МУСТАҚИЛЛИК НЕЪМАТИГА ШУКРОНАЛИК

Мустақил диёрда, фаровон, тинч-тотув яшаб юрганимиз учун Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсин. Аллоҳ таоло бизга берган буюк неъмат,  она Ватанимиз мустақиллигининг 29 йиллик тантаналари арафасида турибмиз. Ўтган йиллар мобайнида, барча соҳаларда бўлгани каби, дин ва ибодат масалаларида ҳам эркинлик, яхши шароитлар ҳаётимиздан мустаҳкам ўрин олди.

Аллоҳ таолонинг неъматларини катта-кичик демай, ҳаммасини бирдек кўриб, шукрини бажо келтиришимиз зиммамиздаги бурчимиздир. Албатта, Аллоҳ таоло ҳам ана шунда бизлардан рози бўлади. Қуръони каримда бу ҳақда марҳамат қилиб: “Агар шукр қилсангиз, У сизлардан рози бўлур”- деган Зумар сурасининг 7 оятида. Саъид ибн Жубайр р.а.дан ривоят қилинади: Расули Акрам с.а.в. дедилар: “Жаннатга биринчи бўлиб кирадиган киши фаровонлик ва танглик кунларда ҳам Аллоҳ таолога ҳамд айтиб юрувчи кишидир”.

Ватанимизнинг истиқлолга эришиши шарофати билан қанчадан қанча неъматларга мушарраф бўлдик. Мустақилликдан олдин масжидларни тўлдириб, ёшу-қарилар эмин эркин ибодатларимизни адо этишимиз қаёқда эди. Юртимиз йилдан йилга обод бўлиб, халқимиз фаровонлиги йил сайин ортиб бормоқда. Демак, биз бунга жавобан кеча-ю кундуз бу неъматларнинг шукронасини адо этиб бормоғимиз лозим бўлади. Пайғамбаримиз с.а.в. ҳадисларининг бирида марҳамат қилиб: “Аллоҳ таоло бандага кичикми, каттами бир неъмат берса ва банда унинг шукронаси учун “Аллоҳга ҳамд бўлсин”деса, шунда у ўша неъматдан ҳам афзалроқ нарсага эришган бўлади”, -деганлар.

Ҳозирги кунда барчамиз ер юзининг баъзи жойларида бўлиб турган турли офат ва балолар ҳақида эшитиб, кўриб турибмиз. Юртимизни самовий ва арозий балолардан сақлаб турганлиги учун Аллоҳ таолога беадад ҳамду шукроналар айтмоғимиз лозим. Тинчлик ва хотиржамлик улуғ неъмат эканлигини ҳаммамиз яхши биламиз, аммо уни қадрига етиш лозимлигини айримлар тушунмайди. Расулуллоҳ с.а.в. таъкидлаганларидек: “Аллоҳ таолонинг неъматларидан икки неъмати борки, кўпчилик одамлар унинг қадрига етмайдилар. У сиҳат-саломатлик ва хотиржамликдир”.

Истиқлол қуёши порладию динимиз инсонларнинг руҳиятига, онг шуурига янада чуқурроқ кириб борди. Халқимиз улуғ мутафаккирларимизнинг илмий меъросларидан баҳраманд бўла бошлади.

Авлод-аждодларимизнинг юрагидан жой олган беқиёс диний-маънавий бисотлар муҳтарам юртбошимизнинг саъй- ҳаракатлари билан ўзимизга қайтарилди. Ҳаробага айланган масжидлар, мадрасалар, мақбаралар қайта обод қилинди. Бугун юртимизга қадам қўйган меҳмон “Ҳазрати имом”, “Имом- Бухорий” зиёратгоҳларини, Самарқанд, Хива, Бухоро каби тарихий йирик шаҳарларимизни бир кўрмасдан кетолмайди.

         “Сен—қудрат манбаи, саодат маскани,  жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида бу йил  истиқлол байрамини кутиб олар эканмиз зеро, Юртбошимиз айтганларидек, “Халқимизнинг энг катта бойлиги бу – тинчлик ва омонликдир“. Демак, юртимиз тинч, халқимиз фаровон, фарзандлари соғлом ва кексаларимиз дуогўй экан, бугунги пандемия даври албатта, тез кунларда ортда қолиб, ҳар кунимиз қувончли кунларга уланади. Чунки, бундай элга доимо байрам ва тўйлар ярашади. Юртимизнинг мустақиллигига кўз тегмасин.

Юртимиз фуқаролари эътиқод эркинлиги қонун билан муҳофаза этилгани, Ислом динига жуда катта эҳтиром кўрсатилатёганини юрагидан ҳис этади. Бунинг яна бир далили ҳар йили ҳаж ва умра зиёратига минглаб юртдошларимиз бориб, ибодатларини чиройли тарзда адо қилиб келаётганидир. Зиёратчилар ҳаж амалларини бекаму кўст бажаришлари учун ҳукуматимиз томонидан барча қулайликлар яратилган.

Агар биз мустақиллик шарофати билан юртимизда юз бераётган ижобий ўзгаришлар, қадриятларимизнинг тикланиши ва эътиқод эркинлиги бўйича эришган ютуқларимизга шукр қилиб, доимо хайрда бўлиб юрсак, албатта, Аллоҳ таоло Ўзининг раҳмати, мағфирати ва барокотларини юртимиз узра нозил қилаверади.

 

 

 

 

Абдуллаев Хайрулло

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хоразм вилояти вакили

 

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *