Диний маърифатнинг хусусиятлари

Диний маърифат мавзусида кўп гапирилгани билан инсонларнинг аксар қисми мазкур фарзга амал қилиш лозимлигини хали ҳам тўла хис қилишмайди. Олти ёки етти ёшга етган фарзандларимизни мактабга берамиз, чунки ҳукумат белгилаган тартиб шундай. Мактабни битиргач, бировимиз: «Шунча ўқиганинг етар, энди менга шаҳар олиб берармидинг», деймиз. Яна биримиз: «Ҳамма олим бўлиб кетаверса, подани ким боқади?» деб ҳам қўямиз. Поданинг боқувсиз қолиб кетишидан ташвишланишимиз яхши. Аммо бу харакатимиз билан Аллоҳ буйруғини инкор этаётганимизни ўйлаб кўрмаймиз.  Суфий Оллохёр хазратлари бу сатрларни айнан шундай инсонларга атаб битгандирлар:

Агар булмаса илминг, э сабук сайр,

Билур болинг ву болинг барчасин хайр.

Демоқчиларки, эй  шощқалоқ  инсон, маърифатинг бўлмаса, сен учун фойда ҳам, зарар ҳам бирдир. Зеро, сенинг заиф фикрингча, гуноҳларингнинг барчаси ўзингга хайрлидай бўлиб кўринади.

       Одам маймунсифат, ҳеч нарсани билмайдиган, маданиятсиз холда яратилмаган. Аллоҳ одамни маърифатли қилиб яратган. Жоҳиллик инсон болаларида кейинчалик пайдо бўлган. Инсон кўз, тил ва қалб билан ҳайвонлардан фарқланади. Айрим ҳайвонларнинг кўзлари пиёладек келади, боши ҳам шунга яраша жуда катта бўлади. Аммо улар ўқиш ва маърифат олиш фазилатидан маҳрумлар.  Ҳеч қайси махлуқотга бермаган маърифат кийимларини  Одам болаларига насиб этди. Одам ўз инсоний қиёфасини асраши учун  хикмат ва маърифат либосини кийиши шарт. Маърифатга интилган киши энг яхши инсондир. Маърифатдан юз ўгириш — инсонийликдан юз ўгириш демакдир. Чунки маърифат — инсонийлик тожи ҳисобланади. Инсон маърифат билан шараф топади. 

Ҳозирги пайтда инсоният ҳаётидаги тараққиёт ва ривожланишни маърифатсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бирор соҳа йўқки, у маърифатсиз равнақ топган, юксалган бўлса. Шу боис Аллоҳ таоло маърифат ўрганишга интилишни ҳар бир мўмин-мусулмон зиммасидаги фарз этиб қўйган. Қуръони каримнинг илк нозил бўлган ояти ҳам “Ўқи” деган амр бўлди. Аллоҳ таоло маърифат  излашни ва ўрганишни мусулмон бандаларига қатъий буюрган. Қуръони каримнинг бир неча оятлари бунга далолатдир. Аллоҳ таоло айтади: яъни: “…Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни(баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. (Мужодала сураси, 11).

Бу оят тафсиридан яна шу нарса ойдинлашадики, баъзи кишилар ўзларича «обрў-эътибор» деб юрадиган мансаб, пул, йиғилган молу дунё ва бойликларнинг Аллоҳ ҳузурида ҳеч қандай қиймати йўқ экан.  Фақат иймону маърифат билангина Аллоҳ таоло такводорлар мартабасини юқори тутар экан. 

Аллоҳ таоло илм-маърифатни улуғ неъмат ва юқори даража ва камолот сифатида зикр қилади, олиму фозиллар ва билимдонлар даражаси юқори эканини билдиради. Расулуллоҳ алайҳиссалом яна бир ҳадисларида, «Қиёмат куни уч тоифа кишилар шафоат қиладилар. Булар — Пайғамбарлар, олимлар ва шаҳидлар», деганлар. Энди ушбу ояти карималар ва ҳадиси шарифлар хикматини ҳаётимизга солиштириб кўрайлик. Илм- маърифат талаби йўлига кирган одамга Аллоҳ таоло жаннат йўлини осонлаштириб қўйишини ҳадисдан билдик. Инсоф билан айтайлик, бизда шу тасаввурнинг ўзи борми? Илм- маърифат талаб қилиш шу даражада улуғ иш эканини тушуниб етганмизми? Бу ишга фаришталар ҳам хавас қилишини англаймизми? Ҳозиргача англамаган бўлсак, энди англашимиз керак. Ислом илм- маърифат талабини ҳар бир мусулмонга бешикдан қабргача фарз қилганини эслаб, дарҳол ўз шахсимиз учун фарзи айн бўлган диний- маърифатни талаб қилишга киришайлик! Бир харф, бир сўз, бир жумла бўлса ҳам ўрганиб, унга амал қилишга харакат этайлик! Ўзимиз ўрганишимиз билан бирга оила аъзоларимиз, болаларимиз, қўни-қўшни ва таниш-билишларимизга ҳам ўргатишга харакат қилайлик! Турли илм- маърифатни ўрганаётган талабаларимизни қўллаб-қувватлайлик, уларга ўзлари танлаган йўл қанчалар улуғ эканини тушунтирайлик! Илм талаб қилиш фаришталар ҳам хавас қиладиган иш эканини одамларимизга тушунтирайлик. Толиби илмларни фаришталар ўраб туришини, уларнинг оёқлари остига қанотларини қўйиб туришини ҳаммага англатайлик! Фаришталар ҳавас қилган одамларга биз ҳам ҳавас қилайлик, улар ҳурмат қилган одамларни биз ҳам ҳурмат қилайлик!

Аллоҳ таоло илм- маърифатни қиёматгача бандалари учун Аллоҳ маърифатига эришиш, ҳақиқатни топиш, икки дунё саодатига эришиш воситаси қилди. Илмсизлик ва жаҳолат, инсониятни тубанликка, ҳалокатга олиб боришини билдирди. Инсонларни илм- маърифат  олишга ва бу орқали Парвардигорини танишга буюрди. Қуръон ва суннатда илм- маърифат инсониятни турли аҳлоқсизликлар, ҳаром, ёмон йўл ва  амаллардан қайтариши зикр этилган, зеро дунёнинг ободлиги, бардавомлиги ва бахт саодати ҳам илм, маърифат билан чамбарчас боғлиқлиги ҳаммамизга яхши маълум.

Улуғ саҳобийлар, атоқли олимлар ва мутафаккирларнинг ҳам илм- маърифат фазилати ҳақидаги кўплаб ривоятлари, хабар ва сўзлари келган. Қуйида шулардан айримларинигина келтириб ўтмоқчимиз.

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу бир саҳобийга: Илм- маърифат молдан яхшидир, у сени ҳимоя қилади, молни эса сен қўриқлашга мажбурсан, илм- маърифат ҳоким, мол маҳкумдир, сарфлаш, нафақа қилиш билан мол камайса, илм- маърифатни тарқатганинг сайин кўпайиб боради”, — деганлар.

Луқмони ҳаким ўғлига бундай насиҳат қилган экан: “Эй ўғлим, олимлар билан ўтир, улар орасига  кир, чунки Аллоҳ ерни осмон суви билан тирилтиргани каби қалбларни ҳам илм- маърифат  нури билан тирилтиради”.                      

Фарзанднинг келажакда аҳли солиҳ, баркамол инсон бўлиб етишиши,  аввало,  унинг ёшлигида олган одоб-ахлоқи ҳамда илм-маърифатига боғлиқдир. “Ёшликда ўрганилган илм тошга ўйилган нақш кабидир”,деб бежиз айтилмаган. Тўғри, бола ёшлик қилиб илм- маърифатнинг аҳамиятини яхши тушунмаслиги мумкин. Шунинг учун ота-оналар фарзандларининг илм- маърифат эгаллашларига алоҳида эътибор беришлари лозим.

Айниқса, ота-оналар ўз фарзандларига тўғри маслаҳатлар бериб,  уларни соғлом ва бақувват ўсиб-улғайишлари,  илм-маърифатли, ватан, жамият учун зарур ва муҳим бўлган барча илмий соҳалар бўйича етук мутахассис бўлишлари учун ғамхўр бўлишлари керак.

Кўпинча катталарнинг лоқайдлиги  ва бепарволиги туфайли  фарзандлар турли бўлмағур йўлларга кириб қолади, енгил-елпи яшашга ўрганади.

Бугунги кунда яратилган шарт-шароитларнинг шукрини қилиб,  берилган имкониятлардан унумли фойдаланиб, фарзандларимизга дунёвий-диний билимларни уйғунликда ўргатиб, миллий-диний ҳамда умумбашарий қадриятлар асосида тарбиялаб, ёшларимизни ким қаёққа етакласа кетаверадиган қилиб эмас, онгли равишда ўз мустақил фикрининг соҳиби бўлиб, вояга етказиш, атрофдаги воқеа-ҳодисаларга дахлдорлик ҳиссида тарбияласак айни муддао бўлур эди.

Аммо бизда рағбат кам, ихлос суст, ғайрат-ҳаракат етишмаяпти баъзида. Қанчалаб вақтимизни беҳуда амалларга, номақбул ўтиришларга, ношаръий зиёфатларга сарфлаб юборяпмиз. Бироқ жиндай илм олишга, ҳеч бўлмаса, дунё ютоқиб воқиф бўлаётган хабар-маълумотлар билан танишиб қўйишга вақт-имкон «топа олмаяпмиз». Ўтмишда оила дастурхони устида хонадон улуғининг эрталаб ва кечқурунлари илмий-ахлоқий мавзуларда ихчамгина маърифий суҳбатлар уюштирилгани, илм мажлислари қилишгани каби ҳолатлар бугун бизга худди эртаклардагидай эриш туюлади. Онда-сонда  вақт топиб, нимадир ўқишимиз ҳам «айниган»: дунё ва охиратга фойдали, илм ва фикрлашга ундовчи китоб, газет-журналлар ўрнига олди-қочди, таги пуч ёки бузуқлик тарғиб қилинган нарсаларни ўқиймиз.

Аслида, атрофга бир назар ташлайлик, юртимизда бўлаётган бунёдкорлик, ободончилик ва кундан кунга гўзаллашиб бораётган гўшаларни кўриб, кишининг кўзи қувонади, дили яйрайди. Шуларни ҳис этарканмиз, муҳтарам азизлар, фарзандларимиз, набираларимиз бахти учун суюниб яшайлик, уларнинг ёшлик йиллари саодатли, шукуҳли замонга тўғри келганини уларга англатайлик, буларнинг барчасига  шукр қилиш керак. Болаларимиз ҳамманинг ҳавасини келтирадиган, истеъдодли бўлиб вояга етишяпти. Буларнинг бари тинчлик-осойишталик, фаровон ҳаёт маҳсули болаларимизнинг илм- маърифатли  бўлишлари, улар учун яратилган шарт-шароитларнинг натижасидандир. Буларни аввало ўзимиз тўлиқ идрок этиб, сўнгра фарзандларимизга тўғри тушунтирайлик.

Зеро, Пайғамбаримиз (с.а.в) муборак бир ҳадисларида: яъни: “Ҳар бирингиз тарбиячисиз ва ҳар бир тарбиячи қўл остидагиларга жавобгардир”, — деб марҳамат қилганлар.

 Аллоҳ таоло илм- маърифат йўлида жиддий саъй-ҳаракат қилаётган барча илм  толибларига диний ва дунёвий илмларни мукаммал эгаллашларида ва уларни ҳаётга татбиқ этишларида улуғ муваффақиятлар ато айлаб, барчаларимизни икки дунёда саодатли ва солиҳ бандалардан бўлишимизни насиб айласин!

Х.Аҳмедов

Шовот туман бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *