Карантин пайтида ибодатларимизни ўз уйимизда адо қилайлик

Бандаларнинг Аллоҳга бўлган ишончи, Унга бўлган таваккули ва ўзаро бир-бирларига бўлган мурувват ва эҳсонлари қай даражада эканлигини синаш учун Аллоҳ таоло баъзида мана шундай қийинчиликларни юбориб туриши Ҳақ таолонинг суннатидир. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:

 “Албатта, Биз, то сизларнинг орангиздаги жидду-жаҳд қилувчи ва сабр қилувчиларни билгунимизча ҳамда сизларнинг хабарларингизни синаб бўлгунимизча, сизларни имтиҳон қилурмиз” (“Муҳаммад” сураси, 31-оят).

Шундай экан, мусулмон киши Аллоҳнинг иродаси билан келган синов пайтида шундай одоб ва ахлоқ меъёрларига эга бўлиш лозимки, у билан ўз ибодатини, ахлоқини ва инсонийлигини муҳофаза қилиб, синовдан ўтиб олиши даркор. 

Мана ҳозир ҳам Аллоҳ таолонинг шундай синовларини бошимиздан ўтказмоқдамиз. Бу ҳам бўлса Пандемия даврида масжидларимизда эмин эркин ибодат қила олмаслигимиздир. Барчамизга маълумки, масжидларда тўпланиб ибодат қилиб, инсонларнинг ҳаётини хавфга қўймаслик яъни бир биримизга вирус юқтиришнинг олдини олишимиз мақсадига мувофиқдир.

Бундай вазиятларда биз, аҳли илм, олим уламоларимизнинг кўрсатмалари ўлароқ динимизнинг аҳкомларига асосан мўмин-мусулмонларни, айниқса бундай пайтларда Ислом динимиз таълимотларига амал қилишларига ундаб қоламиз.

Давлатимиз ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан чиқарилаётган барча кўрсатмалар ҳам инсоннинг соғлигини сақлаш мақсадида қилинаётган чора тадбирлардир. 

Ҳозирда ижтимоий тармоқларда баъзи бир тушунмаган фуқароларимиз томонидан масжидлар очилсин деган талаб билан чиқаётган эканлар. Азизлар масжидларнинг очилишини нафақат сиз, бутун юртимиздаги инсонларнинг орзусидир. Шу пайтгача ҳаммамизнинг хабаримиз бор, масжидларимизда ҳамма намозхон биродарларимиз билан ихлос билан беш вақт намозларимизни адо қилаётаган эдикку? Ҳеч ким қаршилик ҳам қилаётгани йўқ эди тўғрими эмасми? 

Энди эса ушбу синовли кунларда намозларимизни ихлос билан ўз уйларимизда адо қилиб туришлигимиз лозим.  

Бутун дунё бўйлаб, коронавирусга қарши курашда энг яхши чора сифатида маъқулланган “Уйда қолинг!” чорлови асл моҳиятига кўра Ислом динининг бош манбаига мувофиқ. Қуръони каримдаги бир қиссада чумолилар жамоаси бир-бирларини хавф-хатардан огоҳ этишлари, уларнинг тилидан шундай баён этилади: «Эй чумолилар, масканларингга киринглар, (Намл, 18). Бошқа ояти каримада эса: “Аллоҳ сизларга уйларингизни оромгоҳ қилди”, деб таъкидланган (“Наҳл” сураси, 80-оят).  

Ушбу ояти каримадан маълум бўладики, инсон учун энг тинч-оромбахш жой унинг уйи ҳисобланади. Уй ҳам Аллоҳ таолонинг неъматларидан биридир. Инсон ўз уйичалик бошқа жойда хотиржамлик ҳис қилмайди. Бугун коронавирусдан энг яхши ҳимояланиш чораларидан бири уйда қолиш экани кўп таъкидланмоқда. 

Ҳар қандай машаққатга сабр қилиш энг афзал иш эканига хушхабарлар бор. Аллоҳ таоло айтади: «Ҳеч шак-шубҳа йўқки, сабр-тоқат қилувчиларга ажр-мукофотлари ҳисоб-китобсиз, тўла-тўкис қилиб берилур» (“Зумар” сураси 10-оят). Шундай экан биз ҳам саноқлик кунларда имтиҳон ўлароқ юртимиздан Яратганнинг Ўзи бу касалликни кўтариб яна тинчлик ва саломатлигимизни барқарор қилсин.

Азизлар ушбу ояти карималарга амал қилиб, ушбу шароитда бир биримизни тўғри тушунган холда, ибодатларимизни ўз уйимизда адо қилайлик. 

Хайрулла АБДУЛЛАЕВ,

Хоразм вилояти бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *