МУБОРАК РАМАЗОН ОЙИНИНГ ФАЗИЛАТЛАРИ.

Аллоҳ таолога беҳисоб шукрлар бўлсинки, мусулмон оламига ойларнинг султони бўлган моҳи рамазон кириб келди. Бундай муборак ойни ҳалқимиз ҳам жуда хурсандлик ва яхши кайфиятларда кутиб оладилар. Чунки бу ойда фазилатлар устига фазилатлар, баракалар устига баракалар ҳамда қалблар поклиги, баданлар соғлиги ва Аллоҳ таоло тарафидан мўмин бандаларига раҳмат — мағфиратлар, ва дўзахдан озод қилишлар бордир.

Аллоҳ таоло Қуръон кариймда марҳамат қиладики: “Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки тақводор бўлсангиз”. Ва яна бир оятда Аллоҳ таоло Рамазон ойини бошқа ойлардан қандай даражада юксак эканлигини ифода қилиш учун Бакара сурасини 185-оятида: “Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб, Қуръон туширилгандир. Сиздан ким у ойда ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Ким бемор ёки сафарда бўлса, бас саноғини бошқа кунларда тутади. Аллоҳ сизларга енгилликни ҳоҳлайди ва сизларга қийинчиликни ҳоҳламайди. Саноғини мукаммал қилишингиз ва сизни ҳидоятга бошлаган Аллоҳни улуғлашингиз учун.Шоядки шукр қилсангиз”.,дея марҳамат қилган.Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам рўзани ҳикматлари, фазилатлари фойдалари тўғрисида:“Намоз ҳужжатдир, закот покловчидир рўза эса баданни саломатлигидир”дея марҳамат қилганлар. Ва яна Абу Ҳурайра розиаллоҳу анҳу ривоят қилинган ҳадисларида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам“Вақтики рамазон келса, жаннат эшиклари очилади”. Яна бошқа ҳадисда “Рўзадор обиднинг уйқуси ибодатдир, нафаси тасбеҳдир, дуоси ижобатдир, қилган амали чандон-чандон зиёдадир, ҳар бир нарсани эшиги бордир, ибодатнинг эшиги рўзадир”., деб марҳамат қилганлар. Бундан ташқари ҳужжатул ислом таҳаллуси билан бутун оламга танилган аллома Имом Ғаззолий бобомиз ўзининг “Иҳё”сида рўза борасида шундай марҳаматқилган: Рўза бу Аллоҳнинг душмани бўлган шайтонга қахр қилишликдир. Чунки Аллоҳнинг душмани бўлган шайтон шаҳватларни васила қилади. Шаҳватлар эса ейиш-ичиш ила кучайиб боради. Шу боради яна бир Пайғамбаримизнинг муборак ҳадислари борки: “Албатта шайтон одам фарзандининг қон-томирларида юради, унинг юрадиган йўлини очлик ила торайтиринглар” деб марҳамат қилганлар. Бу рўза жасадимизнинг поклаш ибодатидир. Абу Саид розиаллоҳу анҳу: Ҳар бир нарсани закоти бордир, жасаднинг закоти рўзадир, деганлар.

         Рамазон ойини суннатларидан бири шаъбон ойида рамазон ойи учун тайёргарлик кўриб, шаъбон ойида тавба-тазарру қилиб бошлаш керак. Гуноҳлардан тамоми ажраб чиқиш керак, ҳусуматлашган инсонлар бўлса, ҳусуматларини тўғрилаши керак. Зулм қилган инсонлари бўлса, улардан кечирим сўраб уларни рози-ризолигини олиш керак. Яхшиликлардан тўсиб қўядиган ва ман қилиб қўядиган нарсалардан узоқда бўлиш керак. Рўзадор одам ҳар бир на динига на дунёсига фойда келтирмайдиган нарсаларни тарк қилиши керак. Агар бир киши рўзадор бўлсаю, лекин бировлар урушса, бировни ғийбат қилса, чақимчилик қилса ва бошқа фисқу-фасод ишларни қилиб юрса унинг емоқ-ичмагини тарк қилмоқлигига Аллоҳнинг муҳтожлиги йўқдир. Хулоса қилиб айтганда рўза динимиз учун ҳам дунёмиз учун соғлигимиз учун ҳам кони фойда бўлган ибодатдир.

Қ.Машарипов

Урганч шаҳар Мискин бобо масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *