РАМАЗОНИ ШАРИФ БАРАКОТИ

Рамазон ойига соғ саломат етказган Парвардигори оламга беадад ҳамду санолар, беҳисоб шукроналар бўлсин, бу муборак ойда саловатларнинг барчаси Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо саллоллоҳу алайҳи вассалламга бўлсин ва асҳоби киромларга Аллоҳ таолонинг раҳмати ва мағфирати бўлсин. Жаннатмакон юртимизга муборак ва баракотли ой ташриф буюрди.

Рамазон ойи ҳар доим ойларнинг султони, саййиди, энг яхшиси бўлиб келган ва ҳамиша шундай бўлиб қолаверади. Рамазон ойи рўзасини тутиш фарз, таровиҳ намозини ўқиш суннат, Қуръони каримни хатм қилиш эса фазилатдир. Рамазон шундай қадрли ва ғанимат ойдирки, унда тутилган рўзанинг савобини бевосита Аллоҳ таолонинг Ўзи беради. Рўза, таровиҳ ва тиловат ойи бўлиб, унинг Рамазон ойида жаннат дарвозалари очилади, жаҳаннам қопқалари ёпилади, итоатсиз жин-шайтонлар занжирлар билан боғланади. Рамазон ойи гуноҳлар мағфират қилинадиган, раҳм-шафқат кўрсатиладиган ва дўзахдан озод қилинадиган ойдир. Рамазон ойи Аллоҳ ва Расулининг буйруқларини бажаришда, қайтариқларидан қайтишда ва синов-имтиҳонга учраганда сабр-тоқатли ва чидамли бўлишни ўрганадиган ойдир.

Биз бахтли инсонлар эканмиз чунки, ватанимиз тинч ҳаётимиз фаровондир. Ҳар куни оммавий ахборот воситалари орқали эшитяпмиз кўряпмиз дунёни айрим минтақаларида нотинчликлар қонли урушлар бўляпти. Мусулмонлар яшайдиган айрим юртларда бу йилги рамазонни рўзасини тута оламизмикин ва ҳайит қиламизмикан деб оҳ чекиб йиғлаётган инсонларни кўриб юрагинг эзилади. Беҳисоб шукрлар бўлсинки, бизнинг юртимизда тинчлик деб аталмиш улуғ неъмат ҳукм сурмоқда. Ҳар йили Юртбошимиз томонларидан алоҳида махсус Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш мақсадида қарорлари чиқарилаётгани юртимизда диний қадриятларимизга жуда катта эътибор берилаётгани қолаверса муқаддас динимизга бўлган ҳурмат эҳтиромни нишона десак, муболаға қилмаган бўламиз.

Бу ойнинг яна бир фазилатларидан бири шуки, бу ойда улуғ кечалардан бир кеча яъни, қадр кечасининг фазилати алоҳида аҳамиятга эгадир.

Ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилинадики, Унда Аллоҳнинг бир кечаси бўлиб, у минг кечадан яхши бўлади. Бу кеча Қадр кечасидир. Ундаги ибодат — яхшиликларга бериладиган савоб ва хайр-баракалар шу даражада кўпдир. Ким ўша муборак кечани уйқу билан, беҳуда ўтказса, барча яхшиликлардан маҳрум бўлибди. Бу ҳадиси шарифга ҳаётимизда амал қилишга бошлашимиз, муборак Рамазон ойидан тўла фойдаланишга ўрганишимиз лозим. Рамазони шариф кунларини рўзадор, тунларини бедор бўлиб, ибодат ила ўтказишимиз керак. Машҳур шайхлардан Ахнаф ибн Қайс кексалик вақтида ҳам рўзага катта аҳамият берар экан. Унинг қийин ҳолатини кўриб, одамлар: “Сиз қари одамсиз. Рўза сизни қийнаб қўяди. Рўза тутмасангиз ҳам бўлаверади-ку”,-деганларида у киши: Мен рўзани узун сафарим учун тайёрлаяпман. Бу дунёда Аллоҳнинг тоатига сабр қилиш, охиратдаги азобига сабр қилишдан кўра осонроқдир”,- деб жавоб берган экан.

Рамазони шарифда сабр деб аталмиш фазилат қалбларимизни мунаввар қилсин. Албатта, рамазон киши руҳини поклаш учун берилган ойдир. Агар кимки рамазонда руҳини поклай олса, унинг барча гуноҳлардан фориғ бўлишига шубҳа қолмайди.Демак, инсон рамазондаги кун ва соатларни ғанимат билмоғи, камчилик ва гуноҳларига каффорат бўладиган савоб ишлар қилиб, бу ойда ваъда қилинган барча фазилат ва имтиёзларнинг ҳақли эгаси бўлишга интилмоғи лозим.

Ж.Умаров

Шовот тумани “Араб бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *