ДИНИЙ ЭКСТРЕМИЗМНИНГ САЛБИЙ ОҚИБАТЛАРИ.

      Бугун дунёда кўплаб бузғунчи оқимлар муқаддас Ислом динини ниқоб қилиб бегуноҳ инсонларни қонини тўкмоқдалар. Хозир дунёда 500 га яқин экстремистик фундаменталистик ва террорчи ташкилотлар мавжуд бўлса, уларнинг тахминан 80% ислом динини ниқоби остида фаолият юритади. Бу оқимларни бир сўз билан «Динбузарлар» деб аташ мумкин. Улар ўзларига турли номларни қўйиб диний шиорларни байроқ қилиб оладилару, лекин қилаётган ишлари динимизга зиддир. Диний экстремизм жамият учун анъанавий бўлган диний қадриятлар ва ақидавий аҳкомларни рад этиш ва уларга зид бўлган ғояларни алдов ва зўрлик билан тарғиб қилишдир. Марказий Осиёда диний экстремистлар минтақа халқлари учун анъанавий бўлган Ханафий мазхаби ва Мотуридия ақидасини рад этиб, мусулмонларга сиёсийлаштирилган ғояларни сингдиришга уринмоқдалар. Асосий мақсади мусулмон дунёсини бирлаштирувчи ягона халифалик давлатини қуриш бўлган «Хизбут-таҳрир» ташкилоти жиҳодни тарғиб қилиш баробарида террорчи гурухлар учун «Зомбилаштирилган» жангарилар етказиб бермоқда, сўнги йилларда «Салафи солихларга эргашиш» шиорини ниқоб қилиб олган «Салафийлик» оқимидагилар Қуръон оятларини сўзма-сўз талқин қилиб оятларни мажозий маъноларини рад этадилар. Мухаммад (с.а.в.) мавлудларини нишонлашга қарши, ўзларига эргашмаган мусулмонларни кофирликда айблайдилар. «Жиҳодчилар» ижтимоий-сиёсий вазиятни издан чиқариш, амалдаги дунёвий конституцион тузумни ағдариб, ислом амирлиги шаклидаги давлат қуриш учун террор ва қўпорувчиликни авж олдирадилар. «Нурчилик» ислом дини асосларини бузаётган диний-фундаменталистик ташкилот. Уларнинг шиори «Мақсадга эришиш йўлида хар қандай ёлғон ва хийла ишлатиш мумкин то қудратли бўлмагунча, маънавий жиҳод орқали харакат қилиш лозим»- деган фикри; уларнинг ўз ниятларига етишиш йўлида хеч нарсадан қайтмасликларини кўрсатади. Бошқа бузғунчи оқимларнинг мақсади хам, фаолияти хам динимиз кўрсатмаларига зид эканини хаёт тасдиқламоқда. Бузғунчи оқимлар дунё халқига фақат ёмонлик, вайроналик ва мотам келтирмокда. Улар айни кунда чет мамлакатларда ишлаётган ватандошларимиз орасига кириб Ўзбекистондаги мавжуд янгиланишлар, ислохотлар билан боғлик табиий муаммоларни бўрттириб кўрсатган ҳолда, уларнинг ечими ўзларининг қўлида эканини даъво қилмоқдалар.

         Аслида эса улар кирган худудлар жангохларга айлангани барчага аён. «Ислом диёри» деб ном олган худудларга назар солсак, 2009-йил Покистонда 12600 киши, Афғонистонда 2000 киши, Ироқда 4500 киши террорчилик қурбони бўлган. Араб дунёсида бўлаётган воқеалар натижасида Ливияда ўн минглаб, Сурияда юз мингдан ортиқ киши халок бўлди. Ислом сўзининг луғавий маъноларидан бири «Тинчлик»дир, у одамларни хеч қачон бузғунчиликка, қотилликка ундамаган, ундамайди хам. Куръони каримда бегуноҳ кишиларни жонига қасд қилиш қораланиб, жумладан, бундай мархамат килинади: «Кимда-ким қасддан бир мўъминни ўлдирса унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга Аллох ғазаб қилгай, лаънатлагай ва унга улкан азобни тайёрлаб қўйгай.» (Нисо сураси 93-оят.) Чунки хар бир инсон ер юзида тинчлик, осойишталик ва адолат барқарор бўлиши учун Аллох Таъоло олдида масъулдирлар.

                                   Н.Яқубов

Хива тумани Гулланбоғ

масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *