ИСЛОМДА АДАШГАНЛАР ВА ЕТИМЛАРГА МЕҲР КЎРСАТИШ

Муқаддас ислом динида тўғри йўлдан адашган кимсаларга яхшилик қилиш батафсил буюрилган. Аллоҳ таоло ўз бандаларини доимо хайру саховатли бўлишга буюради. Сахийлик инсонга бахт-саодат келтирадиган ва ўзгаларнинг севимли кишисига айлантирадиган хислатдир. Меҳр-мурувват, ҳамжиҳатлик, сахийлик халқимиз ардоқлаган, асрлар оша амал қилиб келаётган гўзал фазилат ҳамдир. Хайр-саховат, сахийлик инсонлар ўртасида меҳр-оқибат ришталарининг мустаҳкамланишига, ўзаро ҳурмат ва тотувликнинг ортишига хизмат қилади.

2019 йилдан буён амалга оширилаётган «Меҳр» инсонпарварлик операцияси турли сабаблар билан уруш бўлаётган мамлакатларга бориб қолган юзлаб ватандошларимиз юртга қайтарилган эди. Яқинда Суриядан ватанимизга «Меҳр-5» операцияси доирасида навбатдаги ватандошлар олиб келинди. Бир қатор ҳамкор давлатлар кўмаги билан амалга оширилган «Меҳр-5» операцияси натижасида Сурия ҳудудидаги уруш кетаётган «қайноқ нуқталарга» бориб қолган 3 йилдан ортиқ вақт давомида ушлаб турилган 24 нафар аёл ва 69 нафар болалар Ўзбекистонга қайтарилди. Шунингдек, Ўзбекистонга олиб келинган болалар орасида ҳам отасини, ҳам онасини йўқотган 7 нафар чин етим бола бор.

Тўғри йўлдан адашган ва етимларга ёрдам бериш ниҳоятда савобли иш. Агар унга бепарво қаралса, камситилса, разолат ва жиноят кўчасига кириб, ўзи яшаётган жамиятга фақат зарар келтирувчи шахсга айланади. Адашганларга яхшилик қилувчиларга катта ваъдалар эълон қилинган. Боқувчисиз қолган етим болалар жамиятда алоҳида эътиборга сазовор аъзолардир, ояти каримада ана ўшалар ҳақида савол берилмоқда.

 «Сендан етимлар ҳақида сўрарлар», деяпти Аллоҳ таоло. Ва жавобдан савол етимларга бўладиган муомала, уларнинг мерос олган молларига қандай муносабатда бўлиш ҳақида экани маълум бўлади. Чунки оятда: «Уларга ислоҳ қилиш яхшидир, деб айт», дейиляпти.

Етимларга ислоҳ (яхшилик) қилишда хайри барака бор. Етимларга яхши қараш ҳар бир жамиятдаги ижтимоий тенгликнинг муҳим омилларидан биридир.

Ҳурматли азизлар, ҳар бир инсон одоби аҳлоқи, ҳусни ҳулқи билан чиройли умр ўтказса ана шу инсонда яхшиликдан, мусулмончиликдан насибаси бор десак муболаға бўлмайди.

Аллоҳ таоло барчаларимизга чиройли ҳаёт кечиришлигимизни насиб қилсин.

С.Сапаев

Хива тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *