ТИНЧЛИК ХОТИРЖАМЛИК – ЭНГ ОЛИЙ НЕЪМАТ!

Шукр қилиш – бу оддий сўзларнинг замирида қандай қийинчиликлар ва қандай мукофотлар борлигини англаб етиш вақти келди. Тинчликнинг, тўкин-сочин яшашнинг, бемалол кўчада юришнинг, қон-қариндош ва ота-онанинг ҳолидан бемалол ҳоҳлаган вақтда хабар олишнинг, ҳамда ,энг асосийси, ҳеч қандай тўсиқларсиз нафас олишнинг қадрига етадиган вақт келди. Шундай оддий ва бебаҳо неъматлар учун охирги марта қачон чин дилдан шукр қилиб, Аллоҳга ҳамд айтдик? Демак, ҳали фурсат бор…

         Биз қадрига етмаган, уриб-сўкиб ҳақорат қилган шифокорларимиз ва тиббиёт ходимларимиз, юртимиз посбонлари-ю ,ҳарбий ходимларимиз – Сизлар биз учун бу кўзга кўринмас ёв – коронавирус вабоси билан мардона кураш олиб бормоқдасиз. Сизларнинг олдингизда таъзимдамиз ва Аллоҳ Сизларни ва оилаларингизни ўз паноҳида асрашини сўраймиз.

         Бу  синовли кунларни биргаликда енгиб ўтамиз, иншааллоҳ. Муҳтарам юртбошимиз ташаббуслари билан чет эллардаги фуқароларимиз чартер рейслари билан олиб келинди ва карантинга юртимизнинг энг баҳаво саноторийларига жойлаштирилди. Буларнинг барчаси эса, энг аввало, шу фуқароларимиз ва уларнинг оила аъзолари саломатлиги ҳамда хавфсизлиги учун қилинган саъй-ҳаракатдир. Шундай оғир пайтларда Давлат томонидан яратилган қулайликларга қарамасдан карантин ҳудудидан қочганлар ва қочмоқчи бўлганларга айтар сўзимиз:”Сиз ота-онангиз ва фарзандингизнинг ва ёки рафиқангизу ака-укангизнинг саломатлигини ўйланг, сўнгги пушаймон – ўзингга душман”- деб бекорга айтилмаган.

         Мақоламизни қуйида бир ажойиб ривоят билан тугатишга қарор қилдик, ўзингизни эҳтиёт қилинг азиз биродарим!!!

         Шайхул-араб вал-ажам, Ҳазрати Мавлоно Шоҳ Ҳаким Муҳаммад Ахтар раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар:

«Ҳакимул уммат, Ҳазрати Мавлоно Ашраф Али Таҳановий  раҳматуллоҳи алайҳ Сарвари олам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳаббатларида бир китоб ёздилар. Унинг номи «Нашрут-тийби фий зикрин Набиййил Ҳабийби соллаллоҳу алайҳи васаллам»дир. Бу китоб Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ишқларида ғарқ бўлиб ёзилгандир. Бундан маълум бўладики, унинг мусаннифи Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга жуда катта ошиқ эди. Ҳазрати Таҳановий раҳматуллоҳи алайҳ Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фазилатлари ҳақида бу китобни ёзаётган вақтларида, Тҳана Бҳунда вабо тарқалган эди. Китобни ёзган кунлари шаҳарчада бирор ўлим бўлмас эди  ва ёзишдан тўхтаган кунлари бир неча ўлим бўлар эди.

Ҳазратга тинимсиз бундай хабарлар етавергач, у киши ҳар куни ёза бошладилар. Ҳар куни Сарвари олам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фазилатлари ва шаънларини ёза бошлаганларида, у ерда вабо буткул тугади. Шунга кўра, дуруди шариф (салавот)ни кўп айтишлик, балоларни даф бўлиши учун ҳам гўзал чорадир ва бир дуруди шарифга ўнта даража кўтарилади, ўнта яхшилик ёзилади ва ўнта гуноҳ авф қилинади ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳаббат ҳақлари адо бўлади».

«Одоби ишқи Расул соллаллоҳу алайҳи васаллам» китобидан.

(Абдулқайюм Комил таржимаси)

 

Р.Искандарова 

Янгиариқ тумани Фахрий отинойиси 

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *