МУСТАҚИЛЛИК ЙИЛЛАРИДА ДИНИ СОҲА РИВОЖИ

Мустақиллик-яратганнинг бизга берган энг катта неъматларидан биридир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда:  “Раббингизнинг (Сизга ато этган барча) неъмати ҳақида эса (одамларга) сўзланг!”, – деб марҳамат қилган.  (Зуҳо сураси, 11-оят).

Ушбу оятнинг ҳукмига биноан ўтган йиллар давомида юртимизда амалга оширилган хайрли ишлар, эришилган ютуқларимизни яна бир карра эслаб ўтмоғимиз мақсадга мувофиқ бўлади. Зеро, эришилган неъматларни зикр қилиш ҳам шукрона неъмат ҳисобланади.

Маълумки, юртимизда ҳар соҳада янгиликлар, халқ фаровонлиги йўлида кўплаб хайрли ишлар амалга оширилмоқда.

Охирги йиллар давомида диний соҳада ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони имзоланди. Ушбу фармон асосида диний соҳа бир қанча ислоҳотлар амалга оширилди. “Вақф” хайрия жамоат фонди, Ҳадис илми мактаби, Халқаро ислом академияси ташкил этилиши шулар жумласидандир. Бундан ташқари 2019 йил 4 сентябда Юртбошимиз томнидан тасдиқланган  “Диний-маърифий соҳа фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилиниши ҳам юртимизда диний соҳа фаолиятини такомиллаштиришга давлат даражасида эътибор қаратилаётганининг далилидир. Ушбу Қарорга мувофиқ жамиятда виждон эркинлиги кафолатлари ва диний-маърифий муҳит барқарорлигини таъминлаш бўйича соҳа учун масъул органларнинг мустаҳкам ва доимий ҳамкорлигини назарда тутувчи янги тизим жорий этилди.

Дин соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий мақсади, вазифалари ва принципларини кенг жамоатчиликка тушунтириш, виждон эркинлиги кафолатлари бузилиши ҳолатларига нисбатан тезкор чоралар кўриш янги тизим доирасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан этиб белгиланди.

Шунингдек, қарор билан Дин ишлари бўйича қўмитанинг янгиланган асосий вазифалари белгиланди.

Қўмита виждон эркинлиги ва дин ишлари соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириши, диннинг асл инсонпарварлик моҳиятини тарғиб этиш мақсадида барча давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотларига бу борадаги фаолиятни амалга оширишда кўмаклашиши белгилаб қўйилди.

Диний соҳадаги ислоҳотлар бу билан якунланиб қолгани йўқ. Куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрири лойиҳаси эълон қилинди ва жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Албатта, ушбу Қонун лойиҳаси ҳар кимнинг виждон эркинлигига бўлган ҳуқуқини, динга бўлган муносабатдан ташқари фуқаролар тенглигини, диний ташкилотлар ўртасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган.

Қолаверса, ушбу янги таҳрирдаги Қонун лойиҳаси юртимизда миллатлараро ва турли диний конфессиялараро бағрикенгликни янада изчил ривожланишига хизмат қилади.

Истиқлол — бир миллат ўз ҳуқуқига эга бўлиб, ҳур-озод ва бахтли ҳаёт кечириши каби кўп маъноларни ўзига олган, инсоният учун муҳим омилдир. Ҳа азиз Ватандошлар! Биз мана 29 йилдирки шу бахтга Яратганнинг иродаси ва халқимизнинг шукри эвазига эга бўлиб турибмиз. Бу Парвардигорнинг бизга берган улуғ неъмати.

Бу неъматни барчамиз қадрига етиб, шукрини адо қилишимиз зарур. Зеро, Аллоҳ таолонинг: “Агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман» (Иброҳим, 7) деган ваъдаси бор. Пайғамбар алайҳиссалом ҳадисларида: «Қайси бирингиз тонгда уйқудан уйғонганда оиласи тинч, тани соғ ва уйида бир кунлик озуқаси бўлса, билсинки унга дунёдаги барча неъматлар мужассам экан» – дедилар (Термизий ривояти).

Албатта, бу эришилаётган ютуқлар ва амалга оширилаётган хайрли ишларнинг замирида юртимиздаги тинчлик, осойишталик ва фаровонлик алоҳида ўрин тутади. Бу ҳақда ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилинган:

яъни: “Қайси бирингиз оиласи тинч, тани соғ ва бир кунлик ризқи бор ҳолда тонг оттирса, гўёки бутун дунёни қўлга киритибди” (Имом Бухорий ва Имом Термизий ривоят қилган).

Бу неъматларнинг давомли ва зиёда бўлиши эса шукронага боғлиқдир. Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳ шундай деганлар:“Ким Аллоҳнинг неъматини қалбан ҳис қилиб, тилида эътироф этса, эътирофи охирига етмасдан неъматнинг зиёдалигини кўради”.

Хулоса қиладиган бўлсак, мамлакатимизнинг мустақиллиги улкан неъмат экан,бу неъматнинг қадрига етиб, эли учун ғайрат шижоат кўрсатаётган юртбошимизнинг ёнларида қўлқанот бўлиб, бўлаётган ўзгаришлар ва тараққиётга ўз ҳиссамизни қўшайлик.

 

Рашидбек Эрназаров.

Боғот тумани бош имомхатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *