ЁШЛАРИМИЗ ТАРБИЯСИ – ДОЛЗАРБ МАСАЛА!

Бугунги кунда ёшларимизнинг тарбияси энг долзарб муаммолардан бирига айлангандек, гўё. Чунки ўғил-қизлар ўртасида бўлаётган тарбиясизлик, катталарни ҳурмат қилмаслик, кўча-кўйда, жамоат жойларида ўзларини назорат қила олмасликлари бизни шундай хулоса чиқаришга чорлайди. Хўш, ёшларнинг бундай ҳолга келиб қолишларига энг аввало, ким айбдор? Бу савол ҳаммамизни бирдек мулоҳазага чорлайди.

Табиийки, ёшлар тарбияни дастлаб оиладан, ота-онадан олади. Оила жамиятнинг негизи ва тарбиянинг асосий институти ҳисобланади. Оила фарзанд тарбиясида бирламчи бўғин бўлиб, у боланинг ривожланишига ҳамиша таъсир кўрсатади. Соғлом оилада улғайган бола тарбияли, баркамол бўлиб вояга етади. Аксинча, носоғлом, яъни доимо уруш-жанжаллар бўлиб турадиган оилада тарбия топган болада турли ноодатий одатларга мойиллик кучли бўлади.

Таъкидлаш жоизки, жамият гултожи ҳисобланган инсон биринчи навбатда, оилада шаклланади ва вояга етади. Кейинги таълим ва тарбияни мактабда устозлардан олади. Шундай экан, ёшларимизнинг тарбияли, ибо-ҳаёли, андишали бўлиб вояга етишларида ёки аксинча, тарбиясиз бўлиб қолмасликларига ҳаммамиз бирдек масъулмиз. Зеро, Абдулла Авлоний бобомиз айтганларидек: «Тарбия биз учун ё ҳаёт — ё мамот, ё нажот — ё ҳалокат, ё саодат — ё фалокат масаласидир»

Халқимизнинг эртанги куни қандай бўлиши фарзандларимизнинг бугун оилада, ўқув муассасаларида қандай таълим ва тарбия олишларига боғлиқ. Биз ёшларга шундай муносиб таълим-тарбия берайликки, улар ҳеч қачон одоб-ахлоқ қонун-қоидалари чегарасидан чиқишмасин, доимо намунали шахс бўлиб, ватанимиз тараққиёти учун керакли инсонларга айланишсин. Чунки юртимиз келажаги ёшларимиз қўлида.

Х.Аминов

Янгиариқ тумани “Мухаммад Саид” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *