МУТААССИБЛИК ИЛЛАТИНИНГ ЗАРАРИ

 

Диний мутаассиб оқимлардан ёшларни ҳимоя қилиш учун, энг аввало уларга кириб қолиш сабабларини англаб олмоқ даркор. Кўпинча ҳаётда ўз ўрнини топа олмаслик натижасида юзага келадиган бўшлиқ сабабли руҳий тушкунлик ҳолатдаги кишилар тезроқ берилади. Чунки диний радикал (мутаассиб) оқимлар ўз таълимотларини кишилардаги ҳаётий эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда, жуда бир жозибадор, инсонпарвар қилиб кўрсатишга уринади.

 Улар асосан оилавий ҳаёт ва меҳнат фаолияти жараёнида кучли руҳий эзилиши, оиладан ажралиши, ишсиз қолиши каби ҳаётий ҳодисалар ва тушкунлик, умидсизликка берилиши натижасида уларга кириб қолишга сабаб бўлади. Ундан ташқари, ҳақиқий эътиқод қилувчилар маънавий – маърифий чанқоқлигини яшаётган жойда ва ишлаётган жамоаларида маънавий эҳтиёж ва интилишини қондирмаслик омиллари, шунингдек руҳий касалликлари туфайли, радикал диний оқимларда ўзининг ҳаётдаги ўрнини топгандек ҳис қилиши ҳам сабаб бўлади. Бундан ташқари, ёшларда ҳаётий тажриба, шукроналик, сабр-тоқат етишмаслиги, соддадиллиги ёки атрофдаги содир бўлаётган адолатсизликларни кўриб, уларга нисбатан нафрат ўйғониши ҳам диний мутаассиблик йўлига киришига сабаб бўлади. Мутаассиб оқимларга жалб қилиш усуллари жуда бир устакорлик, маккорлик, кузатувчанлик усулларида амалга оширилади. Масалан, қизиқаётган шахсни илиқ муносабат, диққат эътибор ва ғамҳўрлик билан кутиб олади. Бу оқимнинг бўлажак аъзоси сифатида шахсга иқтисодий ёрдам, бахт, эркинлик, билим олиш учун ҳамма имкониятлар ваъда қилинади. Ундан кейин иккинчи босқичда сизга билим бериш, машқ қилдириш, янги аъзоларини топиш каби ишлар билан банд қилинади. Аъзоликка жалб қилишнинг учинчи босқичида жамиятдаги мавжуд сиёсат ва олиб борилаётган ишлар эскирган деб ҳисоблаб, оила ва давлат шу эски бошқарув усуларидан қутулишга нажот кутаяпти деб, сиз жамиятдаги эҳтиёжларни қондирувчи етакчи шахс бўлишингиз керак деб миясига сингдирилади. Оқимларга жалб килишнинг кейинги босқичларида шахс бутунлай шу мутаассиб оқимга боғланиб қолиб, оиладан, жамиятдан ажратиб олинади. Унга қилинган сарф-харажатлар таъсирида, гуруҳга ҳақиқий аъзо бўлиб қолиб, ўргатаётган ўқитувчисига бутунлай бўйсуниш ҳисси ўйғонади, фанатик бўлиб қолади. Ана шундай ҳолга келиб қолганлардан террорчилик ҳаракатларини амалга оширишда фойдаланадилар.

Ироқ ва Сурия давлатларида “ИШИД” деб аталган, экстремистик гуруҳлар томонидан содир этилган террористик воқеалар диний экстремизм нақадар ҳавфли эканлигини, у ўз мақсадига эришиш йўлида ҳар қандай иғволардан бегуноҳ минглаб кишиларнинг қонини тўкиб, адашган ёшларнинг онгини заҳарлаб, уларни ўз ота-оналарига, опа-сингил, ака-укаларига, халқига ва Ватанига қарши қўйишдан тоймаслигини кўрсатди. Бу воқеалар биздан огоҳликни янада кўчайтиришни талаб қилади.

Ёшларимизни шундай экстремизм «қармоғи»га илиниб қолмаслиги учун динни ниқоб қилиб олган ёвуз ғояларнинг моҳиятини, хусусиятларини, жалб қилиш усулларини очиб беришимиз, уларни шу йўлларга кириб кетишдан сақлаш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз бўлиши керак. Бу эса терроризмга қарши курашдаги асосий самарали усуллардан биридир. Ёшларимиз онгини заҳарлашга қаратилган радикал гуруҳлардан ҳимоя қилишнинг яна бир йўли, халқимиз қадриятларини тиклаб, ўзликни англаш ҳиссини ўйғотиш орқали маънавий сарчашмаларимизга, унинг илдизларига қайтиб, Ватанга, миллатга садокат руҳида тарбиялаш лозим. Чунки, миллий ва диний қадриятларимиз, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, аждодларга ҳурмат, зўравонликка нафрат руҳида тарбияловчи, уларни эзгулик ва бунёдкорликка ундовчи битмас-туганмас маънавий манбадир.

Х.Юсупов

Урганч тумани “Жон Хараш бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *