МУҚАДДАС ИСЛОМДА ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯ

Маълумки, ижтимоий ҳимоя жамиятнинг иқтисодий ночор, ёрдамга муҳтож ва боқувчисини йўқотган қатламлари эҳтиёжларини қондириш ҳамда ижтимоий адолатни ўрнатиш йўлида ҳукумат даражасидаги иш саналади. Тарихдан маълумки, Ислом дини ўзининг даслабки давриданоқ бу масалага катта эътибор қаратган. Закот, харож (хирож), ушр каби солиқларнинг жорий этилиши ва уларнинг тақсимланадиган ўринларини ўрганган киши буни яхши билади. Ҳатто Исломнинг 5 арконидан бири закот бўлиб, у камбағал, бева-бечораларнинг эҳтиёжларини қондиришга йўналтирилади ва у улуғ ибодат саналади. Уни адо этмаган киши эса маҳкамада жазога тортилса, охиратда улкан иқобга қолади. Ҳатто Халифа Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу закот беришдан бош тортган қабилаларга қарши жанг қилганлари ҳам бу ишнинг қанчалар муҳим эканини кўрсатади. Молининг закотини бермаган кимсанинг тўплаган моли қиёматда унга қай тариқа азоб бериши борасида кўплаб ҳадислар мавжуд.
Тарихни, хусусан Ислом тарихини ўрганган киши биринчи бўлиб болаларга нафақа ажратган киши Мўминлар амири Умар розияллоҳу анҳу экани, талабасига биринчи бўлиб нафақа (стипендия) берган зот мазҳаббошимиз Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит раҳматуллоҳи алайҳ эканини яхши билади. Хўш, фақиҳлар бу борада қандай йўл тутишган? Бу борадаги қисқагина тушунчани ҳукмингизга ҳавола қилиб, хулосаинг ўзингизга қолдирамиз. “Ал-Мавсуъатул фиқҳийя” (Ислом фиқҳи энциклопедияси)нинг 7-жилдида бундай дейилади: Имомул Ҳарамайн айтади: “Султоннинг молиявий ёрдамига ҳақли шахслар учта синфдан иборат бўлади: Муҳтожлар синфи. Султон уларнинг эҳтиёжини қондириши лозим. “Албатта, садақаларни фақат фақирлар, мискинлар…(га бериш) Аллоҳ (томонидан) фарз (этилди)” оятида зикр этилган закотга ҳақли кишиларнинг аксарияти ана шу синф вакилларидир. Султон томонидан таъминланадиган ва белгиланган маош билан эҳтиёжлари қондириладиган шахслар. Уларга маош тўлаб, зиммаларидаги Исломнинг энг муҳим вазифаларини бажаришларига шароит яратиб берилади. Уларнинг ўзи яна икки синфга ажралади: Ёлланма (шартнома асосида хизмат қилаётган) аскарлар. Улар мусулмонларнинг ҳарбий куч ва шавкати ҳамда уларнинг тинчлигига масъул шахслардир. Бундай кишиларга эҳтиёж ва талабларини қондирадиган даражада маош бериш лозим.
Дин арконларига амал қилишни назорат қилувчи шахслар. Улар бу вазифани бажариш ила машғулликлари сабаб тирикчилик ва эҳтиёжларини қондириш воситаларидан мосуво бўлиб қолишади. Бордию улар ўз вазифаларини бажаришмаса, иймон (Ислом) арконлари жорий қилинмай қолади. Шунинг учун Султонга уларнинг таъминотини қилиши вожиб бўлади. Шунда улар ўз вазифаларини тўла-тўкис адо этишга имкон топишади. Улар – қозилар, ҳокимлар, кишиларнинг мол-мулкларини тақсимлаб берувчи шахслар, муфтий ва фақиҳлар ҳамда дин асосларидан биронтасини жорий этиш йўлида ўз тирикчилигидан тўсилиб қолган кишилардир. Бой ва ўзига тўқ бўлса-да байтул молдан маблағ ажратиладиган шахслар. Уларнинг мазкур маошга ҳақли бўлишлари эҳтиёжманд эканликлариги боғлиқ эмас. Улар Қуръони каримда “(Пайғамбарга) қариндош бўлган” деб айтилган Ҳошим ва Мутталлиб авлодларидир

М.Хабибуллаев

Гурлан тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *