак раҳмат билан халойиқ бир-бирига раҳм қилади. Ҳаттоки, ўша бир бўлак билан ҳайвон ҳам боласига озор етишидан қўрқиб, туёғини кўтариб туради», дедилар. (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

 Ушбулардан маълум бўладики, банда ким бўлишидан ва қандай амал қилишидан қатъи назар, амалига суяниб қолмаслиги керак. Бирор хато сабабли азобга қолиш хавфи уни тарк этмасин. Чунки у ўзи билмаган ҳолда ўз оёғи билан азобга қолиши мумкин. Шунингдек, банда ҳеч қачон ноумидликка тушмаслиги керак. «Биз энди нима бўлсак бўлдик, буёғи пешонамиз», дейиш бандаликка муносиб бўлмаган жоҳилона журъатдир.

Аллоҳнинг мағфирати ва раҳмати чексиз. Хоҳласа, банданинг биргина яхши амали сабабли ҳидоят қилиб, жаннатига эриштириши ҳеч гап эмас. Қуръони Каримда қаерда Аллоҳнинг раҳмати, мағфирати зикр қилинса, шу жойда У Зотнинг ғазаби ва азоби ҳам эслатилади. Қачон жаннат ҳақида гап кетса, дўзах ҳам эсга олинади. Мана шунинг ўзи бандага доимо хавф ва ражода бўлиш лозимлигини уқтиради.

Аллоҳга беҳисоб шукрлар бўлсинки, сизу биз гўзал ва ҳур диёрда тинчлик булоғидан қониб оиламиз, фарзандларимиз ҳамда бобо-бувиларимиз билан умр гузаронлик қилиб келмоқдамиз. Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзига итоаткор бандаларидан айласин, Ўзининг азоби ва итобидан ҳамиша хавфда бўлувчи, раҳмати ва мағфиратидан умидвор бандалари сафидан жой берсин ҳамда икки дунё саодатидан баҳраманд этсин!

М.Казаков

Янгиариқ тумани “Шайх Мухтор вали” масжиди имом-ноиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован.