ЖОХИЛИЯТГА ЮЗ БУРГАНЛАР

     Барчамизга маълумки, инсон ўзлигини англагани, насл-насабини чуқурроқ билгани сари юрагида Ватанга муҳаббат туйғуси илдиз отиб, улғая боради. Бу илдиз қанча теран бўлса, туғилиб ўсган юртга муҳаббат ҳам шу қадар юксак бўлади. 

Турли чўпчак ва ёлғон маълумотларни ёшлар онгига сингдирмоқчи бўлаётганларнинг биринчи галдаги мақсади юртимиздаги тинч ва осуда ҳаётга раҳна солиш, барқарор тараққиётни ортга қайтариш эканини унутмайлик. Бошқа мамлакатларни қўя турайлик, мусулмонларга, мусулмон давлатларга нима бўлди ўзи. Тинчликни асраш биргина ёки бир неча давлатнинг иши эмас, балки, барчамиз тинчлик ишига киришишимиз керак. Зеро, бугунги фаровон кунларни қадрлай билиш, унинг зиёдалиги ва бардавомлигига ҳисса қўшиш бизнинг бурчимиз. Тинчлик бўлган жойда одамлар эртанги кун учун улкан режалар тузиб, фарзандларининг бахтли келажагини ўзига тасаввур қила олади”. 

Ислом дини шариатининг биринчи сифати ва буюк мақсади тинчлик-омонлик, инсонпарварлик ва бағрикенглик бўлиб, уни билиш орқали барча асослар тўла бўлади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

Аллоҳ таолога диннинг энг маҳбуби – ширксиз, машаққатсиз бўлган диндир”.“Енгиллик” фитратдандир, чунки, инсон(табиати) енгилликни суяди. Ислом динининг кўрки ва гўзаллиги ҳам васатий ва мўътадил дин эканидадир. Мусулмонлар исломни қаергача етиб боришига эришган бўлишса, ўша ерларга ва халқларга фақат хавфсизлик, барқарорликни олиб боришган. Ислом тинчлик дини эканини исботлаб келишган. Ҳаддан ошиш, кўр-кўрона бир нарсани маҳкам ушлаб олиш ва террорчилик ер юзини, экин-тикин, жонзотлар, ҳаттоки инсон наслини ҳам барбод қилади. 

Диний маълумоти ҳам, дунёвий ва сиёсий савияси ҳам паст даражада бўлган ИШИД ва у каби баъзи оқим пешволари ўз фикрлари, қарашлари ва динлари ҳар хил бўлган кишиларга қарши кофир деб шаръий фатво бериб, жиҳод эълон қилиш каби катта гапларни гапиришгача журъат қиляптилар.

Аслида Ислом динида ким “Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадун расулуллоҳ”, деса, у мусулмондир. Ким Ислом арконларини бажарса, уни кофир деб аташ мумкин эмас.  Аллоҳ таоло Тавба сурасида:“Агар тавба қилсалар,  намозни тўкис адо этсалар ва закотни берсалар, йўлларини бўшатиб қўйинглар. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир”, деб марҳамат қилган (5-оят).

Ислом дини тинчлик ва эзгулик динидир. Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо саллоллоҳу алайҳи васаллам биз учун ислом динини худди нурафшон йўл каби баён қилиб берганлар. Ундан фақатгина ҳалокатга йўл олган кишигина юз ўгиради. 

Бу диннинг асоси раҳмат ҳисобланади. Бу борада Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Раҳмдилларга Раҳмон раҳм қилади”, деганлар. Инсонларга раҳм-шафқатсиз, кунига юзлаб бегуноҳ одамларни ўлдираётган, юз минглаб тинч аҳолини ўз уйини ташлаб сарсон-саргардонликка солиб, қочоқлар сафига қўшилишга мажбур қилаётган бу террористик ташкилотнинг охири вой бўлиб, фаолиятига чек қўйилиши муқаррар.

Мустақиллик неъматига шукрлар айтиб, уни янада мустаҳкам ва бардавом бўлиши йўлида савобли амалларни қилишимизга насиб айласин. Зеро, Аллоҳ таоло бу нарсаларнинг барчасини валийси ва уларга қодир зотдир!

                                У.Бекязов

Ҳазорасп тумани “Абдукарим Шайх бобо” 

масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *