ТАРОЗИГА ХИЁНАТ ҚИЛМАНГ

Ҳаёт тақозоси билан инсонлар доимо бир-бирлари билан турли хил молиявий муомала қилишга муҳтождирлар. Лекин бу алоқада мақсадни ҳалол йўллар билан амалга ошириш, ҳаром йуллардан четланиш ва бошқаларнинг ҳақ-ҳуқуқларига тажовуз қилмаслик лозим. Ислом дини савдо-сотиқда ҳалол бўлишни тарғиб этади. Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда ушбу масалага кенг ўрин берилиши бежиз эмас.

Шариатда вазн ва ўлчов билан бўладиган савдода хиёнат этмаслик ва олувчи ҳам ўлчовдан кўпроқ олишни талаб қилмаслиги лозим. Чунки ислом дини ўзининг дастлабки кунларидан бошлабоқ бировнинг ҳаққини ҳаромдан ейишга қарши қаттиқ курашган. Аллоҳ таоло ўлчовдан уриб қолувчилар дўзахга тушиб, ҳоли вой бўлишини эълон қилган. Қуръони каримнинг  Мутоффифун сурасида бу масала очиқ ойдин баён қилинган: “(Савдо-сотиқда ўлчов ва тарозидан) уриб қолувчи кимсалар ҳолига вой! Улар одамлардан (бирор нарсани) ўлчаб олган вақтларида тўла қилиб оладиган, уларга ўлчаб ёки тортиб берган вақтларида эса уриб қоладиган кимсалардир. Улар (ўлгандан кейин) қайта тирилувчи эканларини ўйламайдиларми. Улуғ кунда (қиёматда) – одамлар (бутун)оламлар Парвардигори ҳузурида (ҳисоб-китоб бериш учун) тик турадиган кунда?!” (Мутоффифин сураси, 1-6 оятлари).

Мазкур оятларда кишилар ҳақидан уриб қолувчи фирибгарлар ҳақида сўз юритилган. Улар тарозими, литрми ёки бошқача ўлчовми, ўзлари олаётганларида тўлиқ ва ортиқча оладилар, аммо харидорларга ўлчаб бераётганда эса, кам берадилар. Уларнинг бу қилмишлари Аллоҳдан, Қиёмат кунидан қўрқмаслик аломатидир. Лекин, ушбу оятда улар охиратда бу қилмишлари учун ҳисоб-китобга тортилиши аниқ экани ҳақида огоҳлантирилмоқда.

Имом Розий раҳматуллоҳи алайҳ шундай деган: Аллоҳ таоло ушбу оятларда ўлчовдан уриб қоладиганларга бир неча таҳдидларни жамлаган:

1.Уларга вайл бўлсин, дейилди. (Яъни, уларнинг ҳолига вой бўлсин, уларга дўзахнинг Вайл водийси бўлсин!)

  1. Қайта тирилишни ўйламайдиларми?, деб, савол тариқасида қайта тирилганда сўроқ-саволга тутилишини эслатиб қўйилди.

3.Улуғ кунда, деб Қиёмат куни билан огоҳлантирилди. Аллоҳ таолонинг Ўзи у кунни улуғ куни дейиши бу катта огоҳлантиришдир.

4.Тик турадиган кунда, деб, “ҳали тик туриб жавоб берасан”, дейилди.

Оламларнинг Роббиси ҳузурида жавоб берасан дейилди. Ҳа, оддий одамларга эмас, Оламлар Раббисига жавоб берасан, дейилди.

Тарозига хиёнат қилувчиларга бундан ортиқ таҳдид борми???

     Улар ҳалоллик, поклик билан савдогарликларини қилсалар, энг баракали касбни қилган бўлар эдилар. Кўп фойда топар эдилар. Аммо, улар очкўз, еб тўймас шахсларга айланиб колганлар. Шунинг учун, савдодан тушган фойдани еб ҳам тўймасдан, ўлчовдан уриб қолиб —ялаб тўймокчи бўладилар.

Улар кишилардан нарса ўлчаб олаётганларида заррача ҳам камайтирмасдан, иложи бўлса, бир оз ортиқ ўлчаб олишга уринадилар. Ўзлари бировга ўлчаб ёки тортиб берганларида эса, камайтириб берадилар. Ана ўшалар шу йул билан фойда кўрмоқчи бўладилар. Эҳтимол  улар бу беш кунлик дунёда қўлга тушмай, қилган жиноятларининг жазосини тортмай қутулиб кетадилар. Аммо қиёматда барча халойиқ Роббул оламийн ҳузурида тик туриб бу дунёда қилган заррача амаллари ҳақида ҳам ҳисоб-китоб берадилар. Ана шунда бу дунёда ўлчовдан уриб қолганлар нима қиладилар?

Х.Аҳмедов

Шовот тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *