ЯХШИ АМАЛ ҚИЛИШГА ИНТИЛАЙЛИК!

Аллоҳ учун севикли банда бўлиш учун киши солиҳ амаллар қилиши керак. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) асҳобларига мурожаат қилиб: “Сизларга энг яхшиларинг кимлигини айтайми?” дедилар. Асҳоблар: “Ҳа”, деб жавоб беришди. Жанобимиз (алайҳиссалом): “Энг яхшиларинг умри узун бўлиб, амаллари чиройли бўлганларингдир”, деб марҳамат қилдилар. Чиройли амал энг яхши шаклда, маромига етказиб бажарилган амалдир. Комил мўмин ҳар қандай ишни энг гўзал шаклда амалга оширади. Зеро, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ таоло бирор киши бир иш қилса, маромига етказишини хуш кўради”, дедилар. Ишларни гўзал қилиб бажариш, Аллоҳ таоло доимо кўриб турганини мушоҳада қилиш ва Уни ёдда тутиш билан ҳосил бўлади. Муҳими, Аллоҳ кўриб тургандек ибодат қилишдир.

Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қудсий ҳадисда бундай деганлар: «Албатта, Аллоҳ таоло яхши ва ёмон амалларни ҳам ёзиб, уни қуйидагича баён этди: “Ким бир яхшилик қилишга аҳд этса-ю, аммо амалга ошира олмаса, Аллоҳ таоло унинг учун Ўз ҳузурида комил яхшилик қилди, деб ёзиб қўяди. Агар яхшилик қилишга қарор бериб, уни амалга оширса, унга Аллоҳ таоло Ўз ҳузурида ўн савобдан етти юз савобгача, ҳатто бундан бир неча баробар кўп савоб ёзади. Агар бирор ёмонлик қилишни ўйласа-ю, уни амалга оширмаса, Аллоҳ таоло унга бир яхшилик савобини ёзади. Ёмонликни ният қилиб, уни амалга оширса, Аллоҳ таоло унга битта ёмонлик ёзади”» (Имом Бухорий ва Имом Муслим).

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким бир мўминдан дунё машаққатларидан бирини аритса, Аллоҳ таоло қиёмат куни унинг машаққатларидан бирини аритади. Ким бир камбағалнинг ишини енгиллатса, Аллоҳ унинг бу дунё ва охират ишларини енгиллатади. Ким бир мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ унинг айбини дунёю охиратда беркитади. Ким илм талаби йўлини тутса, Аллоҳ унга жаннатга кириш йўлини осон қилиб қўяди. Қайси бир қавм Аллоҳнинг уйларидан бирида жам бўлиб, Аллоҳнинг Китобини тиловат қилса, уни ўрганса, албатта, уларнинг устига хотиржамлик тушади, уларни раҳмат чулғайди, фаришталар қуршаб олади ва Аллоҳ Ўз ҳузуридагилар орасида уларни зикр қилади. Кимнинг амали ўз эгасини ортга тортса, унинг насаби уни олдинга сура олмайди”, деганлар (Имом Муслим).

Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: “Эзгуликнинг энг яхшиси ўз отасининг дўстларига (отаси вафотидан кейин) яхшилик (давомли) қилишдир” , деганларини эшитдим» (Имом Термизий).

Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизларнинг яхшиларингиз аҳли оиласига яхшилик қилувчиларингдир ва мен ичларингиздаги ўз аҳли оиласига кўпроқ яхшилик қи­лувчиларингизман”, деганлар

(Имом Термизий, Ибн Можа).

Мана азизлар, Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг юқоридаги ўгитларидан шуни билиб олдикки, инсон бу ҳаёти дунёда фақат яхшилик қилишга ҳаракат қилмоғи керак эканлигини билиб олдик. Чунки бу ҳаётимиз қисқа, умр эса шиддат билан ўтиб бормоқда. Шундай экан барчаларимиз шу фоний дунёда фақат яхшилик қилишга ва ёмонликлардан ўзимизни сақлашга ҳаракат қилайлик!

Х.Аминов

Янгиариқ тумани “Мухаммад Саид” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *