ҲАЛОЛ КАСБДА БАРАКА БОР

Инсон ҳаётида ҳалол пок юриши, Аллоҳ тақдир қилган ҳаётга рози бўлиши учун бирор касбни ушлаши лозим. Агар тарихга назар ташлайдиган бўлсак ҳамма пайғамбарлар ҳам бирор касб эгалари бўлганлар. Одам алайҳиссалом деҳқон, Идрис алайҳиссалом гарчи ўзлари ҳаким зот бўлсаларда тикувчилик билан шуғулланганлар. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳам тижорат-савдо билан шуғулланганлар.Биз мусулмонларга лозим бўладиган нарсаларнинг энг афзали ҳаёт чоғимизда доим ҳалол пок ризқ қидиришимиз лозим.Аллоҳ таоло бандарига меҳрибон ва раҳмли Зотдир унга нима яхшию нима ёмон эканини Ўзи яхши билади. Шунинг учун бизнинг ризқимизни, ҳаётимизни ўз зиммасига олган зотдан рози бўлиб яшамоғимиз лозимдир.Маълумки, ҳар қандай касбни пухта эгаллаш, ўз касбининг моҳир устаси бўлиш учун ана шу касбга тааллуқли илмни мукаммал ўзлаштирмоқ керак. Касбига муҳаббатли инсон ўз меҳнатидан чарчамайди, балки роҳатланади. Касби туфайли атрофдагиларга ёрдами тегса, инсон ўзини бахтли ҳисоблайди.

Шунинг баробарида Аллоҳ таоло томонидан улуғ ажру ҳасанотлар юборилишига муносиб эканини ҳис қилиш билан руҳияти енгил тортади, имони қувват олади.Имоми Табароний ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в) “Гуноҳлар ичида шундайлари борки, унга фақат ҳалол ризқ топиш мақсадида қилинган ташвишгина каффорат бўлади”, деб марҳамат қилганлар. Дарҳақиқат, инсон ҳалол меҳнати билан улуғ савоблар ваъда қилинган даражаларга эришиши билан бир қаторда йўл қўйган хато ва гуноҳлари кечирилишига ҳам муяссар бўлади.Макҳул (р.а) Пайғамбаримизнинг (с.а.в): “Ғийбатчи, маддоҳ, таъна қилувчи ёки ўликка ўхшаб юрувчи кишилар бўлишдан сақланинглар”, деган ҳадисларидаги “ўликка ўхшаб юрувчилар”ни касб билан шуғулланмайдиган кишилар, деб изоҳлаган.Ибн Умар (р.а) Пайғамбаримиздан (с.а.в) ривоят қилади. У зот (с.а.в) айтдилар: “Аллоҳ таоло ҳар бир касби бўлган кишини яхши кўради, ўзи соғ-саломат бўлиб, ё охиратининг иши билан, ё дунё иши билан шуғулланмайдиган кишини ёмон кўради”.Жаъфар ибн Муҳаммад оталаридан ривоят қилади: Пайғамбаримиз (с.а.в.) бозорга чиқиб, оила аҳллари учун керакли нарсаларни сотиб олдилар. Бу қилган ишларининг сабабини сўрашганида: “Менга Жаброил (а.с.), одамларнинг қўлига қараб қолмаслиги учун аҳли оиласи йўлида ҳаракат қилган кишининг Аллоҳ йўлида экани хабарини берди”, деб жавоб қилдилар.Юқоридагилардан келиб чиқиб шу хулосага келишимиз мумкинки, демак ҳар биримиз касбимизга муҳаббат билан ёндашган ҳолда фарзандларимиз ва атрофдагиларимизни ҳам ҳалол меҳнат орақали ризқимизни топишга ундашимиз лозим бўлади. Ушбу саъй-ҳаракатимиз орқали жамиятимздаги муҳит янада соғломлашишида ўз савобли ҳиссамизни қўшган бўламиз.

Ғ.Бабажанов

Тупроққалъа тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *