ИСЛОМДА – ВАТАНПАРВАРЛИК

            Табиийки, киндик қони тўкилган жой инсон учун ҳамма нарсадан ҳам қимматли даргоҳдир. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинаи мунавварага ҳижрат қилиб кетаётганларида туғилиб ўсган ватани Маккаи мукаррамага юзланиб туриб: “Агар қавмим мени чиқиб кетишга мажбур қилмаганида, ҳеч ҳам ўз ихтиёрим билан уни ташлаб кетмаган бўлур эдим”, деганлари сийрати набавия китобларида баён этилган.

        Демак, Ватанни севиш, ватанпарвар бўлиш, ундаги бор нарсаларни ардоқлаб, соғиниб яшаш инсоният табиатида мавжуд бўлган нозик ҳис-туйғудир.

Буюк аллома Алишер Навоий ҳазратларининг қуйидаги сўзида она-Ватанини севувчи садоқатли ҳар бир кишининг қалбида ғайрат ва шижоат уйғотади:

Ватан таркини бир нафас айлама,

Ани ранжи – ғурбат, ҳавас айлама.

             Ватанпарварлик ҳақида сўз борар экан, ҳар бир мўмин-мусулмон инсон аввало бу борада Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ватанга бўлган муносабатларини билиши лозим. Шу эътибордан бугун Ислом умматининг Ватанга муносабати қандай бўлиши кераклигини у зот алайҳиссаломнинг намуналарида ўрганишга ҳаракат қиламиз.

           Ислом – ватанпарвар дин. У фақат ўзини ўйлайдиган, жамиятнинг тараққиёти ёки ҳалокатига олдиндан эътибор қаратган диндир. У меҳр-оқибат, шафқат, сийлаи раҳм динидир. Исломда ватанпарварлик олий туйғу сифатида эътироф этилади. Ўтган алломаларнинг ўгитлари, панд-насиҳатларида ҳам бунга алоҳида урғу берилган. «Ватан» атамаси арабча сўз бўлиб, тилимизда «она юрт» деган маънони англатади. У ҳам кенг ва ҳам тор маънода қўлланилади. Бир халқ вакиллари жамул-жам яшаб турган, уларнинг аждодлари азал-азалдан истиқомат қилган ҳудуд назарда тутилса, бу кенг маънодаги тушунча, киши туғулиб ўсган уй, маҳалла, қишлоқ назарда тутилса, бу тор маънодаги тушунчадир.

Қуръони каримда Ватан, мамлакат, ер, диёр, яшаш манзили каби маъноларни англатадиган иборалар 47 марта такрорланган.

           Алҳамдулиллаҳ, юртимизда истиқлол шамоли эса бошлагандан буён чорак аср давомида ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳаси босқичма-босқич ривож топиб бормоқда. Хусусан, ижтимоий соҳада, дину диёнат, илм-маърифат борасида ҳам жуда кўп хайрли ишлар амалга ошмоқда. Жамоатга тўлиб-тошаётган хонақоҳларимиз, янги-янги қурилаётган ва таъмирланаётган муҳташам масжидларимиз бунга ёрқин мисолдир. Аллоҳ таоло бу дориломон кунларда яшашимизга нимани сабаб қилди? Аввало юртимизга ато этилган тинчлик-хотиржамликни, барқарорликни сабаб қилиб берди. Бу тинчлик, барқарорлик эса Ватан сарҳадларини қўриқлаб турган, тинчлигимизни таъминлаб турган, тоат-ибодатларимизни эмин-эркин адо этишимизни кафолатлаб турган қуролли кучларимизнинг, тинчлик посбонларимизнинг кечани кеча, кундузни кундуз демай, сергаклик билан, ҳушёрлик билан қилаётган хизматларининг самарасидир.

Аммо ёшларимиз бундай фидокорона хизмат қилиши учун, Ватанга содиқ бўлиши учун биз мўмин-мусулмонлар, юрт фуқаролари нима қилишимиз керак? Бизнинг вазифамиз – ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг қалбига Ватанга муҳаббат ҳиссини, шу жаннатмакон юртда туғилиб-ўсганидан фахрланиш туйғусини сингдиришимиз керак. Шунинг учун бугунги суҳбатимизда динимизда Ватанга муносабат қандай бўлиши лозимлиги ҳақида сўз юритмоқдамиз.

         Мўмин-инсон учун энг муқаддас замин – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қадамлари теккан, Қуръони Карим нозил бўлган, динимиз илк бор тарқалган ҳарами шарифдир, Каъбаи муаззама жойлашган Маккаи Мукаррамадир, равзи муборак жойлаган Мадинаи Мунавварадир. Бу муқаддас заминга бориб, у ерда динимизнинг бешинчи аркони бўлмиш ҳаж ва умра ибодатини адо этиш ҳар биримизнинг энг ширин орзуимиздир. Аммо Аллоҳ таоло инсон қалбига жо қилган Ватан ҳисси шу қадар кучлики, ҳожилар ана шу муқаддас масканга бориб ҳам, у ерда ҳаж арконларини адо этгандан кейин, равзаи мутоҳҳарани зиёрат қилгандан кейин ҳам уйга қайтгиси келиб қолади, бир кун ҳам тургиси келмай қолади. Ваҳоланки ҳажга бориш учун навбатга ёзилиб, ўн йиллаб кутади, умрида бир марта бориладиган бу сафарга боргач, Каъбани кўрган заҳоти ҳўнграб йиғлайди, ҳарамнинг тупроғини ўпади, замзам сувини муқаддас деб кўтариб келади. Лекин ҳаж арконлари тугагач, бир кун ҳам тургиси келмайди, тезроқ Ватанга, уйга қайтгиси келади.

       Ана шу Ватан туйғуси туфайли инсон ўзи яшайдиган уйни, ўзи яшайдиган маҳаллани, шаҳар-қишлоқни, Ватанни севади, уни обод қилади, унинг шаънини улуғлайди, ҳимоя қилади. Ватаннинг шаънини турли кўринишларда улуғлаш мумкин, масалан, уни моддий ва маънавий обод қилиш мумкин, турли халқаро анжуманларда, халқаро мусобақаларда Ватаннинг номидан иштирок этиш мумкин. Аммо бунинг асосий шарти шуки, қайси соҳада бўлмасин, холис ва самимий хизмат қилсин, ана шунда бу хизмат Ватаннинг шаънини кўтаришдаги хизмат ҳисобланади. Аллоҳ асрасин, бир кимса бу масъулиятли соҳада хиёнат қилса, бу ваколатни суистеъмол қилса, бу нарса нафақат унинг ўзига, балки у вакили бўлган халққа, уни тарбиялаб-ўстирган Ватаннинг шаънига доғ тушади. Шунинг учун ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: «Агар Ватан севгиси бўлмаганда, юртлар хароб бўларди», деганлар. Юртни уни севганлар обод қилади, уни Ватан деб билганлар ҳимоя қилади. Деганлар. . Аллоҳ таоло юртимизни жамики ёмонликлардан асрасин ва бунинг учун чинакам ватанпарвар, ҳақиқий мард, жасур ўғлонларни тарбиялашимизда Ўзи мададкор бўлсин!

                   Қ.Ниязов.

Хонқа тумани “Сайид ота”             масжиди ходими                         

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *