ОИЛАДА ЭРНИНГ ХАҚЛАРИ

                Аллоҳ  таоло эркакларга оиладек муқаддас қўрғонга раҳбарлик  қилиш вазифасини юклади.  Шу билан бирга эркакларни руҳий ва жисмоний жиҳатдан аёллардан фарқли  қилиб,  уни оила раҳбари бўлишига муносиб  ҳолда яратди. Эркаклар  ўз зиммаларидаги вазифаларини адо этишлари  бу  оиланинг  тинчлиги  ва бахту саодатига  сабаб бўлувчи  энг катта омилдир. Шариатимизда эрнинг аёли олдида молиявий ва маънавий  вазифалари бор. Молиявийлари асосан уч қисмга бўлинади:

Биринчиси,  аёлига  маҳр бериш.  “Маҳр”  ақди никоҳ  ёки эру хотинлик муомаласи бўлиш билан эр зиммасига юкланадиган,  хотинга бериш лозим бўлган молдир.Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Хотинларга маҳрларини мамнунлик билан берингиз! Агар сизларга ўзлари ундан бирор нарсани ихтиёрий равишда кечса (берса)лар, сизлар уни бемалол, иштаҳа билан тановул  қилаверингиз”.(Нисо сураси, 4-оят). Пайғамбаримиз  соллаллоҳу алайҳу васаллам  маҳр борасида шундай марҳамат қиладилар: Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят  қилинган  ҳадисда Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳу васаллам:  “Темирдан бўлса  ҳам бир узик топинг”, деганлар.

Иккинчиси, аёлини озиқ-овқат ва кийим-кечак билан таъминлаш. Дарҳақиқат, эркакларнинг зиммасига аҳли аёл нафақаси фарздир. Бу хусусда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи вассаллам ҳадисларининг бирида: “Киши ўз  қарамоғидагиларини нафақасиз ташлаб  қўйиши унинг қаттиқ  гуноҳкорлигига кифоя  қилади”, дея марҳамат  қилганлар, (Абу Довуд ривояти). Минг афсуслар бўлсинки,  ҳозирги кунда баъзи бир оила бошлиқлари айни шу масалада ўз вазифаларини унутиб  қўймоқдалар.  Ҳатто баъзилари ориятсизлик билан ўз жуфту  ҳалолларини ўзга юртларга бориб,  ишлаб пул топиб келишга мажбурлаётганликлари ва аёлини топган маошига кун кечираётганликлари  ҳам маълум бўлмоқда.

Бундай  ҳолатларни пайдо бўлиши ачинарли ҳолдир.  Жубайр ибн Мутъим розияллоҳу анҳудан ривоят  қилинган  ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир кишига Аллоҳ таоло кенглик қилиб молу давлат берсаю  у киши ўз аҳли аёлига торлик  қилса у биздан эмасдир”, деганлар (Имом Дайламий ривояти). Аҳли-аёлга нафақа бериш энг муҳим ва савобли ишлардан эканлиги ҳақида Жобир  розияллоҳу анҳу  ривоят  қилган  ҳадисда Расулуллоҳсоллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Қиёмат куни тарозуда биринчи тортиладиган нарса кишининг аҳли-аёлига қилган нафақасидир”  (Имом Табароний ривояти). Шу  билан бирга, аёли бемор бўлганда дори-дармон олиб бериш, шифокорга кўрсатиш кабилар  ҳам эрнинг зиммасидаги вазифалардандир. Аёли касал бўлса, отасининг уйига олиб бориб  қўйиш  ҳолатлари  ҳам кўпаймоқда. Соғлик пайтида уйдами, томорқадами, даладами ишлатиб, камига бозорга чиқариб, бетоб бўлиб ишга ярамай  қолганида, парваришга муҳтож бўлиб турганда, ота уйига олиб бориб  қўйиш, ортидан хабар олмаслик, меҳнатга ярайдиган бўлганда, олиб кетишлик инсофли эркакни иши эмаслигини унутмаслигимиз керак.

Учинчиси,  аёлини турар жой билан таъминлаш.  Аллоҳ  таоло бу  ҳақда Қуръони каримнинг Талоқ сурасида айтади: “Уларга  (талоқ  иддасини сақлаётган хотинларингизга) ўзларингиз маскан тутган жойдан  тоқатингизга  қараб жой берингиз”  (Талоқ  сураси 6-оят). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам : “Огоҳ бўлинг! Ҳаммангиз раҳбарсиз ва ҳамман­гиз қўл остингиздагилардан масъулдирсиз.Бас, амир қўл остидаги инсонларга раҳбар ва уларга масъулдир, эркак ўз оиласида раҳбар ва уларга масъулдир”, деганлар.

 Раҳбарлик масъулиятни сезиш мажбуриятларни бажариш демакдир. Ноҳақ ҳукм чиқариб, ножоиз ҳаракатлар қилиш, аҳлларига зулм кўрсатиш маъсият, гуноҳ деганидир. Демак, кишининг мавқеи қанчалик баланд бўлса, жавобгарлиги ҳам шунчалик қаттиқ бўлади.

М.Матяқубов

Қўшкўпир тумани бош имом хатиби

Leave a Reply

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *