ОГОҲ БЎЛИБ ХУШЁРЛИКНИ ЙЎҚОТМАЙЛИК

        Бугунги кунда дунёнинг турли бурчакларидан ҳар хил номлар билан чиқаётган оқимлар, гуруҳлар ислом динига ҳар хил ўзгаришлар, қўшимчалар қўшиб айниқса ёшларни тўғри йўлдан адаштирмоқда. Қуръон оятлари ва хадисларга мурожаат этадиган бўлсак: «Бугун сизларга динингизни комил қилдим, неъматимни бенуқсон, тўкис қилиб бердим ва сизлар учун Исломни дин қилиб танладим …»

( Моида-3 оят) Шунга қарамай “ИШИД” (Ироқ Шом Ислом давлати) оқими ўз ғоя ва мақсадлари йўлида Ислом таълимотига ўзгартириш ва янгиликлар киритишга уринмоқда. Улар ўзларининг ғаразли ниятларини амалга ошириш учун дин ҳукми ва арконларига янгилик киритиб, жумладан, шундай ёзадилар:  “Халифаликни тиклаш мусулмонлар зиммасига Аллоҳ таоло фарз қилган энг муҳим амаллардандир”. Бу амал мукаммал Ислом динига ёт ҳукм, янгилик киритишдир. Исломга янгилик киритиш бидъат бўлиб, бу ҳақда Мухаммад (с.а.в) шундай деганлар: ”Сизларнинг орангиздан ( диндаги ) ишларга янгилик киритувчилар чиқади.( Билингки, диндаги) ҳар бир янгилик бидъат ва ҳар бир бидъат-залолатдир. Залолат эса жаҳаннамга етаклайди”. Динга янгилик киритишини оқибати нима бўлишини  “ИШИД” (Ироқ Шом Ислом давлати) олиб бораётган харакатларидан очиқ-ойдин билиб олса бўлади. Бундай  нотўғри, носоғлом ақидаларга эргашиш мусулмон кишининг охиратини куйдириш билан бирга жамият тинчлиги-осойишталигига раҳна солади Бундай  “ИШИД” каби гуруҳлар ўзларига Аллоҳ таолонинг каломи бўлмиш Қуръони Каримдаги: «Ораларингиздан яхшиликка (исломга) даъват қиладиган, ибодатга буюрадиган ва исён-гуноҳлардан қайтарадиган бир жамоа бўлсин…» (Оли Имрон сураси, 104-оят). деган сўзларини ҳужжат қилиб келтирадилар.

Инсонларни яхшиликка даъват қиладиган, гуноҳлардан қайтарадиган бир гуруҳ , яъни оқимнинг вужудга келишини фарз бўлишига далил қилиб олади. Юқорида зикр қилинган оятга буюк ислом алломаларининг асарларидаги берилган шарҳларнинг бирортасида ҳам махсус гуруҳ тузишга ишора мавжуд эмас. Агар мазкур оят хақиқатан ҳам ушбу оқимларга ўхшаш бирор ташкилотни тузишни тақозо қилганда эди, бундай оқимлардан олдинроқ, балким, Расулуллоҳ (с.а.в) ўз хадисларида мақтаган даврида, яъни, сахобалар ёки тобеинлар даврида тузилган бўлар эди. Яна шуни таъкидлаб ўтиш керакки, ҳозирги замон буюк ислом уламолари “ИШИД” ни қўллаб-қуватламайдилар. Балки, уларга нисбатан доимо кескин, илмий асосланган раддиялар, танқидлар билдирмоқдалар. Демак, салаф уламолари ҳам, ундан кейин ўтган ва ҳозирги замон уламолари ҳам бундай йўлларга қаршидирлар. Шунинг учун ҳам “ИШИД”  нинг ғоясини  бирорта мамлакатда маъқулланиб, расмий ташкилот сифатида тан олинмади. Исломда эса озчилик фикрига эмас, кўпчилик фикрига қўшилишга буюрилган. Бунга ушбу сахих хадис далилдир: “ Менинг умматим ёппасига адашиб, залолатга тушиб қолмайди. Қачонки улар орасида қарама-қаршиликни кўрсаларингиз, сизлар кўпчилик томонда бўлингиз!”. Демак, Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг ушбу васиятларига замонамиз мусулмонлари озчилик овозга эга бўлиб турган “ИШИД” га эмас, уларнинг фикри ва ғоясига қўшилмай келаётган кўпчилик уламоларнинг сафига қўшилишлари керак бўлади.

 Қуръони Каримда халифалик тузиш бўйича бирорта ҳам буйруқ берилмаган, қатъий далил ҳам мавжуд эмас. Пайғамбаримиз (с.а.в) вафотлари олдидан шундай деганлар: “Халифалик мендан сўнг умматим ичида ўттиз йилдир, ундан сўнг подшоҳлик бўлади” (Имом Термизий).    Демак ,  Расулуллоҳ (с.а.в) ўзларидан сўнг бўладиган халифалик муддатини қатъий белгилаб бердилар. Сахоба Сафина (р.а) бу муддат давомида кимлар халифа бўлганликларини айтиб, Ҳазрати Абу Бакр(р.а) (632-634) икки йил, Ҳазрати Умар(р.а) (634-644)  ўн йил, Ҳазрати Усмон (р.а ) (644-656) ўн икки йил , Ҳазрати Али (р.а) (656-661)  олти йил халифа бўлганлар”,- деганлар.    Аллоҳ таоло Қуръони-каримнинг Оли-Имрон сураси, 103-оятида мусулмонларни иттифоқликка буюриб шундай баён қилган. «Ҳаммаларингиз  Аллоҳнинг “ арқони” ни ( Қуръонини) маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг…..». Биз бу оятдаги “бўлинманглар” деган буйруқни Ислом номини ниқоб қилиб олган биронта гуруҳ ёки оқимга кирманглар деб тушунамиз. Биз алоҳида хизбмиз, алоҳида бир гуруҳмиз дер эканлар уларнинг ҳар бири Аллоҳнинг “фирқаларга бўлинманглар” деган буйруғига қарши  чиқиш бўлади.

Пайғамбаримиз (с.а.в) 14-аср муқаддам “ Мени умматларим 73-фирқага бўлиниб кетади. Уларнинг ҳаммаси дўзахий бўлади, фақат бир тоифасигина жаннатий бўлади”,- деган эдилар. Ўша дўзах азобидан нажот топгувчи тоифа қайси деб сўралганда: “Мен ва сахобаларимнинг йўлини ушлаганлар”, -деганлар.  “ИШИД”  ҳам ўша адашган фирқалардан биридир. Шундай экан, азизлар, иймон-эътиқодимизга раҳна соладиган, фарзандларни ота-оналаридан жудо қилишга олиб борадиган, дин учун курашаман дея, динга қарши курашадиган ғоя сохибларининг пуч даъволарига учмайлик, муқаддас динимизни, эътиқодимизни улардан ҳимоя қилайлик.

Х.Юсупов

Урганч туман “Жон Хараш бобо масжиди

имом хатиби

Leave a Reply

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *