ЎЗБЕКИСТОНДА ВИЖДОН ВА ЭЪТИҚОД ЭРКИНЛИГИ КАФОЛАТЛАНГАН!

Дунё аҳли бугун инсоният тараққиётининг кескин бурилишлар рўй бераётган тарихий босқичида яшамоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, «Дунё шиддат билан ўзгариб, барқарорлик ва халқларнинг мустаҳкам ривожланишига рахна соладиган турли янги таҳдид ва хавфлар пайдо бўлаётган бугунги кунда маънавият ва маърифатга, ахлоқий тарбия, ёшларнинг билим олиш, камолга етишга интилишига эътибор қаратиш ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир».

Маълумки, Ўзбекистон замини ислом илм-фани ва маданиятининг қадимий бешикларидан бири ҳисобланади. Халқимизнинг бой тарихий, илмий, маънавий меросини ҳар томонлама ўрганиш, жаҳон афкор оммасига кенг таништириш, энг муҳими, ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб бериш мақсадида кейинги даврда мамлакат Президенти бир қатор ташаббусларни илгари сурди. Ушбу ташаббусларнинг замирида «Жаҳолатга қарши – маърифат» шиори мужассам. Шу негизда мамлакатимизда муқаддас динимизни, буюк аждодларимизнинг бой меросини ўрганиш, тарихий обидаларни асраб-авайлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Конституцияси ва миллий қонунчиликда кафолатланган виждон ва эътиқод эркинлиги барча фуқароларнинг диний эҳтиёжларини қондириш учун зарур шароитларни яратди. 

Ўзбекистонда давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бири – бағрикенглик ва инсонпарварлик маданиятини ривожлантириш, миллатлараро ва фуқаровий ўзаро аҳилликни мустаҳкамлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашдир. Ҳар йили 16 ноябрда Халқаро бағрикенглик кунини нишонлаш анъанага айланган. 

Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Президенти БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурган «Маърифат ва диний бағрикенглик» номли махсус резолюцияни қабул қилиш тўғрисидаги ташаббус кенг жамоатчилик томонидан ижобий баҳоланганини алоҳида қайд этиш даркор. Ушбу ташаббуснинг асосий мақсадларидан бири бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш, уларни камситишга йўл қўймасликка ёрдам бериш ҳисобланади.

Кейинги даврда Самарқандда – Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Тошкентда – Ислом цивилизацияси маркази, Бухорода – Мир Араб олий мадрасаси, Термизда – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази Ўзбекистоннинг бой илмий ва маънавий меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб қилишга хизмат қилмоқда. Қаршида – Абу Муин Насафий зиёратгоҳи реконструкция қилиниб, ушбу маърифат марказида ақида илми мактаби ташкил этилмоқда. Ўтган йилларда Ўзбекистонинг Ислом академияси илмий ва илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш бўйича ўз фаолиятини бошлади.

Ўзбекистоннинг дин ва эътиқод эркинлиги, бағрикенглик ва ўзаро ҳамжиҳатлик, маърифат ва барқарорлик, тинчлик ва тараққиётни таъминлашга қаратилган ташаббусларининг самаралари эътироф этилгани, шубҳасиз, бу борада бизга янада катта рағбат бағишлайди.

Р. Отажонов

Янгиариқ туман бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *