ҚАДРИ БАЛАНД ОНА ЮРТ.

Мустақиллик йилларимизда мамлакатимизда амалга оширилган барча соҳадаги ислоҳот ва ўзгаришларга диққат билан назар солсак, уларнинг марказида инсон манфаатлари, юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги, Ватан тараққиёти, фарзандларимизнинг  дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаслиги каби бир-биридан буюк мақсадлар турганига гувоҳ бўламиз. Бинобарин, бундай ёндошув мазмун-моҳиятига кўра ислом дини таълимотларида ҳам ўз аксини топгандир. Зеро, Аллоҳ таоло инсонни ер юзида бошқа жонзотлардан устун қилиб яратган. Агар биз мана шу ато этилган Аллоҳнинг неъматларига шукр қилиб, зиммамиздаги бурч ва вазифаларимизни адо этиб борсак, Ҳақ субҳанаҳу ва таоло ўз неъматларини янада зиёда этиши муқаррардир. Ватанга муҳаббат – бахт топган остонамиз – оиламизга, бизни элу юртга қўшган урф-одатлар, удумлар – миллий қадриятларга, биз югуриб ўсган тупроқ, отамиз эккан ва биз билан бирга улғайган дарахт, онамиз тебратган бешикка бўлган муҳаббатдир. Соҳибқирон бобокалонимиз Амир Темур ўз битикларида бундай ёзган:” Қайси бир сипоҳий туз ҳақи ва вафодорликни унитиб, хизмат вақтида ўз саҳибидан юз ўгириб, Менинг олдимга келган бўлса, ундай одамни ўзимга энг ёмон душман деб билдим”. Шундай экан, ўз она юртига, халқига хиёнат қилган одамлардан ҳеч қачон дўст бўлмайди.

Зеро, Ватанни ҳимоя қилиш, ўз халқини, оиласини ҳимоя қилиш эркак кишининг эркаклигини, йигитлигини синайдиган шарафли бурчдир. Ватанимизда туғилиб-ўсган ҳар бир эр йигитнинг қуролли кучлар сафида хизмат қилиши Ватан ҳимоясининг рамзидир. Чегарани қўриқлаш Ватанни қўриқлашдир, бунга доим тайёр туриш ҳар бир Ватан ўғлонининг қалбига сингиб кетган ҳиссиёт бўлиши лозим. Имом Муҳаммад Ғаззолий алайҳирроҳма шундай деган эканлар: «Ватаннинг ҳам ҳақлари бўлади. Уларнинг биринчиси шу Ватанда яшаганда тинч-хотиржам, шукрона қилиб яшаш ҳаққидир. Шунингдек, Ватандан кетганда уни соғиниш, Ватан камситилганда ғазабланиш, Ватанга ҳужум қилинганда уни ҳимоя қилиш ҳам Ватаннинг шу юртда туғилиб-ўсганлар зиммасидаги ҳаққидир. Шу жаннатмакон Ватанда яшаяпмизми, унда тинч-тотувлик билан яшайлик, бунга шукрона қилайлик, илм излабми, тижорат мақсадидами, Ватандан сафар қилдикми, уни соғинайлик.

Ана шу Ватан туйғуси туфайли инсон ўзи яшайдиган уйни, ўзи яшайдиган маҳаллани, шаҳар-қишлоқни, Ватанни севади, уни обод қилади, унинг шаънини улуғлайди, ҳимоя қилади. Ватаннинг шаънини турли кўринишларда улуғлаш мумкин, масалан, уни моддий ва маънавий обод қилиш мумкин, турли халқаро анжуманларда, халқаро мусобақаларда Ватаннинг номидан иштирок этиш мумкин. Аммо бунинг асосий шарти шуки, қайси соҳада бўлмасин, холис ва самимий хизмат қилсин, ана шунда бу хизмат Ватаннинг шаънини кўтаришдаги хизмат ҳисобланади. «Ватан соғинчи» рисоласида айтишича, араблар бирон жойга сафарга чиқишса, ҳидлаб юриш учун Ватан тупроғидан олиб кетишар экан. Ўша тупроқ ватан ҳиссини уйғотиб, уни эсдан чиқармай турадиган омил бўлар экан. Ҳадиси шарифларда бунга ўхшаш мисоллар кўплаб келтирилган. Уларнинг ҳаммаси бизни ана шу Ватан ҳиссини сезишга ундаши керак. Аллоҳ таоло юртимизни жамики ёмонликлардан асрасин ва бунинг учун чинакам ватанпарвар, ҳақиқий мард, жасур ўғлонларни тарбиялашимизда Ўзи мададкор бўлсин!

Мустақиллик йилларида тадбиркорлик ва хусусий бизнесга катта эътибор қаратилиб ёшларни иш билан таъминлашга қаратилга бир қанча эркинликлар қонунлар билан белгилаб берилган. Жумладан, оилавий бизнесни ташкил қилиш тўғрисидаги қонун уйда ўтирган аёлларни ҳам иш билан таъминлашга имкониятлар яратиб бермоқда. Бунинг натижасида ишлаб чиқаришлар ривожланмоқда. Ишлаб чиқарилган маҳсулотлар нафақат ички бозорларни тўлдириб, балки, ташқи бозорларга экспорт қилиниб, мамлакатимизнинг иқтисодини кундан-кунга ривожланишига ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар. Шундай бир ҳолатда бу ерда топиб юрганига қаноат қилмасдан ўзга ерларни орзу қилиб, хорижга кетиб, турли қийинчиликларга гирифтор бўлиб юрганларнинг сони анча. Аллоҳ таоло Ҳуд сурасида: “Ер юзида ўрмалаган нарса борки, уларнинг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир”, деб марҳамат қилган. Агар инсон ўз юртида ишласа ҳам Аллоҳ таоло шу ризқни беради. Кўпчилик четга чиқиб пул топиб келишлари масалани фақат бир томонини, яъни моддий томонини ҳисобга олишмоқда холос. Лекин улар энг зарарли, маънавий-тарбиявий томонига эътибор бермаяптилар. Бу эса уларнинг оиласига салбий ҳолатларни олиб келишига барчамиз гувоҳ бўлмоқдамиз. Бугун айниқса, вояга етмаган ёшлар одобсиз, аҳлоқсиз, тарбиясиз бўлиб вояга етмоқдалар. Чунки бундай ёшларнинг ота-онаси ҳам ўзга юртларда пул топиш илинжида бўлиб, фарзанд тарбияси, илм олиши, касб-ҳунарли бўлиши ҳақида ўйламаяптилар. Мана шу масалани ҳаммамиз яхши англаб олишимиз керак. 

Бундан ташқари ўзга юртларда норасмий ишлаётганларнинг меҳнат шароитлари, ҳаёт фаолиятлари кафолатланмаган. Бундан ташқари ёшлар ичида ёт ғоялар таъсирига тушиб, туғилиб ўсган киндик қони тўкилган ватанига қарши чиқиб ватангадо бўлиб юрганлари қанча? Буларнинг салбий оқибатлари тўғрисида мисоллар келтирсак жуда кўп. Албатта, мана шу маълумотлардан кўриниб турибдики моддий манфаатдорликдан маънавий зарарнинг салмоғи катта, шунинг билан биргаликда кўрилган моддий зарарни қоплашни имконияти бўлади, аммо маънавий зарарни қоплашнинг имконияти йўқ. Ҳаётнинг барча соҳаларида тараққиётга эришиш, камолотга етишиш бирданига бўлиб қолмайди. Бунинг учун фарзандларимизни сабр-бардошли бўлишга, илм йўлларини осонлаштиришга, илм олишга қизиқтириш, рағбатлантириш томонларига ҳам катта аҳамият беришимиз даркор.Шу ўринда Абдулла Авлонийнинг “ Тарбия биз учун ё ҳаёт, ё мамот, ё нажот, ё саодат, ё фалокат, масаласидир” деб айтган сўзлари бугунги кун авлоди учун қай даражада қимматли эканига яна бир бор иқрор бўламиз.

М.Махмудов

Тупроққалъа тумани “Ҳазрати Химмат бобо”

масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *