«ТЕРРОРИСТИК ГУРУҲЛАР ОҚИМИГА АДАШИБ КИРИБ ҚОЛМАНГ»

Ҳозирги кунда экстремистик ва террористик оқимлар ўз сафларини кенгайтириш мақсадида турли йўллардан фойдаланмоқдалар. Айниқса, хозирда ахборот алмашинуви жадал суратда амалга оширилмоқда. Интернет тармоқлари орқали ҳам турли хил ғаразли мақсадларга эга бўлган маълумотлар тарқатилмоқда.

Айни пайтда ахборот хуружидан ҳимояланишлик долзарб масалалардан бири бўлмоқда.

Марказий Осиёга экстремизмнинг кириб келишида Афғонистон дарвоза вазифасини ўтади. Хозирги кунда минтақада кўпроқ “Ўзбекистон ислом харакати” (иккинчи номи — Туркистон ислом харакати), “Ҳизб ут- таҳрир”, “Акромийлар”, “Нурчилар” ва “Таблиғчилар” каби экстремистик ва террорчи гуруҳларнинг фаолияти кузатилмокда.

Экстремистик руҳдаги террорчи ташкилотларнинг стратегик мақсадлари, аввало, гўёки, шариатга асосланган давлат тузиш бўлиб, бу бир неча босқичда амалга оширилиши режалаштирилган.

Биринчи босқичда аҳолини кенг кўламда “исломийлаштириш” назарда тутилади. Бунда, аввало, диний илми саёз бўлган кишилар орасида исломнинг фарзларига амал қилиш лозимлиги, бу ишларни бажармаганлар мусулмончиликдан чиқиши уқтирилади. Шу билан бирга, яширин “хужралар” тузиш ва уларда ўқиётганларга, диний таълим ниқоби остида, ўз қарашларини сингдириш ишлари олиб борилади.

Бир қарашда бундай “даъват”дан ҳеч қандай зарар йўқдек кўриниши мумкин, аслида эса бу “чуқур ўйланган стратегия”нинг бир қисмидир.

Иккинчи боскичда энди “исломийлаштирилган” аҳолида ҳукумат, мавжуд конституциявий тузум, расмий диний тузилмалар ва уламоларга нисбатан норозилик кайфиятини уйғотиш ва шу орқали ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарорлаштириш кўзланади. Унда аҳоли орасида “имонли” ва “имонсиз”, “мусулмон” ва “кофир”, “ислом диёри” ва “куфр диёри” каби тушунчаларни кенг ёйиш, экстремистик руҳдаги варақа, адабиёт, видео ва аудио тасмаларни тарқатиш орқали динлараро ва миллатлараро муносабатларни кескинлаштириш асосий мақсад ҳисобланади.

Учинчи босқичга келиб, тўпланган “жамоат” террористик ҳаракат билан мавжуд ҳукуматни ағдариш ва “ислом давлатини” тузишга даъват этилади. Бунда, “жиҳод”, “шаҳидлик” ғояларини тарғиб қилиш, яширин гуруҳлар тузиш ва унинг аъзоларини махсус (даъват, қўпорувчилик ва х.к.) тайёргарликдан ўтказиш, аёллардан иборат ячейкаларни кучайтириш ва охир-оқибат террор воситаларидан фойдаланган ҳолда мақсадга эришиш кўзланади.

Экстремистик ва террористик оқимларнинг жамият барқарорлигига таҳдиди қуйидагиларда намоён бўлади:

Ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарорлаштириш. Бунинг учун аҳоли ичида ва хорижий ахборот воситаларида мамлакатдаги ижтимоий-сиёсий ҳолат, жумладан, диний сиёсат, яширин гуруҳлар тузилиб, улар томонидан мутаассиблик руҳидаги диний ташвиқот юритилади ва натижада ижтимоий-сиёсий вазиятнинг беқарорлашув юз беради.

Динлараро ва миллатлараро муносабатларни кескинлаштириш. Мутаассиб кучлар турли халқлар, ҳаттоки, цивилизациялар орасидаги ўзаро ишонч ва тинчликка раҳна солиш билан бир қаторда, бошқа диндагиларга нисбатан кескин ва салбий муносабатда бўлишга чақирадилар.

Аҳоли орасида ислом таълимотларига зид ғояларни тарқатиш. Бунда муқаддас ислом динидаги “шаҳид”, “жиҳод” каби тушунчалар ўзларининг ғаразли манфаатлари йўлида нотўғри талқин қилинади. Бундай талқин динимизнинг гўёки, ёвузликка, жангу жадал, уруш, қон тўкишга асослангани ҳақидаги нотўғри тасаввурларнинг шаклланишига сабаб бўлади.

Ёшларнинг фаол ижтимоий куч экани уларнинг турли мафкуравий таъсир ва тазйиқларнинг бош объектига айланишига олиб келди. Бунда уларнинг жамиятнинг ҳали етарли тажрибага эга бўлмаган, ташқи таъсирларга тез берилувчан ва, айни пайтда, энг харакатчан қатлами экани инобатга олинмоқда.

Ёшларнинг турли террористик оқимларга кириб қолишлари сабаблари қаторида уларда диний маълумотнинг етишмаслиги, уни эгаллашга бўлган қизиқиш ва интилиш ҳамда ишонувчанлик, бирданига ва хамма нарсага (бойлик, шон-шухрат, мартаба ва х.к.) эга бўлишга харакат қилиш, илмий тилда айтганда, максимализм каби маънавий-руҳий омилларни алоҳида ажратиб кўрсатиш лозим. Огоҳ бўлайлик, лоқайд бўлмайлик, фарзандларимизни бузуқ ғоялардан асрайлик, огоҳлик давр талаби эканлигини унутмайлик.

М.Мадиримов

Ҳазорасп тумани “Ҳазрати Шайх Мухаммад Амин” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *