ДИН ПЕШВОЛАРИГА ТУХМАТ ҚИЛИШ-ИЙМОННИНГ НУҚСОНЛИ ЭКАНЛИГИДАН ДАЛОЛАТ

Ислом дини таълимотига кўра уламолар Аллоҳ таоло ҳузурида энг шаънлари улуғ, қадрлари юксак зотлар ҳисобланади. Кўплаб ҳадис ва асарларда уларнинг қадамлари остига фаришталар қанот ёзишлари, еру осмондаги барча мавжудотлар ҳатто сув остидаги балиқлар ҳам истиғфор айтишлари айтиб ўтилган.

Уламоларни қадрлаш ва эҳтиром қилиш шаръан вожиб амаллардандир. Зеро уламолар анбиёларнинг меросхўрларидир. Анбиёлар молу дунёни эмас, балки илмни мерос қолдирганлар. Аллоҳ таоло ўз каломида марҳамат қилиб “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур” (Мужодала сураси 11-оят) деган.

Ушбу ояти карима орқали олимлар билан жоҳиллар Аллоҳнинг ҳузурида ҳам, жазо ва мукофотда ҳам тенг бўлмаслиги таъкидланяпти.

Шундай экан илм аҳлларига нисбатан одобсизлик қилмаслик, уларга азият бермаслик лозим.

            Бизнинг юртимизда ҳам азалдан дин пешволарини, диний соҳа ходимларини ҳурматини жойига қўйиб, уларга юксак эҳтиром кўрсатиб келишган. Бунинг яққол мисоли сифатида Муҳтарам Президентимиз томонидан «Вақф» хайрия жамоат фондига 150 млрд сўм ажратилиб, шу маблағдан диний соҳа ходимлари ҳам моддий рағбатлантирилди. Бу эса диний соҳа ходимларига кўрсатилган юксак эҳтиромдир.

Аммо ушбу қилинган эҳтиромни кўролмайдиган инсонлар ҳам йўқ эмас. Куни кеча Facebookда диний соха ходимларига қилинган моддий ёрдамни қоралаб, имомлар ўзи нима иш қилади, уларга нима кераги бор эди қабилидаги сўзлар билан имом-хатибларни обрўсизлантиришга уринмоқчи бўлганларни учратдик. Хўш, имом-хатибларни бундай сўзлар билан обрўсизлантириб, уларнинг шаънига тегадиган гап сўзлардан уларга нима фойда.

 Аввалам бор ушбу биродаримизга шуни етказмоқчимизки, диний соҳа ходимлари ҳам Ўзбекистон фуқароси. Бутун дунё бошига келган COVID-19 сабабли карантин эълон қилинганидан буён, масжидлардаги ишчи ходимлар ойлик олгани йўқ. Уларнинг ҳам оиласи бор, улар ҳам оиласини боқиши керак. Халқимизда бир нақл бор. Сахийнинг қўли очилса-бахилнинг бош оғрийди. Карантин эълон қилингани билан имом-хатибларимиз бекор ўтиргани йўқ. Карантинга амал қилиб, фуқароларимиз ўз уйларида ўтирган пайтда имом-хатибларимиз жонини жабборга бериб, вирус юқишининг олдини олиш мақсадида химоя ниқоблари, қўлқоплар тарқатиб, халқ манфаатига хизмат қилиб юришибди. Саховатпеша хомийларни жалб қилиб, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бўлган ва кам таъминланган оилаларга ёрдам бераяпти. Хозирда хам ушбу ишларни амалга ошириб, ОАВлар орқали ҳамда ўзларининг шахсий каналлари орқали ўз маърузалари билан қўлдан келганича ёрдам бериб келишмоқда.  Нимага сизларнинг бошингиз оғрийди. Уларга фойданг тегмаяптими зараринг хам тегмасинда.

Карантин бошланганидан беш ойдан буён масжидлардаги ишчи ходимлар ойлик олишмади. Улар ўзларининг ҳалол меҳнатлари ортидан оиласини боқишмоқда. Эртага ҳисоб китоб кунида оила бошлиғи оиласидан сўралади. Хўш сен аҳли-оилангни моддий тарафлама таъминладингми ёки йўқми деган савол берилади. Бу эса ҳар битта оила бошлиғининг зиммасидаги улкан масъулиятлардан биридир.

Расулуллоҳ (с.а.в.)дан сўнг одамларни ҳаққа чақирадиган, билимсизларга таълим берадиган, адашганларни йўлга соладиган ва халқ орасида бидъатлар тарқалишининг олдини оладиган зотлар уламолар эканлигини унутмаслигимиз керак азизлар!

Бу айтаётган сўзларимиз орқали бир нарсани етказмоқчимизки, диний соҳа фаолиятида хизмат қилаётганларнинг ичида ҳам уламоларимиз борлигини унутмасинлар!

Уламоларни ғийбат қилиш бошқаларни ғийбат қилишдан кўра хавфлироқ. Ғийбат ўлимтик гўштини ейишга ўхшатилган бўлса, олимни ғийбат қилиш унинг заҳарланган гўштини ейишга ўхшатилган.

Уламоларни ҳурмат қилиш иймоннинг саломатлигига далилдир. Уларни камситиш эса нифоқ аломатидир. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳ васалламни фақат мунофиқлар ёмон кўришар, у зотни камситишга ҳаракат қилишарди. Олимларимиз Набий соллаллоҳу алайҳ васалламнинг омонатларини етказувчилардир. Шу маънода уларни ёмон кўриш мунофиқлик аломатлардан дейилади.  Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳ васаллам: “Катталаримизни  улуғламаган, кичикларимизга раҳм қилмаган ва олимларимизнинг ҳаққини билмаган умматимдан эмасдир”, дедилар”.

Шунинг учун билиб билмасдан бўҳтону ғийбатларга аралашмасдан тилимизга эҳтиёт бўлиб, муомалани чиройли қилиб яшайлик азизлар!

 

 

 

 

Абдуллаев Хайрулло

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хоразм вилояти вакили

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *