ЛОҚАЙД ВА БЕПАРВО БЎЛМАЙЛИК

Ислом дини ҳар қандай шароитда ҳам экстремистик ва террорчилик каби кескин ҳаракатларни амалга оширишга рухсат бермайди. Унинг таълимотига кўра, ноҳақ қон тўкилиши кимнинг қони бўлишидан қатъи назар, энг оғир гуноҳ ҳисобланиб, унингжазоси ҳам оғир экани маълум. Бугунги кунда ўзини фуқаро сифатида англаётган барча юртдошларимиздан турли кучлар томонидан қилинаётган фитналар, турли тажовузлар моҳиятини тўғри ва теран англаш талаб этилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга фитналар тўғрисида жуда кўп бора айтиб, ундан эҳтиёт бўлиш лозимлигини таъкидлаганлар.

Аллоҳ таоло барчаларимизни турли фитналардан ва ундай фитналарни ташкиллаштирувчи фитначилардан эҳтиёт бўлишимизга чорлаб, Анфол сурасининг 25-оятида шундай дейди: “Сизлардан фақат золимларгагина хос бўлмаган (балки ҳаммаларингизга оммавий бўладиган) фитна (азоб)дан сақланингиз ва билиб қўйингизки, Аллоҳ жазоси қаттиқ (зот)дир”. Расули акрам (сав) ҳам бу каби фитналардан эҳтиёт бўлиш лозимлигини таъкидлаб: “Фитналар содир бўлганда тик тургандан кўра ўтирган афзалдир, тик турган эса юриб кетаётгандан, юриб кетаётган эса югуруб кетаётгандан афзалдир, кимки фитнага аралашиб қолса, ҳалокатга учрайди ва кимки ундан паноҳ топса, дарҳол яширинсин!” – дедилар.

Ватанимиз фукоралари бундай шароитларда ҳар қачонгидан ҳушёр ва огоҳ бўлишлари, дўст киму, душман кимлигини яхши ажрата олишлари, ғанимлар фитнасига учмасликлари, ёвуз кучлар қўлидан қўғирчоқ бўлиб қолиб, диндошлари ва миллатдошлари қотилига айланмасликлари зарур. Чунки ҳар бир фитна ва фасод иш ортида ғаразли мақсадлар, манфаатдор кучлар турганини бир лаҳза ҳам унутишга ҳаққимиз йўқ.

            Дарҳақиқат, инсон огоҳ бўлсагина ўзининг келажагига ақл билан теран назар ташлайди, келиши ёки содир бўлиши мумкин бўлган фитна-фасод, хавф-хатарни олдини олиш ва бартараф қилиш ҳаракатида бўлади. Аксинча, ғофил, бепарво ва лоқайд бўлган кимса эса атрофида нималар бўлаётганига ҳам эътибор бермай, охир оқибат турли бало ва мусибатларга дучор бўлади. Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳаёт вақтларида асло вужудга келмаган, аммо келажак асрларда вужудга келиши мумкин бўлган, халқ ва миллатлар бирлиги ва осойишталигига таҳдид солувчи фитна-фасод, бузғунчиликлар ҳақида хабар бериб: “Умматимдан қайси бири умматимга қарши чиқса, унинг яхши ва ёмонини фарқига бормаса, мўминига зиён тегишидан ўзини тиймаса, берган ваъдасига вафо қилмаса, у менинг умматим эмас!”-дея огоҳ этган эдилар.

У.Шерметов

Ҳазорасп тумани “Хазрати Давуд” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *