УЛАМОЛАРНИНГ ДУОСИНИ ОЛИШГА ШОШИЛАЙЛИК АЗИЗЛАР! 

 

Қуръони каримда «Албатта, Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларигина қўрқарлар», деб марҳамат қилган. 

Ва яна «Бу мисолларни одамларга келтирамиз, уларга фақат олимларнигина ақли етар», деган.

    Ассаламу алайкум Ҳурматли биродарлар! Аллоҳ таоло барчаларимизни ўзининг мустақим йўлида бардавом айласин. Бундай таҳликали замонда бир биримизни ҳурматимизни жойига қўйиб, бўҳтону туҳматлар қилишликдан Аллоҳнинг ўзи сақласин.

 Бугун шундай холатда яшамоқдамизки, баъзи бировлар қилаётган хизматларнинг фақат салбий томонини кўрадиган бўлиб қолишган.  

Айниқса Интернетдаги ижтимоий тармоқларда бугун илми бор ҳам, илми йўқ ҳам ёзаверадиган бўлди. Бугун facebook каналида юқорида айтиб ўтган тоифага кирувчи айрим кимсалар Ислом динига ҳамда Жонажон Ўзбекистонимиздаги диний соҳага ўзларининг ёрдамларини аямасдан, Холис Аллоҳ учун хизмат қилиб, юртимизда кўплаб масжиду мадрасалар, олий ва ўрта махсус диний билим юртлари ҳамда зиёратгоҳларни обод бўлишлигида ўзларининг улкан хиссаларини қўшиб келаётган Муфтий Ҳазратларига нисбатан ҳам тош отадиган баъзи бировлар пайдо бўлди. Аввало ушбу биродаримизга ҳамда шунга ўхшаш инсонларга бир нарсани эслатмоқчимиз.  Чунки Аллоҳ таоло ўзининг каломида “Ва эслатгин. Албатта, эслатиш мўминларга манфаат берур»  деб марҳамат қилган. («Зориёт» сураси, 55-оят).

Бир гапни биз унутиб қўйдик азизлар! “Пайғамбар соллаллоху алайхи васаллам: «Аллох кимга яхшиликни ирода килса, уни динда фақих қилиб қўяди. Албатта, мен тақсимловчиман холос, Аллох беради”  деган сўзларини унутдик. 

Ҳа азизлар! Инсонларнинг афзали бўлган Пайғамбаримиз с.а.в шундай дедиларми, биз бунга албатта ишонишимиз лозим.  Энди ушбу кимсаларга мурожаатимиз шундан иборатки, демак Аллоҳ таоло ўзининг бандасини тақво борасида мустаҳкамлиги билан, динда буюрилган ишларни вақтида қилиб, қайтарган нарсаларидан ўзини тийиб, холис ният билан савоб умидида қилган хизматларни эътиборга олиб, уни динда фақих қилиб қўяди экан.  Биз ўзимизга савол бериб кўрайлик. Хўш мен ўзим динимиз йўлида бирон бир хайрли ишни амалга оширдимми-деган саволни бериб кўрайлик. Агарда қилган бўлсак, бунинг нақадар машаққатли эканлигини билсак эди, бу каби гап сўзларни айтмаган бўлардик. Ҳазрат ёшлари улуғ инсон бўлишларига қарамай, бизларданда кўп хизмат қилмоқдалар. У инсоннинг қилаётган хизматларини билайлик. Уламоларга тош отмайлик. Бунинг оқибати аянчли оқибатларга олиб келишлигини ўйлайлик.       

Пайғамбаримиз соллаллоху алайхи васалламнинг “Олимнинг обиддан фазли, худди ойнинг бошқа юлдузлардан фазлига ўхшайди. Албатта, олимлар Пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Албатта, Пайғамбарлар динорни хам, дирхамни хам меърос қолдирмаганлар. Албатта, улар илмни меърос қолдирганлар. Ким ўшани олса, улуғ насибани олибди», деганлар.

Демак уламоларимизни турли хил гап сўзлар билан вақтини олмасдан, уларнинг дуосини олишга шошилайлик. Юқоридаги ҳадиснинг охирги сўзларига эътибор беришингизни сўрардим..  

Пайғамбаримиз соллаллоху алайхи васаллам “Албатта, улар илмни меърос қолдирганлар. Ким ўшани олса, улуғ насибани олибди” демоқдалар. Кўриниб турибдики, уларнинг вақтини эмас дуоларини олишимиз керак экан. Авваллари ота боболаримиз фарзандлари илмли ва салоҳиятли фарзанд бўлиб етишиши учун, уламоларнинг ва аҳли илмларнинг дуоларини олиб чиқишган. Шунинг учун ҳам биздан етук-етук инсонлар етишиб чиққанлиги ҳаммамизга маълум. 

Хозирги кунда кўпчилигимиз интернет тармоғидан кенг фойдаланмоқдамиз. Лекин билиб билмасдан, бекорчи нарсаларни ёзишдан ўзимизни тўхтатайлик. Хабарингиз бор, хозирда бутун дунёни ларзага солаётган вирусдан кўпчилик инсонлар азият чекмоқда. Буни ҳам Аллоҳ таоло синов тариқасида юборган. Вақтингизни беҳуда нарсаларга сарфламасдан, имконингиз борида ибодатларингизни вақтида адо қилиб, Аллоҳдан ўзингизга саломатлик сўранг. Уламоларга тош отишдан қўрқинг. Ҳар бир инсоннинг қилган ҳалол меҳнатларини қадрлашга ўрганинг. Анашунда сизнинг наслингиздан ҳам, таълим тарбияли ва салоҳиятли зуррииётлар дунёга келади.

Аллоҳ таоло барчаларимизни вақт неъматининг қадрига етиб, вақтимизни беҳуда нарсаларга сарфлашдан ўзи асраб, икки дунёда ҳам юзларимизни ёруғ қилсин. 

                    Абдуллаев Хайрулло

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хоразм вилояти вакили

 

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *