МУСТАҲКАМ ҚЎРҒОН-БУ ОИЛАДИР.

МУСТАҲКАМ ҚЎРҒОН-БУ ОИЛАДИР.

Инсон оилани ўзига жуфт танлаш билан бошлайди. Турмуш ўртоғини танламоқчи бўлган инсон ўзи учун фақат ёстиқдош эмас, жаннатда ҳам бирга бўладиган йўлдош танлаётганини ҳис қилиши ва шунга қараб ҳаракат қилиши керак. Муносиб умр йўлдоши танлаш инсон ҳаётидаги энг муҳимҳаёт мамот масалаларидан бири ҳисобланади. Насл насабнинг қандай давом этиши, фарзандларнинг тарбияси, одоб ахлоқи, соғлик саломатлиги ҳатто, ьяқин қариндошлар билан борди келдининг сақланиб қолиши ҳам бўлажак умр йўлдошига боғлиқ.

Миллий қадриятларимизга кўра, ота-оналарнинг ёш келин-куёвларга оилавий турмуш ҳақида панд-насиҳат қилишлари, ўз ҳаётий тажрибаларини сўзлашлари одат тусига кирган. Бу ҳам аслида аввалги улуғларимизнинг гўзал одатларидан ҳисобланади. Буюк саҳоба Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу: “Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари янги келинларга эрининг ҳурматини ва хизматини қилишга буюришар эди”, – деганлар. Аёлларимиз турмуш ўртоқларини тансиқ таомлар тайёрлаб, уларни яхши кутиб олишлари ҳам қарз, ҳам фарз ҳисобланади. Уларни кийимларини саранжом-саришта сақлаши, фарзандларига бор меҳрини бериши зарур. Оилани тотувлиги мана шу жиҳатларга боғлиқ.
Пайғамбаримиз (с.а.в.) “Аёлларнинг энг олий ибодати турмуш ўртоғига итоат қилишидир” деганлар. “Агар аёл турмуш ўртоғини юзига қараб, дағал сўзлар айтса, турмуш ўртоғи бу сўздан ғамгин бўлса, Аллоҳ таоло бу аёлни чиройли сўзлар билан турмуш ўртоғини ҳурсанд қилиб кулдирмагунича, азобга дучор қилади” деганлар. Аёлни бахти оила қувончи ва фароғатида эмасми…

Ҳар бир инсон оила муҳитида камолга етар экан, оиланинг барқарорлиги, мустаҳкамлиги ва фаровонлиги жамият тараққиётининг энг асосий шартларидандир.

Ислом динида оилага катта эътибор берилиб, уни қандай ташкил қилиш, оила аъзоларининг ҳуқуқлари фарзандлар тарбияси унинг аъзолари ўртасида чиқадиган келишмовчиликларни бартараф қилиш, умуман, оилавий ҳаётнинг барча масалаларига жавоб топиш мумкин. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қиладики: “Унинг аломатларидан (яна бири) — сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир” (“Рум”сураси, 21-оят).

Оила инсоннинг дунёвий саодатини таъминловчи қўрғондир. Оилада эркак кишининг маъсулияти алоҳида қайд этилган. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат қилиб: “Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига ) ўз мол-муликларидан сарф қилиб туришларидир” — деган.

Оила бошлиғи бўлмиш эркакнинг зиммасига муайян вазифалар юклатилган. Яъни, эрнинг ўз хотини олдида ҳам ижтимоий ҳам жисмоний, ҳам молиявий бурчи мавжуд. Аллоҳ таоло марҳамат қиладики:

“…Улар билан тотув турмуш кечирингиз…”

Оила – инсоният тарихининг ҳамма даврларида жамиятнинг асосий бўғини бўлиб келаётган муқаддас даргоҳ бўлиб ҳисобланади. Ҳақ таоло ўзининг пайғамбарлари орқали оила масаласига алоҳида аҳамият бериб, унинг мустаҳкам бўлиши, ундан кўзланган мақсад юзага чиқиши учун ҳар қайси даврга мувофиқ низом ва қонунлар жорий этган. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда уйланиб, оила қуриш пайғамбарларнинг суннати эканлигини таъкидлаб бундай дейди: “Дарҳақиқат, сиздан илгари ҳам (кўп) пайғамбарлар юборганмиз ва уларга хотинлар ва зурриётлар берганмиз” (“Рад” сураси, 38-оят).

Мустаҳкам ва саодатли оилада эр-хотин ўзаро тотув яшаши бир бирининг яхши ва ёмон жиҳатларини кўтариши, айб ва камчиликларини кечириши, тинч ва тотув яшаши лозим. Аллоҳ таоло барча жонзотларни, шунингдек, инсонларни ҳам жуфт-жуфт бўлиб яшашга мос ҳолда яратган. Оила инсон зоти яратилганидан бошлаб давом этиб, инсоният тарихининг ҳамма даврларида ҳар қандай тузум, шароитда ҳам кишиларнинг асосий ва муҳим ҳамда шарафли ишларидан ҳисобланади.

Дарҳақиқат, Ислом дини ўз аёлларига нисбатан яхши муносабатда бўлган эркакларни инсонларнинг энг яхшилари қаторига қўшади. Бу ҳақда Расулуллоҳ (с.а.в) шундай деб марҳамат қиладиларки: “Сизларнинг ичингиздаги яхши эркак ўз аҳли аёлига нисбатан яхши муносабатда бўлганидир. Мен эса ўз аҳлимга сизлардан кўра яхшироқ муносабатдаман”.

Ривоят қилинишича, саҳобалар Расулуллоҳ (с.а.в.)дан: “Зиммамизда хотинларимизнинг қандай ҳақлари бор?” деб сўрашганда, У зот (с.а.в.): “Еганингизда уни ҳам едирмоғингиз, кийганингизда кийдирмоғингиз, юзига урмаслик, ёмон сўзлар билан ҳақорат қилмаслик, фақат хонадан чиқмаган ҳолда ўринни бошқа қилиб ётмоқлик”, дедилар. (Абу Довуд ривояти)

Эркак кишининг энг катта бурчи ўз қарамоғидагиларни ўзгаларга қарам бўлиб қолишига йўл қўймасликдир. Дарҳақиқат, эркакларнинг зиммасига нафақаи аҳли аёл фарздир. Паёғамбаримиз (с.а.в.)нинг ҳадисларининг бирида: “Киши ўз қарамоғидагиларини нафақасиз ташлаб қўйиши унинг қаттиқ гуноҳкорлигига кифоя қилади”, деб марҳамат қилганлар. Абу Ҳурайра (р.а.) Пайғамбаримиз (с.а.в.)дан ривоят қилган ҳадисда бундай марҳамат қилинади: “Сизларнинг яхшиларингиз аҳли аёлига яхши муомалада бўлганларингиздир. Мен ҳаммангиздан кўра аҳли аёлига яхшироқ муомала қилгувчингизман”. (“Ал жомеъ ас Сағир”)

Оилаларнинг маънавий камолоти, моддий фаровонлиги, фарзандлар бахт саодати, уларнинг нурли келажаги учун давлатимиз истиқлол йилларида кўп хайрли ишларни амалга ошириб келмоқда. Ўз навбатида биз ҳам ҳазрати пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг: яъни “Яхшилик қилишни, меҳр шафқат ва меҳрибонликни оилангдан бошла” (Табароний ривояти), деган ҳикматли ҳадиси шарифларига мувофиқ оилани мустаҳкамлаш учун зарур бўлган барча эзгу ва савобли ишларни қилишимиз лозим бўлади.

Ў.Жуманазаров

Ҳазорасп тумани “Шоҳпир”

масжиди имом-ноиби

Leave a Reply

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *