ЖУМА АЙЁМИДА ҚУТЛОВ АСЛО БИДЪАТ ЭМАС, БАЛКИ САВОБ АМАЛДИР

    Мўминларнинг саййидул жума куни бир-бирларини табриклашлари одат тусига кирган. Айниқса, техника ривожланган ҳозирги даврда ижтимоий тармоқларда ушбу муборак кунда бир-бировни қутлашларига кўзимиз тушади ва ўзимиз ҳам биродарларимизга эзгу тилаклар билдирамиз. Жума намозига келган ҳам салом-аликдан сўнг албатта танишу нотаниш кишиларга “Жумангиз муборак!” деб қутлов билдиришади.

     Аммо, таассубки, сўнги вақтларда ижтимоий тармоқларда “Жума билан қутлаш бидъат” ва ҳатто “Жума билан табриклаш ҳаром” қабилидаги сўзларга кўзимиз тушади.

      Бундай асоссиз ва уйдирма гапларни янги пайдо бўлган бемазҳабларга эргашганлар айтишмоқда. Таассубки, ана шундай бемазҳаблар бемаза фикрлари, асоссиз уйдирмалари билан фуқароларни чалғитишга уринишмоқда.

    Бу масалада олдинлар ҳам айнан бемазҳаб вакиллар ўзларича ривоятлар тўқишган. Масалан, Сохта салафий уламоларидан бири ҳисобланмиш Муҳаммад Зайни дегани ўзининг бир рисоласида ҳатто мусулмонлар учун муқаддас ҳисобланмиш ийди Рамазон ва ийди Қурбон байрамларида бир-бировни қутлаш ножоиз деган фикрни илгари суради. Ёки сохта салафийлар “уламо”ларидан бири Албоний дегани ўзининг фатволар тўпламида:”Байрам кунлари тириклар тирикларни зиёрат қилиши ва табриклаши бидъат ва шаръиат таъқиқлаган иш” деган асоссиз давони илгари суради.

     Аҳли суннат ва жамоат таълимотига кўра тўрт мазҳаб усулларида “Жума айёмингиз муборак бўлсин!” деб табриклаш жоиз амаллардан ҳисобланади.

     Олти юздан ошиқ китоб ва рисолалар ёзган, “Тафсири жалолайн” асари муаллифларидан бири, машҳур мухаддис Жалолиддин ас-Суютий раҳимаҳуллоҳ “Нур ал-лама фи хасоис ал-жума”(“Жума хосиятлари ҳақида ярақлаган нур”) асарида жума кунинг юз хосияти ҳақида сўз юритиб, бу тўғридаги кўплаб ҳадис ва ривоятларни келтиради. Машҳур уламо:”Жума куни бу умматнинг байрамидир” деб ёзади ва сўзини ҳадислар билан мустаҳкамлайди. Жумладан, ушбу саҳиҳ ҳадис келтирилади: “Эй, мусулмонлар жамоаси бу жума кунини Аллоҳ сизларга байрам қилиб берган”.

    Жума кунининг байрам экани ҳақида бошқа бир қатор китобларда ишончли манбалар ва ҳадислар келтирилади.

     Ҳатто ривоятларда ушбу кунда қушлар ҳам бир-бирларини чуғурлашиб қутлашлари ҳақида сўз боради.

     Жума –мусулмон аҳли учун улуғ кун! Чинакам байрам. Байрам эса хушбахтлик келтирувчи кун ва санадир. Шундай кунларда бир-биримизга энг чиройли, эзгу сўзларни айтмоғимиз керак. Зеро, аҳли донишлар:”Яхши сўз ҳам садақадир”. Деганлар.

Х.Кенжаев,

Урганч шаҳар бош имом хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *