ВИЖДОН ЭРКИНЛИГИ КАФОЛАТИ – ҚОНУННИНГ АСОСИЙ МАҚСАДИДИР

    Истиқлолга эришганимиздан кейин юртимизда виждон эркинлиги Бош қомусимизда кафолатлаб қўйилди. Виждон эркинлиги бу –ҳар бир фуқаронинг бирор  динга эътиқод қилиши ёки қилмаслик ҳуқуқидир.

   Айнан Бош қомусимизда кафолатланган ҳақ ва ҳуқуқлар кейинчалик қабул қилинган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунда тўлалигича мужассам бўлди.

     Бошқа динлар ва конфессиялар каби юртимизда ислом динига бўлган эътибор ва эътирофнинг амалий натижаларини кундалик ҳаётимизда кўриб турибмиз. Аҳолининг кўпчилиги мусулмон бўлган мамлакатимизда айнан ушбу қонун кучга киргач, диндорлар учун барча шароитлар яратиб берилди. Диндорлар ибодатларини эмин-эркин бажаришлари учун кўплаган жоме масжидлари очилди, янгидан қурилди. Шунингдек, диний таълим берувчи мадрасалар фаолият бошлади.

    Икки йил аввал Президентимиз ташаббуслари билан бунёд этилган “Охун бобо” жоме масжиди бутун минтақада энг йирик масжид ҳисобланади. Фуқаролар бундай муҳташам жоме масжидини неча йилларки орзу қилгандилар.

     Вақт бир жойда тўхтаб турмайди. Ҳозирги глобаллашув замонида, яъни ахборот технологиялари ривож топган даврда бошқа соҳалардаги каби диний соҳада ҳам бир қатор муайян ўзгаришлар қилишни вақт тақозо этаётганди. Куни кеча матбуотда эълон қилинган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири айнан ана шу янгиликларни амалиётга тадбиқ қилиш, виждон эркинлигини қатъиян кафолатлаш ҳамда диний ташкилотларни рўйхатга олиш, уларнинг фаолият юритиши каби ҳуқуқий ҳолатларни тартибга солиш, уларнинг эркин фаолият юритишлари учун имкониятлар яратиб беришни назарда тутади.

     Қонуннинг янги таҳрирининг 1-боби 1-моддасида Қонуннинг мақсадлари белгилаб берилган. Яъни,  “Қонуннинг мақсади ҳар бир шахснинг виждон эркинлиги ва диний эътиқод ҳуқуқини, динга муносабатидан қатъий назар, фуқароларнинг тенглигини таъминлаш, шунингдек, динлараро ва миллатлараро тотувликни сақлаш мақсадида ваколатли давлат органлари ва диний ташкилотлар ўртасидаги ўзаро муносабатларни тартибга солишдан иборат”, дея белгилаб берилган.

    Янги таҳрирдаги Қонуннинг 1-боби 6-моддаси “Тенглик принципи” деб номланиб, бу бобда фуқароларнинг динга мансублигидан қатъий назар қонун олдида тенглиги кафолатланган. Ва айни пайтда чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан тенг равишда виждон эркинлиги ва диний эътиқод эркинлиги ҳуқуқидан фойдаланишлари кўрсатилган.

    Шунингдек, Қонун лойиҳасида диний ташкилотларнинг ҳуқуқлари белгилаб берилган. Айнан Қонуннинг 20-моддаси шундай аталиши бежиз эмас. Ушбу бобда диний ташкилот ҳуқуқлари куйидагича эътироф этилади: ибодат қилиш ва диний маросимлар ўтказиш учун мўлжалланган жойларда қулай шарт-шароитлар яратиш. Биз бу ҳуқуқларнинг амалиётини ҳозирги фаолиятимизда яққол кўрамиз. “Охун бобо” жоме масжидимизда бу борада барча шароитлар муҳайё қилинган. Шу билан бирга воҳага ташриф буюраётган хорижлик сайёҳларнинг намозларини адо этишлари ҳам инобатга олиниб, барча қулайликлар яратилган.

     Қонун лойиҳаси 7 боб ва 48 моддадан иборат бўлиб, унда назарда тутилган барча ҳуқуқий меъёрлар ўз ифодасини топган. 

    Айниқса, ҳозирги глобаллашув замонасида айрим экстремистик ташкилотларнинг динлар ғояларини бузишга бўлаётган уринишлари, уларга қарши ҳар доим огоҳ бўлиш каби ҳолатлар, яъни бузғунчи ғояга эга диний ташкилотларнинг яширин фаолият юритишларига қарши давлат органлари билан бир қаторда диний ташкилотлар ҳам биргаликда курашишлари кераклиги, бу борада масъулиятни ҳис қилиш шартлиги  ҳам Қонуннинг айрим моддаларида ўз ифодасини топган.

     Бир сўз билан айтганда, ушбу Қонуннинг янги таҳрири қабул қилиниб, амалиётга айлангач, юртимизда виждон эркинлиги принциплари қатъий ўз ўзанига эга бўлади. Бу эса бошқа динлар каби ислом динимизнинг юртимизда ривожига хизмат қилади.

Ҳасанбой КЕНЖАЕВ,

Урганч шаҳри бош имом хатиби.

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован.