ЁШЛАРИМИЗНИ ИЛМГА ҚИЗИҚИШИНИ ОРТТИРАЙЛИК.

Бугунги кунда яратилган шарт-шароитларнинг шукрини қилиб,  берилган имкониятлардан унумли фойдаланиб, фарзандларимизга дунёвий-диний билимларни уйғунликда ўргатиб, миллий-диний ҳамда умумбашарий қадриятлар асосида тарбиялаб, ёшларимизни ким қаёққа етакласа кетаверадиган қилиб эмас, онгли равишда ўз мустақил фикрининг соҳиби бўлиб, вояга етказиш, атрофдаги воқеа-ҳодисаларга дахлдорлик ҳиссида тарбияласак айни муддао бўлур эди. Ислом дини диний ҳамда дунёвий илмга умумий даъват қилиб, динда фақиҳ бўлишликка алоҳида урғу берган. Имом Бухорий ва Муслим раҳматуллоҳи алайҳумолар ривоят қилган ҳадисда шундай дейилган: Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ кимга яхшиликни ирода этса, уни дин ишида фақиҳ қилиб қўяди”, дедилар”. (Муттафақун алайҳ).
Ушбу ҳадисга кўра, илм эгалари улуғ фазилат эгаси экани, маълум бўлади.
Ислом дини инсоннинг дунё ҳаёти учун лозим бўлган барча илмларни ўрганишни фарз даражасига кўтарган диндир. Масалан, тиб ёки ҳисоб илмини олайлик. Бу илмларсиз инсон ҳаётини саодатли кечишини тасаввур қилиб бўлмайди. Бошқа дунёвий илмлар ҳам худди шулар кабидир. Бу илмлар фарзи кифоя ҳисобланади. Бу илмлар билан машғул бўлаётган кишилар фарз ибодатини бажаряпман деган ниятда машғул бўлишса, дунёвий манфаатларни қўлга киритишдан ташқари, улкан ажр-савобларга ҳам эришадилар.
Худди шунингдек, турли ишлаб чиқариш ва саноатга доир илмлар ҳам фарзи кифоядир. Демак, ҳозирги замонда мусулмонлар фан-техника соҳасида ҳам барча дақиқ илмлардан кифоя қилиш даражасида билишлари зарур бўлади. Чунки давлатнинг куч-қудрати, ўзга давлатларга қарам бўлиб қолмаслиги илм-фаннинг ривожи ва тараққиётига боғлиқдир.
Ислом дини илм фанга тарғиб қилиб, унинг ҳукмини фарз даражасига кўтарар экан, бу ҳукм аёл қизларни ҳам четлаб ўтмаган. Чунки жамиятнинг ярмидан кўпини аёл-қизлар ташкил қилади. Уларни илмсиз қолдириш жамиятни илмсиз қолдириш демакдир. Айниқса, келажак авлод тарбияси аёл-қизларимизга боғлиқдир. Улар билимли бўлишса, улар тарбиялаган авлод ҳам билимли бўлади. Улар одобли бўлишса, улар тарбиялаган авлод ҳам одобли бўлади.

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Шундай одамларни кўрганманки, улар вақтларини сизлар пулларингизни авайлаганларингиздек авайлайдилар”. Имом Абул Вафо ибн Уқайл айтадиларки:” Умримдан бир соатини ҳам бекор ўтказиш менга ҳаромдир. Агар тилим дарс қилишдан чарчаса, кўзим билан мутолаа қиламан, кўзим ҳам чарчаса, фикрим билан дарс қиламан. Ўқиган китобим ҳаёлимда гавдаланади. Саксон ёшимда ҳам йигирма ёшимдагидек илмга интиқман!” Таассуб билан айтиш ўринлики, электрон ахборот воситалари ҳаётимизга кириб келиши баробарида нафақат ёшлар, балки катталар ҳам китоб ўқишни гўё “унутишди”. Бу билан инсон маънавий дунёсини бойитишга хизмат қиладиган китобдан узоқлашдик.

Муҳтарам Юртбошимизнинг китоб мутолаасини ҳаёт тарзимизнинг бир бўлагига айлантиришни кўзлаган тарихий фармонларидан сўнг бу борада бир қатор эзгу ишлар амалга оширилгани ва бу савобли ишлар бардавом бўлаётганини эслатган ҳолда айтиш жоизки, айнан ёшларимизни китобга қизиқтирадиган, уларга бу борада ҳам устоз, ҳам ибрат бўладиган муҳтарам муаллимларимиз меҳнатини қадрлаш орқалигина кўзланган натижаларга эришишимиз мумкинлигини ҳам унутмайлик. Фарзандларимизни ўқишга, илмга рағбатлантирадиган инсонлар муаллимлардир. Ўтган йилларда тан олиш керак, муаллимлар меҳнати қадрланмади, аксинча улар асосий ишлари бир ёқда қолиб, турли ишларга мажбуран жалб қилиндилар. Уларнинг оғир, масъулиятли меҳнатларига муносиб ҳақ тўлаш ҳам эътибордан четда қолди. Маълумингизким, ўтган қисқа даврда муаллимлар меҳнатини қадрлаш, уларга муносиб ҳақ тўлаш борасида Юртбошимиз ташаббуслари билан кўпгина ишлар қилинди. Энг асосийси, ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш қатъиян тақиқланди.

Ж.Умаров 

Шовот тумани “Араб бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *