СОХТА САЛАФИЙЛАРНИНГ ЁЛҒОН ДАЪВОЛАРИ

Салафийлик оқими исломдаги ҳукм ва фатволарни замон тақозосига кўра эмас, ҳижрий сананинг дастлабки уч асрига мувофиқ равишда тадбиқ этишни олға сурувчи оқим ҳисобланади. Улар араб ва бошқа мусулмон ўлкаларида тарқалган бўлиб, сўнги даврларда Ўрта Осиё ҳудудига киришга хам уринишмоқда. Оқим аъзолари ўн тўрт асрдан бери исломнинг буюк алломалари, фақиҳу-мужтаҳидлари қабул қилган фатволарга амал қилишга қарши чиқадилар.

“Салаф” сўзи араб тилида “олдин ўтган”, “аввал яшаган” деган маънони беради. Истилоҳий маъноси эса Пайғамбар с.а.в. ва у кишидан кейин тахминан уч юз йил яшаб Исломга хизмат кўрсатган олимлар “салафи солиҳинлар” тушунилади. Охирги пайтларда “салафи солиҳларга эргашиш” ни ниқоб қилиб исломий жамиятларга исломнинг илк даврига қайтишни тарғиб қилувчи мутаассиб салафий оқимлар кўп кузатилмоқда.

Ушбу оқимнинг тарихи исломнинг аввалги давридаги воқеалар ва жараёнлар билан боғлиқ. VIII аср охири ва IX аср бошларида “Қуръон махлуқ” (яъни, яратилган) деган ғояни илгари сурган мўътазила оқими пайдо бўлган. Бу ғояга қарши курашишда салафи солиҳинлар тутган йўлни тутиш шарт, деган ғоя илгари сурилди. Бу ўша даврнинг тўғри хулосаси эди.

Зарур ақиданинг ўзгариши ва фиқҳий асослари 1263 – 1328 йилда яшаган Ибн Таймияга бориб тақалади. У кескин ҳаракатлари туфайли тўрт марта зиндонга ташланган. 1328 йилда қамоқхонада вафот этган.

Ибн Таймиянинг фикрига кўра асрлар ўтиши билан Ислом динига турли бидъат ва хурофотлар кирган, уларни тозалаш зарур, бунинг учун “давлатни шариатсиз бошқарган ҳукмдорга жиҳод эълон қилиш керак” деган ғояни илгари сурган. Бу эса кейинги асрларда радикал сиёсий оқимларнинг пайдо бўлишига катта замин яратган.

Ибн Таймиянинг Пайғамбар с.а.в., саҳобалар ва валий кишиларнинг қабрини зиёрат қилиш, шунингдек, тавҳид, Оллоҳнинг макони, такфир (куфр келтириш) ва бошқа ақидавий масалаларда ашъарийлик ва мотуридийликка зид фикрлари ўша давр мусулмон уламоларининг кескин норозилигига учраб, кўплаб раддиялар битилиб, кескин кураш олиб борилган. Шундай бўлсада, бундай ғоялар кейинчалик турли мутаассиб гуруҳ ва ҳаракатлар етакчилари мафкурасига асос бўлиб хизмат қилган.

Хусусан, XVIII асрда ҳар қандай янгиликни инкор қиладиган, тасаввуфни асло тан олмайдиган, васила яъни, восита орқали Аллоҳга мурожаат қилишни куфр, деб ҳисоблайдиган, ўзларига эргашмаганларни “кофир” деб эълон қилган, тарихий манбаларда “қонли даъват” номини олган оқимлар пайдо бўлган. Бунинг оқибатида “Пайғамбаримиз с.а.в. шафоатидан ҳеч қандай наф йўқ”, деган ғоялар тарқалиб, муқаддас зиёратгоҳлар вайрон қилинган.

Ваҳоланки, барча диний манбаларда Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг аждодлари ҳурматга сазовор ва юксак фазилатга эга инсонлар бўлганлиги қайд этилган. Ҳадисларда ҳам у зотнинг насл-насаби Исмоил (а.с.)га бориб тақалиши хусусида маълумотлар бор. Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алйҳининг “Фиқҳул акбар” номли китобида таъкидланганидек: “Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ота-оналари ислом фитрати, яъни исломий табиатда вафот этганлар”.
Шунингдек, сохта салафийларнинг иддаоларига кўра милодий йил ҳисобини ишлатиш, бошқа дин вакилларининг байрам, маданий тадбирларида иштирок этиш ва табриклаш, кийган кийимларини (жумладан, костюм, пальто, галстук тақиш, шим ва кўйлаклар) кийишликни ҳам имонсизлик деб ҳисоблашади.
Секуляризм (дунёвийлик) ва давлатнинг демократик тамойилларини қоралаш, инкор қилиш ҳамда давлат тўнтаришини амалга ошириш орқали ҳокимиятни қўлга киритиш ва халифаликка асосланган тузумни ўрнатиш сохта салафийларнинг асосий мақсади ҳисобланади.

Ҳозирги кунда ҳам сохта салафийлар томонидан эътироф этилган мазҳабларнинг тан олинмаётгани, бадмазҳабликни ёқлаб, мазҳабсизликни ёқлаши уларнинг: “Мазҳаблар турли ихтилофларга замин яратиб, мусулмонларнинг бирлигини бузмоқда”,-деган сохта даъволари ҳам уларнинг асл моҳиятини яққол намоён этади. Зеро, бундай иддаолари билан улар диний бирлик ва ақидавий якдилликка ҳам раҳна солмоқда.
Сохта салафийлар ўз ғояларини ёйишда яширин “ҳужралар” тизими фаолиятини кучайтириш, унда, асосан, ёшларни диний илмларни ўқитиш ва уларга “халифалик”, “жиҳод”, “шаҳидлик” ғояларини бузиб талқин қилган ҳолда сингдириш орқали янги “жамоат”ларни тузишга асосий эътиборини қаратишмоқда.

Сохта салафийлик ғоялари “Ислоҳотчилик”, “панисломизм” каби оқимлар янгидан жонланди. Улар ягона халифалик тузиш ва барча Ислом ўлкалари бир байроқ остига бирлашиши лозим деган ғояни илгари суришади. Бундан мақсад урфдаги мазҳабларни йўқотиш, мазҳабсизликка олиб бориш эди. Бугунги кунда ҳам кузатсак, бундай зарарли ғоялар яна урчиётганига гувоҳ бўляпмиз.

Шунингдек, сохта салафийларнинг иддаоларига кўра, милодий йил ҳисобини ишлатиш, бошқа дин вакилларининг байрам, маданий тадбирларида иштирок этиш ва табриклаш, кийган кийимларини (жумладан, костюм, пальто, галстук тақиш, шим ва кўйлаклар) кийиш ҳам имонсизлик ҳисобланади. Бу мутаассибона қарашлар жамиятда айирмачилик кайфиятини келтириб чиқариши билан ҳар хил низоларни пайдо бўлишига сабаб бўлади, бу нарса муқаддас динимизда тарғиб этилган бағрикенглик тушунчасига ҳам зид келади.

Азизлар ҳар бир ялтираган нарса олтин бўлмагани каби, ҳар бир динни даъво қилувчи тўғри фикрда бўлавермайди, шундай экан ғараз ниятли оқимларнинг “ялтироқ” тузоқларидан огоҳ бўлайлик, муқаддас динимизнинг соф эътиқодини мустаҳкам сақлаб, келажак авлодга софлигича етказайлик.

 

С.Рахматуллаев

Шовот тумани “Юсуф Ҳамадоний” масжиди имомхатиби

Leave a Reply

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *