ИСРОФНИНГ ЖАВОБИ БОР

Бугунги кунда озиқ-овқатни исроф даражасида ортиқча истеъмол қилишнинг соғлиққа зарари яққол намоён бўляпти. Ҳозирги даврнинг кўпгина хасталикларига мана шундай исрофгарчиликлар сабаб бўлмоқда. Аллоҳ таоло Қурьони каримда марҳамат қилади: “Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки, Аллоҳ исроф қилувчиларни севмас” (Аъроф сураси 31-оят) Ушбу ояти каримадан билиб олсак бўладики, Аллох таолонинг ҳалол қилиб берган нозу-неъматларини еб-ичишлик гуноҳ эмас, балки уларни аксинча, исроф қилиш гуноҳ ҳисобланади. Хонадонларимизда ортиб колган таомлар ташлаб юборилмокда. Ахлат уюмлари орасида энг азиз неъмат бўлмиш нон ҳам пайдо бўлгани ачинарли бир ҳолатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Нонни эъзозланг, чунки у Аллоҳ таолонинг осмон баракотларидан бўлиши билан бирга, ернинг баракотли неъматларидан ҳам ҳисобланади”, деб марҳамат қилганлар.

Ҳозирги кунда тўй ва маърака-маросимларда маълум даражада исрофгарчиликлар бўлаётгани ниҳоятда ачинарли. Айниқса, тўйдан кейинги дабдабабозликлар ниҳоятда авжига чиққан. Шу билан оилалар тинч-тотув бўлиб кетса-ку майли, қанча-қанча оилалар арзимаган «қилди-қилмади», деган гап-сўзлар билан бузилиб кетяпти. Демак, ўткинчи орзу-ҳавасни деб ҳаётимизни машаққатга тўлдириб, охиратда ҳам бўйнимизга оғир жавобгарликни илиб олмайлик. Яна шу нарсани ҳам таъкидлаб ўтмоқчимизки, азизлар, алҳамдулиллаҳ, Яратганга ҳамду санолар бўлсинки, бизнинг халқимиз меҳмондўст, саховатли халқдир. Урф-одатимизга кўра ўтказиладиган диний ва миллий маросимларимиз жуда кўп. Лекин афсуски, бу маросимларни ўтказиш асносида ортиқча такаллуф ва исрофгарчиликларга йўл қўйилади. Бу эса динимиз таълимотига мутлақо зиддир.

Хуллас, ақл бовар қилмас даражада катта маблағлар талаб қиладиган ана шундай ўткинчи маросимлар учун умримизни кеткизиб ишлайдиган бўлиб қолаяпмиз. Умр бўйи топган-тутганларимизни соғлигимизни тиклашга эмас, яхши еб, яхши ичишга эмас балки, юқоридаги дабдабали маросимларни ўтказиш учун йиғадиган бўлиб қоляпмиз. Ундан кўра мазкур маросимларимизни бир оз қисқартирсак, бир оз ихчамлаштирсак ўзимизга яхши эмасми? Баҳонада қанча-қанча маблағ исроф бўлмасдан қора кунларимизга ярарди. Озгина ўзимизга ҳам тузукроқ қарашга, соғлигимизни тиклашга, фарзандларимизга тузукроқ эътибор қаратишга қўлимизда имконият пайдо бўларди. Катта-катта қарзларга ботиб, аҳволимиз паришон бўлиб юрмасди. Нима учун фоний бу дунёда, синов дунёсида ўзимизни бу қадар қийнашимиз керак? Нимадан қўрқамиз? Одамларни гапиришиданми? Ғийбатлардан қўрқмайлик биродарлар. Одамларни гапидан қўрқиб, қарзга ботиб, дабдабали маросимларни ўтказганимиздан сўнг эртага аҳволимиз танг бўлиб қолса, ўша одамлар қутқарадими бизларни?! Ўша одамлар ёрдам қиладими?..

Минг афсуски, баъзи оилаларда динимизнинг ана шу кўрсатмалари унутилган ёки уларга унча эътибор берилмайди. Натижада бундай оилаларда етишмовчилик, танқисликлар ва бундан келиб чиқадиган кўнгилсизликлар авжга минади, тотувлик ва меҳр-оқибат йўқолади. Айрим оилаларда йиллар давомида катта машаққатлар, ўзини тийиб-қантаришлар билан тўпланган маблағни ном чиқариш учун, обрў қозониш мақсадида бир кунда ортиқча маросимлар, дабдабали тўйларга сарфлаб юбориш ҳолатлари  ҳануз давом этяпти. Аслида бу пуллар таниш-нотаниш одамлар бир кунда еб кетадиган зиёфатларга, ортиқча ҳою ҳашамларга эмас, оила фаровонлиги, фарзандлар таълим-тарбияси учун ишлатилгани яхши бўларди. Бундай дабдабали, кераксиз тўй ва маросимлар ҳар қанча чиройли кўринмасин, одамлар нима деб мақтанмасин, аслида катта исроф саналади. Бунинг ортида ҳеч қандай яхшилик йўқ. Аксинча, саҳиҳ ҳадисларда зикр қилинганидек, исрофгар асло жаннатга кирмайди. Инсон табиатан исрофгарчиликка мойил жонзот саналади. Ҳар қадамда молини беҳуда сарфлайди. Кўпларимиз исрофгарларнинг исрофгарига айланиб бўлганмиз. Машаққат ва чекловлар эвазига йиллаб йиққан молимизни ном чиқаришга қилинган кераксиз бир маросим, маърака учун бир кечада совуриб юборамиз. Бунинг ўрнига маҳалладаги ночор яшаётган бир фақир оиланинг кам-кўстини қилиб бериш, ўқиш ҳақи (контракт) пулини тўлай олмаётган бир талабага елка қўйиб юбориш, уйланиш учун маблағ топа олмай гангиб юрган бир ёш оиланинг мушкулини осон қилиш, қарзини тўлай олмаётган бир кимсани қўллаб юборсак мақсадга мувофиқ бўлиб, неъматларнинг зиёда ва давомли бўлишига сабабчи бўламиз. Аксинча исрофга йўл қўядиган бўлсак неъматнинг заволига сабабчи бўламиз.

А.Аллаберганов

Тупроққалъа тумани  “Ахтам Сооҳаба”

масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *