БУЮК ЎЗГАРИШЛАР ЗАМОНАСИДА ЯШАШ ВА УНГА ДАХЛДОР БЎЛИШ БАХТДИР

Истиқлолимизнинг муборак йигирма тўққиз йиллиги тобора яқинлашмоқда. Тарих учун бу муддат балки арзимасдир, аммо тақдирига эркин давлатда яшаш бахти ёзилган инсонлар –замондошларимиз учун кечмиш кунларимизнинг ҳар куни, ҳар соати, ҳар дақиқаси бебаҳодир.

     Мустақилликнинг тамал тоши қўйилган даврда қабул қилинган Бош қомусимизда виждон эркинлиги кафолатлангани, юртимизда истиқомат қилаётган барча дин вакиллари учун чинакамига кутилмаган инъом бўлганини чуқур ҳис қилганмиз. Негаки, бизлар дин таъқиқланган жамиятдан тамомила бошқа, жаҳоний андозадаги ҳуқуқий-демократик жамиятга қадам қўйгандик.

     Истиқлолнинг ўтган даврида виждон эркинлиги тўла таъминланди, барча динлар ва конфессия вакилларига диний маросимлар, ибодатларини қилишлари учун шарт-шароитлар яратиб берилди.

     Аҳолисининг аксар қисми мусулмон бўлган юртимизда ислом динимизга берилган эътибор ҳақда кўп гапириш мумкин. Барча аҳоли истиқомат масканларида жоме масжидлари очилди, эскилари таъмирланди, янгилари бунёд бўлди.  Айни пайтда тарихимизда ўтган буюк алломалар, муҳаддислар, авлиё зотлар қадамжолари ободонлаштирилди, мўминларнинг зиёрат масканларига айлантирилди. Бир қатор диний даргоҳлар очилди. Шу жумладан,Республикамизда ўнлаб ўрта махсус ислом билим юртлари, бир неча диний олий даргоҳлар ташкил қилинди. Ўтган даврда бу диний даргоҳларни минглаб ёшлар битказиб чиқиб, улар эндиликда диний ташкилотларда фаолият юритишмоқда. Ёки Ислом цивилизцияси маркази очилганини алоҳида қайд қилиш ўринлики, узоқ тарихимизда юртимиздан бундай марказ бўлмаган.

   Виждон эркинлиги кафолати аслида инсон омилига эътибордир.

   Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Яна Роббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман…” (Иброҳим сураси, 7-оят). Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Аллоҳ таоло бандага каттами, кичикми бир неъмат берса ва банда унинг шукронаси учун “Аллоҳга ҳамд бўлсин”, деса, шунда у ўша неъматдан ҳам афзалроқ нарсага эришган бўлади” (Имом Ибн Можа ривояти). Урганч шаҳридаги Президентимиз ташаббуслари билан қурилган ”Охун бобо” жоме масжиди бутун минтақада энг йирик, энг муҳташам, барча қулайликларга эга улкан масжид ҳисобланади. Қадим воҳа минг йиллик тарихида бундай улкан масжидни кўрмаган эди. Бу ерда мўминлар ибодатларини адо этар эканлар, дуоларида юрт тинчлиги, халқ фаровонлигини сўраб Аллоҳ таолога шундай кунларга етказганига шукроналикларини изҳор қиладилар.

     Мустақилликнинг илк давриданоқ айнан диний соҳани ислоҳ қилиш, барча дин вакилларига бир хилдаги, тенгликка асосланган шарт-шароитларни яратиб бериш, буларни қонуний изга кўчириш учун “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонун қабул қилинганди. Яқинда мазкур қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Янги таҳрирдаги қонунда виждон эркинлиги, диний ташкилотлар ваколатлари, давлат органлари билан ўзаро муносабатлари борасида бир қатор янгиликлар киритилганки, диний соҳа вакиллари бу янгиликларни мамнуният билан қабул қилдилар. Бу ҳам аслида бизларга, диний соҳа вакилларига бўлган эътибор ва эътирофдир.

   Пандемия шароитида ўз ҳаётларини хатар остида қўйиб, элдаги маънавий марифий тадбир ва маросимларда хизмат қилаётган диний соҳа вакиллари моддий томондан рағбатлантирилганликларини ҳам қайд қилиш ўринли.

      Бу йилги мустақиллик байрамимиз “Сен қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистон!” шиори остида ўтказилаётгани бежизга эмас. Бу шиорда халқимиз қудрати, саодатли турмушлари ва албатта буюк келажак сари дадил одимлаётганимиз ўз ифодасини топган.

       Ўз эркинг ўз қўлингда, ҳуқуқинг қатъий кафолатланган, эътиқод эркинлиги мужассам юртда яшаш қандай бахт! Айни пайтда Президентимиз ва ҳукуматимиз яратиб берган ана шу шароитлар учун бор куч-қувватинг, билимингни, тўғриси, умрингни баҳшида этсанг арзийди. Ахир неча-неча аждодларимиз шундай даруломон кунларни орзу қилганлар, армонда ўтганлар.

      Ислоҳотларнинг янги босқичи —  буюк ўзгаришлар жараёнида яшаётган барча юртдошларимизга мустақиллик байрамимиз муборак бўлсин!

 

 

Ҳасанбой Кенжаев

Урганч шахар бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *