ЁШЛАР – ҒУРУР ВА ИФТИХОРИМИЗ!!!

Инсоният пайдо бўлибдики, энг долзарб, энг машаққатли ва энг қийин вазифа – ёшлар тарбияси масаласи бўлиб келган. Барча аллома, мутафаккирлар, миллатнинг зиёлилари жамият ривожи, мамлакат фаровонлиги, тинчлигу хотиржамлигини ёшлар тарбияси билан боғлаганлар. Бу бежиз эмас. Қаерда тарбия масаласини таълим билан, миллий қадрият, анъаналар  билан узвий боғлиқликда ҳал этишга ҳаракат қилинган бўлса, ўша жойда ривожланиш, тараққиёт бўлган. Ёшлар таълим – тарбиясига эътиборсизлик қилинган жойда эса инқирозлар, миллий ўпирилишлар содир бўлаверган.

Ўтган буюк боболаримиздан Абдурауф Фитрат шундай деган эканлар: «Агар динга, Ватанга, молға, жонға, авлодга муҳаббатингиз бўлса, агар диннинг халос бўлиши, шариатнинг ривожи, Ватан ободлиғи, авлоднинг тинчлиги, яхши ном қолдиришнинг чорасини хоҳласангиз, сизнинг иложингиз, аввало, касби маорифдир. Қобилиятлиларни таҳсил учун ўқишга юборинг». Ушбу иқтибосда буюк алломанинг миллат ва Ватан келажаги, ёшлар таълим-тарбияси учун қанчалар куюнчаклик билан ёндашганини кўришимиз мумкин.

Миллий мустақилликнинг ўтган қисқа даврида буюк мутафаккир, алломалар орзу қилган ниятларга етдик, мамлакатимиз ривожланишнинг мутлақо янги йўлига чиқиб олди. Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов мазкур масала хусусида тўхталиб, шундай дейди: «Одамлар адолат учун жон беради, адолат учун курашади, адолат учун ўзини ҳам аямайди. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда ана шундай мардлар ўсиб, вояга етмоқда. Мен бугунги ёшларимизни кўрсам, хаёлимга шундай фикрлар келадики, эй, сизлар бошқача тарбия оляпсизлар! Мутлақо бошқача! Бизнинг ёшлигимизда бундай имконият ва шароитлар йўқ эди. Чунки биз бошқача даврда яшаганмиз, бошқача мафкуранинг маҳсули бўлганмиз».

Ҳозирги йигит-қизларимиз бундан 20-30 йиллар аввалги тенгдошларидан қатор сифатлари билан ажралиб турадилар. Агар ўша давр ёшларида ташаббуснинг сустлиги, ғоявий-мафкуравий қарамлик, бировга кўр-кўрона эргашувчанлик, воқеа-ҳодисаларни таҳлил этишда ўз мустақил фикрига эга эмаслик кабилар устунлик қилган бўлса, ҳозирги ёшларимизда ўз қатъий фикрига эгалиги, ўз иқтидорини намойиш этиш имконияти мавжудлиги, ташаббускорлик, миллий-маданий, мафкуравий-сиёсий собитқадамлик, танлаган мақсад сари интилишдаги изчиллик сингари ҳолатларни кўриш мумкин.

Ҳозирги даврда ёшларимиз тарбиясидаги  муаммоларни изчиллик билан, бир тану бир жон бўлиб ҳал қилиш, шубҳасиз, ижобий натижалар беради. Зеро, Юртбошимиз қайд этганидек, «Мустақил фикрлайдиган, замонавий илм-фан ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган, ўз юрти, ўз халқига фидойи, биз бошлаган ишларни давом эттиришга қодир бўлган, ҳар томонлама соғлом авлодни енгиб бўладими? Бугун биз ўз олдимизга қўйган юксак мақсадларга етишда ана шу навқирон авлодимиз ҳал қилувчи куч бўлиб майдонга чиқаётгани барчамизга ғурур ва ифтихор бағишлайди».  

 

Р.Отажонов

Янгиариқ тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован.