АҚИДАПАРАСТЛАРНИНГ НАЙРАНГЛАРИ

Кейинги вақтларда мамлакатимиздаги айрим мутаассиб кучлар оиласи ва юртида тинч-омон яшаб келаётган мўмин-мусулмонларни, айниқса, ҳали ҳаётий тажрибаси оз бўлган ғўр ёшларимизни ўзларининг жирканч мақсадлари сари тарғиб этиб, гўёки “ҳижрат”га чиқиш, ислом йўлида “шаҳид” бўлиш даъвоси билан қонли, қуролли тўқнашувлар содир бўлаётган юртларга жўнатишга қаратилган хатти-харакатларга қўл ураётганлари кузатилмоқда.

Шу маънода ҳижрат тўғрисида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир қатор кўрсатмалар баён қилинган. Жумладан, Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда У зот: “Тили ва қўлидан мусулмонлар саломат бўлган инсон ҳақиқий мусулмондир. Аллоҳ таоло қайтарган нарсаларни тарк қилган инсон ҳақиқий муҳожирдир”, — деганлар.

Сизу биз обод ва озод Ватанда яшаб келмоқдамиз. Юртимиздаги тинчлик ва фаровонлик кўзларимизни қувонтиради. Лекин, таассуфки мамлакатимиз тинчлигини кўра олмайдиган қора кучларнинг борлиги барчамизни ҳамиша ҳушёр ва огоҳ бўлишга чорлайди. Бугунги кунда турли ақидапараст гуруҳлар “ҳижрат” тушунчасини ўзларининг мафкуравий қарашларига мослаштириб талқин қилмоқдалар ва дин борасида тасаввури саёз бўлган юртдошларимизни ҳам ўз домларига тортишга уринмоқдалар. Бу кучлар дунёнинг нотинчлик ҳукм сураётган ва ўзлари қўним топган минтақаларида мутаассиб шахсларни бир жойга жамлаш, шу орқали жирканч ва қабиҳ мақсадларини амалга оширишни режалаштирган. Хусусан, улар илм-маърифатдан йироқ, жоҳил кимсаларни ўз атрофига тўплашга интилиб, уларни ислом диёри бўлган, азон айтилиб, жума ва ҳайит намозлари ўқиладиган, исломнинг беш арконлари эмин-эркин адо этилиб, мусулмончилик амалда бўлган, тинчлик-хотиржамлик хукм сураётган ватанини тарк этишга тарғиб қилмоқда. Лекин, биз мўмин-мусулмонлар шуни яхши билишимиз керакки, ўз юртини ташлаб, ўзга юртларда сарсон-саргардон бўлиш, ўзи каби манқурт шахслар билан бирлашиб, ота-онаси, фарзандлари олдидаги бурч ва вазифаларини унутиш, киндик қони тўкилган она юртига қурол кўтариш айни ислом таълимотига зиддир. Динимиз таълимоти буни қаттиқ қоралайди.

Кўплаб манбаларда ислом факихлари томонидан мусулмон шахснинг тинч-осойишта ҳаётда бўлса ҳам ўзини-ўзи ўлдириш у ёқда турсин, ўзига ўлим тилашлиги ҳам қоралангани, хатто душман билан бўлган курашларда ўзини ўлдирилишига имкон туғдирмаслиги лозимлиги таъкидланади.

Аллоҳ таоло Қурьони карим “Нисо” сурасининг 93-оятида қуйидагича марҳамат қилган: “Ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннам бўлиб, ўша жойда абадий қолажак. Ва у Аллоҳнинг ғазаби ва лаънатига дучор бўлган, Аллоҳ унинг учун улуғ азобни тайёрлаб қўйгандир».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўзини бирор нарса сабабидан ўлдирган шахс, албатта жаҳаннамда абадий, доимий азобланади”, — деб марҳамат қилганлар (Имом Бухорий ривояти).

Арзимаган дунё матоҳларини деб тинч осойишта Ватанини тарк қилиш, ватандошларини соф исломий эътиқоддан адаштириш, масжидларни, муқаддас ислом қадамжоларини портлатиш, мусулмонларни ўлдириш, жаннат райхонлари бўлган ёш гўдакларни нобуд қилиш  билан Аллоҳ ризолигига эришиш мумкин бўлса? Аксинча, мўмин – мусулмонларни бехаловат қилувчи, ота-онани фарзанддан айирувчи, баданларига портловчи моддаларни боғлаб олиб, жамоат жойларида ўзларини портлатиб юборган кимсаларни “ислом душманлари”, “юрт хоинлари” дейиш мумкин. Албатта, соғлом ақлли, соф виждонли ҳар қандай инсон бу каби ҳаракатларни кескин қоралайди.

Ислом ҳар бир мўминнинг зиммасига мусулмонлар бирдамлиги, ўзаро ҳамдард ва якдил бўлиб, ихтилоф ва бўлинишлар, бузғунчиликка барҳам бериш вазифасини юклайди. Бу борада Аллоҳ таоло ўзининг каломида шундай марҳамат қилган:

 “(Ўзаро) талашиб-тортишмангизки, у ҳолда сустлашиб, куч-қувватингиз кетур” (Анфол сураси, 46-оят).

Шунингдек, Пайғамбаримнз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида: “Қайси бирингиз тонгда уйқудан ўйғонганда оиласи тинч, тани соғ ва уйида бир кунлик егулиги бўлса, билсинки, унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан” — деганлар (Имом Термизий ривояти),

Яратган Парвардигор Қуръони каримда тинчликни сақлаш ва қадрлаш вазифасини инсон зиммасига юклаб, Ислом дини тинчликка тарғиб қилишини, шайтоний йўлларга эргашмаслик лозимлигини таъкидлаб, шундай хитоб қилган:

“Эй, имон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришингиз…! (Бақара сураси, 208-оят).

Аллоҳ таоло беҳисоб неъматлари қатори тинчлик каби улуғ неъматни бизларга ато этиб қўйган экан, биз ҳамиша бунинг шукрини қилайлик, бу улуғ неъматнинг қадрига етиб, тинчлигимизнинг барқарор бўлишига бел боғлайлик. Айниқса, фарзандларимизни, аёлларимиз, оиламизни мутаассиб шахсларнинг сохта ғоя ва алдовларидан асрашга алоҳида эътибор қаратайлик.

Парвардигор барчаларимизни тинчлик ва эзгулик йўлида ҳамкорлик қиладиган, ғанимларимиз фитнасига лоқайд бўлмайдиган, теран фикрли, фаол ва маърифатли мусулмонлардан бўлишимизни муяссар айласин. Аллоҳ таоло ватанимиз тинчлигини барқарор ва халқимиз ҳаётини бундан ҳам фаровон қилсин. Солиҳ амалларни қилиб Ўзининг розилигини топишимизда барчамизга мададкор бўлсин!

                       

Х.Юсупов

Урганч тумани “Жон Хорош бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *