ШАВВОЛ ОЙИНИНГ ФАЗИЛАТИ

Ҳижрий-қамарий тақвимнинг ўнинчи ойи шаввол ойидир. Куни кеча муборак Рамазон ойи билан хайрлашиб, мана шаввол ойини ҳам бошлаб юбордик. Бу ой динимиздаги фазилатли ойлардан бири бўлиб ҳисобланади. Шаввол ойи ҳаж ибодатига тайёргарлик қилиш мавсуми саналади.

Бу ойда соғлиғи ва имкони бўлган киши нафл рўзасини тутса, кўплаб ажру мукофотларни берилиши ваъда қилинган. Азиз биродарларим билингки Аллоҳ таолога доимий итоатли бўлишлик ва нафсингизни доимо тарбиялаб боришлик сиздан ҳар доим талаб қилинган амалдир. Мана шу нафс тарбияси учун Аллоҳ таоло ибодатларни йўлга қўйган. Бу ибодатларга қанчалик берилган бўлсангиз нафсингиз тарбияси шунчалик юксалади, қанчалик эътиборсиз бўлсангиз бу тарбиядан узоқ бўласиз. Шунинг учун Аллоҳ таоло учун холис тоат ибодатда бўлганлар энг қалби юмшоқ, солиҳ инсонлар бўлади. Аммо гуноҳлар ва маъсиятлар аҳллари эса қалблари қаттиқ инсонлар бўлишади.
Рўза эса қалбни ҳар-хил касалликлардан тозаловчи амалдир. Шу сабабли Рамазон ойи қалбларни тозаловчи ойдир. Бу рўзадор учун иймонга тўла қалб билан чиқиши учун оладиган улкан фойдасидур. Бу қалб уни бошқа амалларни бажаришга ундайди. Бу амаллардан бири шаввол ойининг олти кунида рўза тутишдир.
Шаввол ойининг олти кунида рўза тутиш фазилатлари:
Абу Айюб Ал-Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Ким Рамазон рўзасини тутиб, кетидан Шавволдан олти кун рўза тутса, йил бўйи рўза тутгандек бўлади”- дедилар». (Муслим ривоят қилган).

Бу олти кунлик рўзани Рамазон ҳайитининг эртасидан бошлаб тутиш мумкин. Шунингдек Шаввол ойи давомида тутса ҳам бўлади.

Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ дедилар “Уламолар дедилар: Бу нарса худди бир йил рўза тутганга ўхшатилди, чунки битта яхшилик ўн баробарига кўпайтирилади. Бу борада Аллоҳ таола Анъом сурасида марҳамат қилади.

Ким бир яхшилик қилса, унга ўн барабар қайтарилур.

 Рамазон ўн ой савобига тенг ва олти кун эса икки ойга”. (Бу Насаий китобида марфуъ ҳадисда ва Муслимнинг Нававий шарҳида келган).

Суфёни Саврий(р.а.) щундай деб ривоят киладилар: “Ҳаж тавофи учун Маккага бориб, у ерда уч йил қолиб кетдим. Бу вақт ичида Маккалик бир одам ҳар куни Байтуллоҳга келиб, зиёрат қиларди ва менга салом берарди. У билан улфат бўлдим. У касал бўлиб, мени чақириб шундай васият қилди: «Ажалим етганга ўхшайди. Илтимосим шуки, вафотимдан кейин мени ўзинг ювиб, дафн этгин». У вафот этди, уни ювиб, дафн этдим. Мункар ва Накир савол қилганда кўмаклашиш учун кечаси унинг қабри тепасида қолдим. Ғойибдан овоз келди: «Ё Суфёни Саврий, бу майит менинг химоямда бўлиб, сенинг ёрдамишга муҳтож эмас». Муножот қилдим: «Илоҳо, қайси хислати билан бу даражага етишди». Нидо келдики: «Эй Суфёни Саврий, бу одам ҳар йили Рамазон ойининг рўзасидан кейин, Шаввол ойида олти кун рўза тутар эди».

Ибни Умар(р.а.) ривоят қиладилар, Расулаллоҳ(с.а.в.) дедилар: «Рамазон ойининг рўзасидан кейин, Шаввол ойида олти кун кетма-кет рўза тутган одам онадан янги туғилгандек гуноҳлардан пок бўлади».

Рамазон рўзасидан сўнг рўза тутишни одат қилиш рамазон рўзасини қабул бўлганлиги аломатидандир, чунки Аллоҳ бир бандани амалини қабул қилса у амал кетидан яна бир солиҳ амалга муваффақ қилади.
Муборак Рамазон ойидан кейинги Шаввол ойининг фазилати ва сабабидан имон ва эътиқод ила олти кун нафл рўзасини тутиб, савобли ишларимизни янада кўпайтирайлик. Аллоҳ таоло қилган тоат ва ибодатларимизни, савобли амалларимизни ва тутган нафл рўзаларимизни қабул айласин. Барчаларимизни икки дунё саодатига мушарраф айласин, омин!

Х.Аҳмедов

Шовот тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *