ТИНЧЛИК – АЛЛОҲНИНГ НЕЪМАТИ!!!

Инсон ким бўлишидан қатъий назар, ўзи яшаб турган, Аллоҳ неъмат қилиб берган Ватани, унинг зилол сувлари, ҳавоси, нози неъматлари ва бошқа барча шароитларига шукр қилиб, уни зиёда бўлишини сўраб дуо қилиши, Яратганинг, Ватанининг, жамияти ва оиласи олдидаги шарафли бурчидир.

Бугун дунёда тинчлигини йўқотган мамлакат ва у Юртларда истиқомат қилаётган инсонлар ҳаётлари, таъбир жоиз бўлса нурафшон нурни йўқотган, зимистон ичида қолган инсонларга ўхшади. Бу ҳолатни кўрган, эшитган инсонда бир аламлик дард пайдо бўлди. Бу ҳолатлардан кўриб, эшитиб турган инсонлар ибрат олиб, хулосалар чиқариб, ўзлари учун инъом қилинган тинчликни қадрлашлари, асраб авайлашлари лозим бўлади.

Шунинг учун ҳам биз Юртимиздаги ҳукм сураётган тинчлик, хотиржамликни сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж ва ҳамлалардан, фитна ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, ғаразли ва манфур кимсаларнинг макр ва пуч ғояларига учмасдан, алданмасдан, ёш авлодларимизни ҳам улардан хабардор қилиб, ислом маданиятининг (тинчлик, хотиржамлик, бағрикенглик, ўзарототувли, меҳр-оқибат в.ҳ.к.) эзгу ғояларини кенг тарғиб этишни долзарб вазифа сифатида билиб, ушбулар асосида фаолият олиб бормоқ лозим бўлади. Шунингдек, муқаддас динимизни ниқоб қилиб, ўзларининг ғаразли мақсадларига эришишга уринаётган фирқа ва оқимларга қарши доимо сергак ва ҳушёр туриш зарурлигини доимо ёдда тутмоқ даркордир. Бу хусусида Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг “Моида” сурасида шундай деган: “… Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир” – дейилган. (Моида – 2). 

Ушбу оятга эътибор қаратадиган бўлсак, эзгу ният йўлида ҳамкорлик қилиш ер юзида ТИНЧЛИКНИ барқарор бўлишига бош омилларидан эканлигига тарғиб қилинган.

Тинчлик – барча даврларда мамлакатлар, жамиятлар, оилаларда яшаган инсонларнинг талаб қилган асосий мақсади бўлиб келган. Бу неъмат учун қилинган қанча ҳаракатлар, харажатлар ҳам сўзимизга мисолдир.

Тинчлик неъмати башарият уни сақлашлик учун хоҳ қимматли бўлсин, хоҳ арзон бўлсин барча нарсасини, ақл-заковат, мол-дунё ва куч-қувватини сарфлашига ҳақли бўлган улуғ неъматлардан экани, буни бардавом бўлиши учун унинг сабаблари, уни тутиб турувчи омиллари ва устунлари ҳам бардавом бажарилиши лозим бўлади.

Тинчликни сақлаш, уни қадрлаш учун инсонларни, ёш авлодни, эркак-аёлларни, хуллас ҳар бир шахсни Аллоҳнинг тоатида, Аллоҳга маъсият қилишдан қайтариш, берган неъматларини қадрлаш асосида тарбиялаш лозим бўлади. Шунингдек, ҳар бир инсон ўзининг бурчи ва мажбуриятларини яхши билиши ва унга қатъий амал қилиши динимизнинг талаб ва тавсияларидандир.

Юқорида таъкидлаб ўтганимиз каби, инсон учун тинчлик зарур ва бу муқаддас динимизнинг, давримизнинг талабидир. Бу хусусида Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) бир ҳадисларида шундай деганлар:

 “Ким оиласи тинч, жасади саломат ва ҳузурида бир кунлик таоми бор ҳолатда тонг оттирса, унга дунё тўлиғича берилибди ”. (Имом

Бухорий “Ал-адаб ал-муфрад” китобида ривоят қилган).

Жаҳонда рўй бериб турган нотинчликлар, кишини дилини хуфтон қиладиган ҳолатлар, бўлиб турган турли воқеа ва ҳодислардан бугун ғафлатда қолиш ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Мамлакатларни, жамиятни, оилаларни, инсонни ҳалокат ва фалокатга учратадиган энг ёмон мусибатлардан бу – бепарволик, ғафлат, лоқайдлик ва шунга оид ёмон ҳислатлардир. Бу инсонларга кўринмайдиган иллатлардан, касалликлардандир десак муболаға бўлмайди. Шунинг учун ҳам жаннатмакон Ватанимиз фуқаролари, барча-барчамиз мазкур ёмон ҳислатлардан чиқишимиз лозимдир.

Бепарволик, ғафлат, лоқайдликлардан динимизда қатъий қайтариб, у каби иллатларга тушмасликка тарғиб этган.

Хулоса қиладиган бўлсак, динимизнинг тинчликка бўлган эътибори нечоғлик катта, ҳамда бағрикенглик унинг негизи эканлиги яққол номоён бўлади. Инсон ўзидаги неъматнинг қадрини унинг устида мулоҳаза юритиш, шу неъматдан ўзгалар ҳам баҳраманд ёки бебаҳра эканлигини ўйлаб кўриш билан билади. Бу эса янада кўпроқ Аллоҳга шукр қилишга ундайди. Неъматнинг бардавом бўлиши, унинг шукрни адо этилишига боғлиқдир. Тинчлик ана шундай амалий шукр талаб қиладиган неъматлардандир. Бу неъматнинг шукрини адо этиш барчанинг зиммасига фарздир. Ёши улуғ нуроний отахон ва онахонларимиз ушбу улуғ неъматнинг мустаҳкамлигини сўраб дуо қилишлари, ёшлилар ўзларининг ҳалол меҳнатлари, уни ҳимоя қилиш учун астойдил бел боғлашлари билан бу неъматнинг шукрини адо этган бўламиз. Шу билан бирга давримиз ва муқаддас динимизнинг талаб ва тавсияларида амалга оширган бўламиз.

Аллоҳ таоло Юртимиз тинчлигини барқарор ва бардавом, халқимизнинг ҳаётини фаравон қилсин.

Р.Рахимов

Янгиариқ тумани

“Ҳазрати Ғоиб ота”

                масжиди имом-ноиби               

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *