Ўйнаб гапирсанг ҳам ўйлаб гапир.

Маълумингизким яқинда давлатимиз тарафидан диний соҳага ёрдам сифатида маълум бир миқдордаги маблағ ажратилди. Шундан маълум бир қисмини диний соҳа ҳодимлари имом- хатиблар, ноиб имомлар, масжид  ҳисобчиларига берилди. Бу бизнинг яқин тарихда биринчи бўлаётган ишдир. Масжид имоми ва ходимлари яқин беш ой давомида маош олаолмаётганлигини билган мутасаддилар томонидан уларга ёрдам сифатида ажратилган бу маблағ айни уламоларга ва диний соҳа ҳодимларига кўрсатилган ҳурмат ва қўллаб қувватлов бўлди десак янглишмаймиз.

Аммо ижтимоий тармоқларда давлатимиз тарафидан берилган бу ёрдамни кўралмаётган, «улар нима қилиб қўйди нимага уларга берилиши керак, давлат бу имомлардан сиёсий мақсадда фойдаланиш учун буларга шу маблағни берди» деб ёзиб, ғаламислик  қилиб фитна фасод қилаётганлар ҳам йўқ эмас. Бундай кимсаларнинг мақсади юртимиз уламоларини таҳқирлаш ва обросизлантиришга уруниш бўлса қуйидаги ҳадисни ўзи учун айтилган деб ҳисоблайверсин.

Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким кичикларимизга раҳм қилмаса,катталаримизни улуғламаса,олимларимизнинг ҳаққини билмаса биздан эмасдир”.

Азизлар Уламолар ҳақида танқидий гапиришдан эҳтиёт бўлиш лозим.

Абу Дардо розияллоҳу анҳу: “Сизлар уламоларнинг фаросатидан эҳтиёт бўлинг! Агар улар сизнинг зарарингизга гувоҳлик беришса, сизларни дўзахга ағдариб юборишади. Аллоҳга қасамки, Аллоҳ таоло уларнинг қалблари ва кўзларига ҳақни кўрсатиб қўяди”, деганлар.

Ёки бошқа бир хадисда, Абу Дардо (р.а.) айтади: «Набий (а.с.): “Олимнинг обиддан ортиқлиги менинг сизларнинг энг пастингиздан ортиқлигим кабидир. Дарҳақиқат, Аллоҳ ва фаришталари, осмонлар ва ер аҳллари, ҳатто уясидаги чумоли ва балиқ ҳам одамларга яхшиликни таълим берадиганга салавот айтади”, дедилар» (Абу Довуд ривояти).

Ҳа азизлар Раҳмоннинг берганига бахиллик қиладиган шайтонлар ҳамма вақт топилади.

Улар билмайдиларми имомлар ҳам шу юрт фуқароси эканлигини, яқин ўтган беш ой давомида (аввалгилари ҳақида тўхталиб ўтирмайлик) имомларнинг ташаббуси ва тарғиботи ила қанчадан қанча мухтож оилаларга моддий ёрдам кўрсатилганини ёки беш ойдан буён маошсиз қолган имом ва масжид ҳодимларининг ҳам оиласи борлигини билмайдиларми?

Биладилар аммо билиб туриб билмасликка ва кўриб туриб кўрмасликка оладилар.

Бундай саволлар рўйҳатини яна давом эттиришимиз мумкин. Асосийси юрт уламоларининг обрўсини тўкишга ва уларга таъна дашном ёғдираётган кишиларга ҳам инсоф берсин.

Биз ишонамизки юртимиз уламолари, имом-хатиблар бундай фитначиларнинг гап сўзларига этибор қилмайдилар.

Бундан кейин ҳам дини, халқи ва ватани равнақи учун фидоийлик ила ҳизматларини давом эттирадилар.

Рашидбек Эрназаров

Боғот тумани бош имом –хатиби.

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *