ФИТНА КЕЛИБ ЧИҚИШИНИНГ ОЛДИНИ ОЛАЙЛИК

Маълумки динимиз мўмин мусулмонларни фитнадан огоҳлантирииб ундан сақланишга буюради. Фитнага тушуб қолган кишилар, бўлаётган ишнинг асл моҳиятини англамай катта гуноҳ ва бузғунчиликларга сабабчи бўлиб қолишлари мумкинлигини уқтиради.

Сўзимизнинг бошини фитнанинг нима эканлиги ва қандай маъноларни англатиши ҳақида уламоларнинг сўзларини ўрганамиз.

     «Фитна» сўзи араб тилидан олинган бўлиб, луғавий жиҳатдан бир неча маъноларда келади. Азҳарий айтади: «Фитна сўзининг умумий маъноси (мусибатлар, машаққатлар билан) синамоқ, имтиҳон қилмоқдир».

       Истилоҳда эса, фитна сўзи кўпинча турли-туман тағибот-ташвиқот, маданий юриш ва ҳоказолар орқали кишиларни диндан қайтариш ёхуд муайян юртда ҳар хил ниқоблар остида ижтимоий парокандаликни юзага келтириш тушунилади.

         Фитна қотилликдан ҳам оғир гуноҳдир. Фитна шуниси билан хатарлики, у келганда асл-моҳияти кўпчиликка ошкор бўлмайди, одамлар алданиб қоладилар. Зотан, луғавий жиҳатдан фитнанинг алдови бор. Фитна келганда одамлар алданиб, нотўғри ташвиқотларга учиб қоладилар.

       Нуайм бин Ҳаммод «Китобул-фитан»да Ҳузайфа ибн Ямон ва Абдулҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳумолардан қуйидаги сўзларни ривоят қилади: «Фитна шундай нарсаки, келганда ўз моҳиятини одамларга ноаниқ қилиб келади. Фақат кетгандагина ўзининг асл башарасини кўрсатади». Одамлар сўрашди: «У ҳолда унинг келиши қандоқу кетиши қандоқ бўлади?» Ҳузайфа жавоб бердилар: «Келиши қиличнинг яланғочланишидир, кетиши қиличнинг қинга солинишидир».

   Ушбу сўзлар фитнанинг асл моҳиятини янада равшанроқ очиб беради. Демак, фитна келган пайтда кўп одамлар унинг моҳиятига етолмас экан. Унинг келиши «қиличнинг яланғочланиши» яъни, парокандалик, қиғинбарот урушлар пайдо бўлишида акс этади. Кетиши эса, «қиличнинг қинга солиниши», яъни урушлар барҳам топиб, яна тинчлик ҳукмрон бўлишида кўринар экан. Бундан келиб чиқадики, фитна келганда унинг ортида турган нарсани яхши билолмаса ҳам оқил киши у туфайли уруш ва тўполонлар содир бўлаётганлигидан фитна нима эканлигини билиб олиши ва ўзини ундан йироқ тутиши лозимдир.

         Бугунги кунда дунёда содир бўлаётган воқеаларни кузатар экансиз, икки буюк саҳобий томонидан фитнанинг асл моҳиятини очиб бериш учун айтилган мазкур сўзларнинг нақадар ҳақлигига тан бермай иложингиз йўқ. Чиндан ҳам фитналар келганда кўпчилик учун унинг асл моҳияти ноаниқ бўлади

 Ўзининг мустаил фикрига эга бўлмаган кишилар бундай ҳолларда дарров «фалончи олим бундай деди, пистончи олим ундай деяпти», деган сўзлар билан фитнани оқламоқчи ҳам бўладилар

        Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик вақтларида асло вужудга келмаган, аммо келажакда пайдо бўлиши мумкин бўлган, халқлар ва миллатлар бирлиги ҳамда осоишталигига таҳдид солувчи фитна-фасод, бузғунчиликлар ҳақида огоҳлантирган эдилар: «Умматимдан қайси бири умматимга қарши чиқса, унинг яхши ва ёмонини фарқига бормаса, мўминга зиён тегишидан ўзини тиймаса, берган ваъдасига вафо қилмаса, у менинг умматим эмас!» (Муслим ривояти).

        Бугунги кунга келиб бутун дунёда фитналар кўпайди, уларнинг моҳияти ўзгарди, қиёфаси бошқача тус олди. Жаҳондаги ёвуз кучлар мусулмонлар бирлигига путур етказиш, парокандалик келтириб чиқариш мақсадида мусулмонлар ўртасида фисқ-фасод, фитна ва бузуқ эътиқодларни ёйишга уринмоқда. Улар бузғунчи ташкилотлар ёки маълум доиралар манфаати йўлида дин ниқобидан фойдаланиб, ҳамма ерда фасод уруғини сочишмоқда. Мамлакатимиз мусулмонлари ҳам бу хатарли фитналар таҳликасидан омонда қолишаётгани йўқ.

        Фурсатдан фойдаланиб, мусулмонларни дин душманларининг яна бир катта фитнасидан огоҳлантиришга тўғри келади. Ҳозирги ғоялар кураши даврида қўпорувчилик ва миссионерлик ҳаракатлари ниҳоятда кучайди. Улар ўз таълимотларини муросасизлик ва зўравонлик билан тарғиб қилишмоқда. Бу йўлда ҳар бир имкониятдан фойдаланишмоқда, ҳеч нарсадан тап тортмай фаолиятларини кучайтиришмоқда. Мақсад, мусулмонлар орасига фитна уруғини сочиш, уларни пароканда қилиш, мамлакатлар ва халқларни бўлиб ташлаб, бир-бирига қарши гиж-гижлаш.

       Кўплаб ҳадиси шарифларда фитнага тушиб қолишдан огоҳлантирилади, унга аралашмаслик, фитнадан узоқ бўлишга чақирилади. Жумладан Имом Бухорий ва Имом Муслим Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда шундай дейилади: «Келажакда фитналар бўлади. У фитналар келганда, ўтирган тургандан яхшидир, турган юргандан яхшидир, юрган (унга қараб) югургандан яхшидир. Ким унга қизиқиб интилса, уни ўзига тортиб олиб ҳалок қилади. Ким ундан қочиб қутуладиган жой (имкон) топса, ўша ердан паноҳ топсин (фитнага аралашмасин)».

       Бу ҳадиси шариф орқали Набий алайҳиссалом фитна ниҳоятда хатарлилигини баён қилар эканлар, у ўзига талпинган, қизиқиб қараган ҳарқандай инсонни ўз домига тортиб, ҳалок этишидан огоҳлантирадилар. Шу боис ҳам ул зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам фитна юзага келганда ўтирган тургандан, турган юргандан, юрган югургандан яхши дедилар. Яъни, бу билан инсон фитнадан қанча узоқ бўлса, шунча яхши экани айтилмоқчи.

Фитна фитнадир бу маълум нарса. Набий алайҳиссалом фитнанинг ўзини эмас, балки ўша фитнани очган кишини лаънатлаганлар.

Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда у зот шундай дедилар: “Финта уйқудадир уни уйғотган кишини Аллоҳ лаънатласин.”

        Аллоҳ таъоло Оли Имрон сурасида шундай марҳамат қилади: “Аллоҳнинг арқонини жам бўлган ҳолларингизда тутинглар ва бўлиниб кетманглар”.

Юқоридаги маълумотлардан фитна миллатни,халқни ва ҳар қандай жамиятни бўлиб ташлашга қодир экан.Фитнадан сақланишга ва бўлиниб кетмаслик динимиз талаби эканлиги очиқ ойдин далиллар билан ўргандик. Келинг азизлар барчамиз учун бир бўлган нарсага бирлашайлик.Фитна келиб чиқишининг олдини олайлик.

У.Мадаминов

Боғот тумани “Назар ота” масжиди имом- хатиби.

Leave a Reply

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *