Охирги пайтларда аҳли илмларни обрўсизлантиришга ҳар тарафдан турли

кўринишдаги уринишлар авж олди. Бу ҳолат бутун дунё бўйлаб кузатилмоқда. Бу ҳолат араб оламида ҳам бор. Афтидан, бу иш атайин, режали қилинаётир. Ахборот уруши ичида бундай режани амалга ошириш анча осон кечмоқда. Кишилар ўзлари билган-билмаган ҳолатда ушбу нохуш ишга аралашиб қолмоқда. Энг хатарлиси – бу ҳаракат кўпинча ҳақиқат ҳимояси даъвоси остида олиб борилаётган бўлса-да, аслида бошқа мақсадларга етаклаб кетмоқда. Бу ҳолат, айниқса, ижтимоий тармоқларда жуда ҳам оммалашди. Шу боис мана шу мавзуда айрим мулоҳазаларни сиз билан баҳам кўргим келди.

«Қорий Қуръонлар жамиятга кераксиз инсонлар. Диний соҳа вакилларига нега пул ажратиляпти. Имом хатибларга жамиятга қандай фойда келтиряпти?», каби гапларни айтишга шошилманг! Бу сатрларни муаллиф кўп мулоҳаза ва кузатувлардан кейин ёзмоқда ва барчасини чин кўнгилдан, самимий қалб ила, яхши мақсадда ёзмоқда. Ножўя ғараз йўқ, буюртма йўқ ва бирор маълум ҳодисага қайдланмаган, умумий ҳолат тақозосида ёзилмоқда.

Кўпчилик одамлар аҳли илмларни, имом-домлаларни танқид қилишда, уларни қоралашда фақат танганинг бир тарафига, юзасига қараб гапирмоқда. Аслида эса танганинг бошқа тарафи ҳам бор.

Очиғини айтганда, дин пешволарига, олимларига нисбатан таъқиб ва тазйиқларнинг, синовларнинг юздан бири бошқа бирор соҳа вакилларининг бошига тушганида ўша соҳа аллақачон таг-туги билан йўқ бўлиб, ер юзидан супурилиб кетган бўлар эди. Аммо Аллоҳ таоло Ўз динини сақлашни ваъда қилгани учун, бу диннинг буюклиги, ҳудудларни эмас, қалбларни забт этгани сабабли ва Парвардигор Ўзи ҳидоят инъом этган мухлис зотларнинг фидокорона хизматлари эвазига Ислом илмлари қайта жонланиб, аҳли илмлар силсиласи узилмай давом этиб келмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, аҳли илмни, дин пешволарини ҳурмат қилиш аввало ўзимизга фойда. Бу билан жамиятнинг, хусусан, ёшларнинг илмга рағбати ошади, келажакка ишончи ортади. Тажрибалардан маълумки, аҳли илмларга муҳаббатли кишиларнинг зурриётларидан олимлар чиқади.

 

Р. Отажонов

Янгиариқ туман бош имоми

 

 

 

 

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *