ПАНДЕМИЯ ДАВРИДА ЗАРУР БЎЛГАН БЕШТА АХЛОҚ

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Бандаларнинг Аллоҳга бўлган имон-ишончи, Унга бўлган таваккули ва ўзаро бир-бирларига бўлган мурувват ва эҳсонлари қай даражада эканлигини синаш учун Аллоҳ таоло баъзида мана шундай қийинчиликларни юбориб туриши Ҳақ таолонинг суннатидир. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:

яъни: “Албатта, Биз, то сизларнинг орангиздаги жидду-жаҳд қилувчи ва сабр қилувчиларни билгунимизча ҳамда сизларнинг хабарларингизни синаб бўлгунимизча, сизларни имтиҳон қилурмиз” (Муҳаммад сураси, 31-оят).

Шундай экан, мусулмон киши Аллоҳнинг иродаси билан келган синов пайтида шундай одоб ва ахлоқ меъёрларига эга бўлиш лозимки, у билан ўз ибодатини, ахлоқини ва инсонийлигини муҳофаза қилиб, синовдан ўтиб олиши даркор. Қуйида ана шу ахлоқ намуналарини санаб ўтамиз:

Биринчи: Ахборот тарқатишдан аввал уни рост эканлигига ишонч ҳосил қилиш, тасдиқланмаган, миш-мишлардан иборат бўлган ахборотларни тарқатишдан сақланиш. Дарҳақиқат, Қуръони карим асоссиз хабарларни тарқатишни қоралаган. Гарчи, бу каби ишлар айрим инсонлар наздида арзимас саналсада, Аллоҳнинг наздида энг катта гуноҳлардан эканини баён қилган. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

яъни: “Ўшанда сизлар уни тилдан тилга кўчириб, оғизларингиз билан ўзларингиз аниқ билмаган нарсани сўзлар ва буни енгил санар эдингиз. Ҳолбуки, у Аллоҳ наздида улкан гуноҳдир” (Нур сураси, 15-оят).

Иккинчи: Инсонлар орасида сокинлик ва хотиржамлик кайфиятини ёйиш, уларни қўрқувга солиш, ваҳима қўзғашдан сақланиш. Чунки Пайғамбаримиз алайҳиссалом:

яъни: “Мусулмон кишига бошқа мусулмонни қўрқитиши, ваҳимага солиши ҳалол эмас”, – деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).

Учинчи: Мусибат етган вақтда Аллоҳ таолога нисбатан одобни сақлаган ҳолда Унга итоат этиш, чин дилдан илтижо қилиш, Унга қалбан ёлвориб дуо қилиш, мана шундай бало ва қийинчилик вақтларида саййидимиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаи киромларнинг Аллоҳ таолодан зорланиб ёрдам сўраганларини эсга олиб, уларнинг тутган йўлларига эргашиш.

Тўртинчи: Ҳар доим ҳам одамлар орасида ўзаро ҳамжиҳатлик, бир-бирига ёрдам бериш ижтимоий ҳамда шаръий бурч ва мажбуриятлардан ҳисобланади. Хусусан, қийин пайтларда бунга риоя қилиш вожиб саналади. Батаҳқиқ, Пайғамбаримиз алайҳиссалом бу ишга буюриб шундай деганлар:

яъни: Абу Саъид ал-Худрий р.а. ривоят қилиб айтадилар: Биз Пайғамбар с.а.в. билан бирга сафарда эдик, шу пайт бир киши уловига миниб келди ва ўнг ва чап томонга аланглаб қарай бошлади. Шунда Расулуллоҳ с.а.в.“Кимни ортиқча улови бўлса, уни улови йўққа берсин, кимни ортиқча озиқ-овқати бўлса, озиқ-овқати йўққа берсин, дедилар. Шу орада қандай мол турлари бўлса санаб ўтдилар, ҳатто биз “ўзимиздаги ортиқча нарсада бирортамизнинг ҳаққимиз йўқ экан-да”, –  деб ўйлаб қолдик” (Имом Муслим ривояти).

Бешинчи: Ўзгаларга илиниш, ўзгаларни ўзидан устун қўйиш каби энг гўзал хулқ билан зийнатланиш, аксинча, қийинчилик вақтида фақат ўз фойдасини ўйлаб бирламчи зарурий маҳсулотларни керагидан ортиқ миқдорда сотиб олиш, уларни сақлаб қўйиш каби иллатлардан узоқда бўлиш. Бундай ҳатти-ҳаракатлар алалоқибат нархларнинг сунъий тарзда кўтарилиб кетишига ва камбағалларни зарурий эҳтиёжларини қондиришдан маҳрум бўлишларига олиб келади. Ҳолбуки, ҳабибимиз Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашъарий қабиласини танг аҳволларда ўзаро раҳм-шавқат, ўзгани ўзидан устун қўйиш каби сифатларини барчага мақтаб шундай деганлар:

яъни: “Ашъарийлар ғазотда озиқ-овқат танқислигига учрасалар ёки Мадинада оилаларининг егулиги озайиб қолса, ўзларидаги бор нарсаларини бир матога тўплаб, кейин уни ўрталарида бир идишда баб-баробар тақсимлашади. Шундай экан, улар мендан ва мен уларданман” (Имом Муслим ривояти).

           А.Абдримов

Янгиариқ тумани “Саид Абдулло Румий” масжиди имом хатиби  

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *