Такфир – мусулмон уммати бирлигига раҳна солувчи таҳдиддир!

  Бугунги кунда аксарият мусулмон мамлакатларида жамиятни ичидан тафриқа ва фитналар келиб чиқишига сабаб бўлаётган маънавий таҳдидлардан бири такфир ҳисобланади.

Такфир ҳодисасининг илк илдизлари Али (р.а.) даврида унга қарши исён кўтарган хорижийлар фаолиятига бориб тақалади. Хорижийлар ўзларига қўшилмаган ёки эргашмаган барча кишиларни, ҳатто улар мусулмон бўлсалар ҳам, кофир деб эълон қилишган. Катта гуноҳ қилган мусулмонларни ҳам кофирга чиқариб, уларнинг авлоди, моли ва жонини ўзларига ҳалол санашган. Улар ўз даврларида Усмон ибн Аффон (р.а.), Али ибн Толиб (р.а.) каби “хулофои рошидинлар”ни ҳам куфрда айблашган.

Ҳозирги кунда ҳам турли диний мутассиб ва экстремистик ташкилотлар юқоридаги каби ислом аҳкомларини кўр-кўрона бузган ҳолда ўзларига эргашмаган мусулмонларни ва дунёвий ҳокимиятга нисбатан “кофир” деб асоссиз ҳукм чиқармоқдалар.

Ислом дини таълимоти мусулмон одамни кофирга чиқаришдан қайтаради. Ҳанафийлик мазҳаби ва мотуридийлик ақидасига мувофиқ, имоннинг шарти яккахудоликка тил билан иқрор бўлиш, қалб билан тасдиқлаш саналади.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таоло томонидан етказилган барча нарсаларни дил билан тасдиқлаб, тил билан ифодалаш “имон” дейилади. Бу ҳақда “Ақоидун Насафия” китобида шундай дейилган: яъни: “Иймон, (Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам) Аллоҳ таоло ҳузуридан келтирган нарсани тасдиқлаш ва унга иқрор бўлишдир”.

 Инсоннинг имонини ўлчаш имконияти бошқа инсонда йўқ, чунки имон инсон қалбида бўлади. Шариатга кўра, қалбни фақат Аллоҳ билади. Шунга кўра, мусулмон одамнинг имони ҳақидаги ҳукмни ёлғиз Аллоҳ чиқаради. Бунга мазкур ҳадис далил бўлади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уч нарса иймоннинг аслидандир: “Лаа илааҳа иллаллоҳу” деган кимсага тегмаслик. Гуноҳи туфайли уни кофирга чиқармаймиз. Амали туфайли уни Исломдан чиқармаймиз”, дедилар”.

Катта (кабира) гуноҳ содир этган мўмин киши, “Аҳли сунна вал-жамоа” эътиқодига кўра, қилган ишини ҳалол санамас экан, кофир бўлмайди.

Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳнинг наздларида динда буюрилган ёки қайтарилган ишларга амал қилиш имоннинг шарти ҳисобланмайди. Демак, амал қилмаган кишини ҳам гарчи амал қилмагани учун гуноҳкор бўлса-да, уни мусулмон деймиз. Мана шу масала аввалдан кўп ихтилофларга сабаб бўлиб келган.

Хаворижлар каби адашган тоифалар амал қилиш имоннинг шарти деганлар ва амал қилмаган кишиларни кофирга чиқариб, уларга уруш эълон қилиб, қирғин-барот урушлар ва кўп мусулмонларнинг қонлари тўкилишига сабаб бўлган. Афсуски, ҳозирги кунда ҳам ушбу ҳолат баъзи тоифа тарафдорлари томонидан такрорланмоқда.

Ваҳоланки, бизнинг Аҳли сунна вал жамоа эътиқодимизга кўра, барча уламоларимиз бир овоздан гуноҳ иш қилган киши модомики уни ҳалол санамаса ва фарз амалларнинг фарзлигига ишониб туриб, дангасалик ва бепарволик билан уни адо қилмаса, уни кофирга чиқармайдилар. Қолаверса, мазҳаббошимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ ўзларини “Фиқҳул акбар” китобларида шундай деганлар:

яъни: “Мусулмон кишини, гуноҳни ҳалол санамас экан, бирор гуноҳи сабабли кофирга чиқармаймиз, ҳаттоки катта гуноҳ қилган бўлса ҳам”.

Тўрт мазҳаб уламолари иттифоқига кўра, катта гуноҳ содир этган шахс дўзахда ҳам абадий қолмайди. Мусулмонни кофирга чиқаришдан келиб чиқадиган хатарлар боис Қуръон ва суннатда бировларни кофирга чиқаришдан қайтарилади. Мусулмонларни динсизликда айблаш мумкин эмаслиги ҳақида Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Бирор киши ўз биродарига: “Эй кофир!”, – деса, бу сўз иккаласидан бирига тегишли бўлади”, дедилар (яъни, агар кофирликда айбловчи ҳақ бўлса, айбланувчи кофирлигича қолади. Башарти ҳақ бўлмаса, у ҳолда ўзи кофир бўлади)”, деб таъкидланган.

Имом Абу Ҳанифа ўзининг “Фиқҳи акбар” асарида мазкур масалага қуйидагича ҳукм берган: “Бирор мусулмонни қилган гуноҳи сабабли кофирга чиқармаймиз, гарчи у кабира гуноҳ бўлса ҳам, башарти уни ҳалол деб эътиқод қилмаган бўлса”.

Афсуски, айрим ёшларимиз Интернетда насл-насаби, диний маълумоти, кимга хизмат қилиш номаълум кимсаларнинг таъсирида ватандошлари, ҳатто яқинларини диндан чиққанликда айблаётгани жуда хатарли ҳолатдир.

Шу нуқтаи-назардан, ёшларимиздан Интернет ва бошқа воситалар орқали тинч-осойишта яшаб келаётган мусулмонларни, айниқса, диний уламоларни кофирга чиқариб обрўсизлантиришга уринаётган, давлат ва жамиятга қарши фитна чиқариш, барқарор юртни барбод қилиш каби гуноҳ ишларга даъват қилаётган кимсалардан огоҳ ва эҳтиёт бўлишлари талаб қилинади.

А.Бобоев

Шовот тумани “Ваянган бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *